“Жанубий Қозоғистон”: Мамлакатда ўзбек тилида чоп этиладиган нашрлар сарбони

2020-01-28T08:05:06+05:0028 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

“Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси Қозоғистонда ўзбек тилида чоп этиладиган сиёсий, ижтимоий нашрлардан саналади.

Таниқли шоир, моҳир журналист, мазкур нашр бўлим мудири Зокиржон Мўминжонов газета тарихи, бугунги кундаги маънавий-маърифий қиёфаси ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– Туркистон вилоятидаги отахон нашр – “Жанубий Қозоғистон” газетаси давр билан ҳамнафас, мазмунли ҳамда шарафли йўлни босиб ўтди.

Газетанинг Қозоғистон мустақиллиги билан тенгдош илк сони 1991 йил 5 апрелда ўқувчилар қўлига етиб борган. Газетамиз Қозоғистоннинг тарихий солномасини яратишга баракали ва салмоқли ҳисса қўшиб келаётир. “Жанубий Қозоғистон” мамлакатда ўзбек тилида чоп этиладиган нашрлар сарбони, деб тан олинган ва жамоамиз бу ҳақли эътирофга муносиб бўлиш йўлида тинимсиз изланишда.

Газета мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини Қозоғистон ўзбекларига етказиш йўлида самарали тарғибот воситаси сифатида халқимиз ишончини қозониб келмоқда. Шу мақсадда газетамиз саҳифаларида жамият барқарорлиги, этнослараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик доимий тарғиб ва ташвиқ қилинган, халқларимиз бирлиги, инсоний қадриятлар акс этган мақолалар чоп этилади. Шунингдек, Президент ва ҳукуматнинг фаолиятига доир барча муҳим ҳужжатлар, сиёсий мақолалар таржима қилиниб, муштарийларга ўз вақтида етказилади. Туркистон вилояти ҳокими Ў.Шўкеевнинг кўламдор фаолияти, шаҳарлар ҳамда туманлардаги ижтимоий-сиёсий янгиликлар ҳам мунтазам чоп этилмоқда.

Бу йўлда газетани турли йилларда бошқарган Собиржон Юсуфалиев, Ҳавазмат Қўчқоров, Фахриддин Қоратоев, Муроджон Абубакиров каби таниқли шахсларнинг хизматлари катта. Бугунги кунда бу масъулиятли ишни Алишер Сотволдиев давом етказмоқда.

Газета кўплаб ижодкорларни тарбиялаб, вояга етказган, катта ҳаётга йўлланма берган ижодий устахона ҳамдир. Бугунги кунда Ирисали Жуманов, Иброҳим Ҳуккиев, Ислом Абдунабиев, Ислом Ниёзалиев, Авазхон Бўронбоев, Баҳорой Дўсматова, Абдумалик Сармонов, Хуршид Қўчқоров, Мухтабар Усмонова, Мунира Саъдуллаева, Шахноза Усмонова, Дилбар Зиёматова, Саодат Шарифбоева, Малика Элтоева, Шоҳиста Тошпўлатова каби қаламкашларнинг номи кўпчиликка яхши таниш.

“Жанубий Қозоғистон” газетаси ҳозирги кунда қарийб 13 минг нусхада чоп этилмоқда.

 

ЎзА мухбири

Озода БЕКМУРОДОВА

ёзиб олди.

Тошкент – Чимкент – Тошкент