«Ҳақ олинур, берилмас»​ — ​Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига бағишланган китоблар кўргазмаси очилди

2020-01-29T06:17:08+05:0029 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Ўзбекистон» ўқув залида таниқли маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракати вакилларидан бири, ношир ва сиёсатчи, ўзбек драматургияси асосчиси бўлмиш Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига бағишланган китобларнинг иллюстратив кўргазмаси очилди.

Кўргазмада маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи асарлар ва китоблар тақдим этилган.

Беҳбудий 1875 йилда Самарқандда туғилган. Адабиёт ва тарих, сиёсат билан жиддий шуғулланган. Газета ва журналлар орқали дунёда юз бераётган воқеалар билан танишиб борган. Маккани зиёрат қилиш мақсадида араб тили, тарих ва ислом назариясини ўрганган.

Маҳмудхўжанинг дунёқарашини шакллантиришда ХХ аср бошларида юз берган тарихий воқеалар катта роль ўйнайди. Беҳбудий Самарқандда нашр этилган «Ойина» журнали асосчиси бўлган. 1912-1913 йилларда Беҳбудий «Самарқанд» газетасини ўзбек ва тожик тилларида чоп этиш устида иш олиб борган. У хорижий мамлакатларга уюштирган сафарларидан янги типдаги мактаблар учун энг яхши маърифий китоблар ва ўқув қўлланмалар олиб келади. Мусулмон мактабларида янги ўқиш услубини, қатор совет фанларини жорий этиш учун курашган.

Тез орада у маърифатпарвар деб тан олинади ва халқнинг ҳурматига сазовор бўлади. Юксак маданиятли, кўплаб хорижий тилларда эркин сўзлаша оладиган Беҳбудий умуминсоний маданий қадриятларнинг чинакам тарғиботчиси бўлган.

1911 йилда Самарқандда ўзбек тилида чиққан «Падаркуш» драмаси Беҳбудий ёзувчилик маҳоратининг энг юксак чўққисидир. Ушбу драма ўзбек драматургияси ва миллий театр санъати шаклланишининг асоси ҳисобланади.

Маҳмудхўжа ўзбек ва тожик тилларида чоп этилган 200 дан зиёд мақола муаллифидир. Хусусан, «Мунтахаби жуғрофияи умумий» – «Қисқача умумий жуғрофия» (1903), «Китоб-ул-атфол» – «Болалар учун китоб» (1904) ва бошқалар шулар жумласидандир.

Н.УСМОНОВА, ЎзА