Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатидан сўнгги ўйлар

2020-01-28T06:02:14+05:0028 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|
  1. Ислоҳотлар ташаббускори бўла оламизми?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасини кутмаган, уни эшитмаган, тинглаганда ҳаяжонланмаган одам бўлмаса керак.

Юртбошимиз “Жамият – ислоҳотларнинг ташаббускори” деган даъватни илгари сурдилар. Айни шундай бўлиши керак. Аммо мен, Сиз ёки у ҳам ислоҳотлар ташаббускори бўлолмадик. Жа бўлмаса ўз жамоамиз ютуқларини кўпайтириш, муаммоларни бартараф этишда собит эмасмиз. Афсус! Юртбошимиз илм ва тарбия масалаларини илгари сурар эканлар
2020 йилни – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эътироф этдилар. Залда жонланиш, студияларда қарсаклар. Аммо билсак, бу қарсаклар хар биримизнинг масъулиятимизни юз чандон, балки минг чандон оширади. Ҳушёр бўлайлик.

“Ёшликдаги билим тошга ўйилган битик” дейилганидай мактабгача таълим 6 ёшгача давом этиши айтилиб, энди 6 ёшдан умумтаълим мактабига йўл очилди. Олий таълимда давлат грантлари икки баробарга кўпайтирилиши ҳаммани бирдай қувонтирди. Энди энг муҳим фанларга йиллар давомида тадрижий эътибор қаратиладиган бўлди. Бу йил математика, химия, биология, геология фанларига алоҳида эътибор бериладиган, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 дан зиёд мутахассислармиз чет эл билим даргоҳларига юбориладиган бўлди (!) 1 млн. нафар дастурчи-лойиҳачи тайёрланаётганини эшитиб кўзларим порлаб кетди.

  1. “Коррупция – ёвуз бало!”

Юртбошимиз ўз мурожаатларида ҳалқимиз дилидаги орзу умидлари ҳақида гапирдилар. Азал-азалдан порахўрлик ёки коррупцияга қарши кураш тўғрисида сўз борса-да, бу гал “Коррупция – ёвуз бало!” деган халқона сўз ишлатилди. Журналист эмасманми, жамият танасидаги бу доғ қачон йўқолиши ҳақида кўп ўйлаганман. Шунинг учун жамият ривожини ортга сурган бу офат ҳақида авваллари фельетонлар ҳам ёзганман: “Бензоколонка юлғичлари”, “Ошна-оғайнигарчилик гирдобида”, “Адолатсизлик, ўкинч, ҳақиқат!”.

Бу мақолалар “қаҳрамонлари” ўша вақтда жиноий жавобгарликка тортилишган ва менга ғаним бўлиб қолишганди. Тақдир экан, нима ҳам деймиз!

Мурожаатда яширин иқтисодиётга қарши курашга алоҳида эътибор қаратилди. Дарвоқе, бюджет маблағлари хисобига хотамтойлик қилган мутасаддиларни кўп кўрганман. Уларнинг жиноий ишлари тўғрисида ўқиганман.

Президентимиз ҳали қулоқ эшитмаган, ҳаёлга ҳам келмаган “Давлат молиявий назорати” ва бошқа бир қатор қонунлар яратилиши фикрини билдирдилар. Қолаверса, коррупцияга қарши курашни изчил, тизимли олиб бориш учун алоҳида орган ташкил этилиши, у фақат Олий Мажлис Сенати ва Президент олдида хисобдор бўлиши халқ ва давлат учун кони фойда. Эътиборлиси яна шундаки, “Жамоатчилик назорат палатаси” тузишни ҳам таклиф этдилар. Бу таклифлар амалга оширилади ва оҳир оқибат ҳар бир ўзбекистонлик ҳаёти янада нурли бўлади.

  1. Солиқ юки камаяверади

Президентимиз солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш тадбиркорлар ҳаражатларининг бир қисмини давлат қоплаб бериши сингари мутлақо кутилмаган ғояларни илгари сурдилар. Дарҳақиқат солиқ тизимини ислоҳ қилишда катта ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Асосий мақсад тенглик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик принципларига асосланган янги солиқ тизимини яратишга қаратилган.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ташкилотлар мутахассислари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича энг катта ютуқларга эришган 20 та давлатлар қаторига кирди.

Солиқлар ва йиғимларнинг сони ва турлари, шунингдек, алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилди. Солиқларнинг 9 тури, катта бўлмаган корхоналар учун (1 млрд.сўмгача обороти билан) эса айланмадан солиқ кўринишидаги алоҳида солиқ режими сақланиб қолинди.

Солиқ органларининг устувор вазифалари сифатида солиқ тўловчилар билан ҳамкорлик асосида иш юритиш принципи киритилди. Яъни, солиқ органлари солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шартлиги белгилаб қўйилди.

Ортиқча тўланган солиқ суммаларини ўз вақтида қайтарилмаганлиги ёки солиқ органлари томонидан асоссиз ундирилганлиги учун, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида бюджетдан солиқ тўловчиларга фоиз тўлаш белгиланди.

Депутатларга берилган ваколатларни янада оширган ҳолда, маҳаллий бюджетга тушадиган солиқлар бўйича қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини бериш халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тақдим этилиши белгиланди.

  1. Ватан ичра ватан бўлсин!

Азал-азалдан уй-жой муаммоси барча мамлакатлар ва халқлар ҳаётида ечими йўқдай эди. Кейинги уч йил давомида Ўзбекистонимизда бу соҳада олиб борилаётган ишлар боис осмонўпар бинолар қад ростлади. Олис қишлоқларда ҳар кимнинг ўз ҳолига яраша турар-жойлар қурилмоқда. Бу бунёдкорлик асосан хусусий сектор томонидан яратилиши ҳақида гап борди.

Юртбошимиз “Ватан ичра ватани – уй-жойи бўлса халқ ҳам, Яратган ҳам биздан рози бўлади!” деганларида кўзимиз қувончдан ёшланди. Айниқса кам таъминланганлар 12-15 фоизни ташкил этиши, бу дегани 4-5 млн. одам камбағалчилик касридан қийналаётгани, камбағал тушунчасини камайтириб бориш ҳаётий зарурат экани, бунда Фарғона водийсидаги 22 та қишлоқ туманлари аҳолиси учун берилган кредитлар, уларни ўз ҳаётлари фаровонлиги йўлида иш билан таъмин этилгани, бу тажриба республика қишлоқ туманларида ҳам жорий этилиши таъкидланди. Бу мақсадлар учун 700 млн.АҚШ доллари сарфланиши айтилди.

Энг муҳими ўзбекистонликлар республикамизнинг ўзи истаган жойида “прописка”дан ўтиши масаласи ўртага ташланганда зал ва студияларда алоҳида жонланиш пайдо бўлди.

Халқ ҳаёти фаровонлиги йўлида фавқулодда ечим топаётган Юртбошимизнинг “Менга садоқатли ёшлар керак, билмаганини ўзим ўргатаман” деганларида нақадар хақ эканликларига бўлган ишончимиз юз чандон ортмоқда.

  1. “Кабинетда ўтириш тугади!”

Президентимиз барча даражадаги раҳбарларга қарата айтган юқоридаги гаплари бир вақтлар хассос шоирнинг тўлиб-тошиб ёзган мисраларини ҳаёлимга келтирди. “Қучоқ очиб ҳалқ ичига борайлик!”

Бугун маҳаллалардаги вазият икки таомил асосида баҳоланадиган бўлди. Тинчлик; ободончилик! Аммо бу таомилни кун тартибида устувор сақлаш осон эмас.

Айтайлик маҳаллангизнинг боласи меҳрибонлик уйида тарбияланди.
У болалар уйи ёшидан ўтгач қаерга боради? Қаерда ишлайди? Ким унинг бошини силайди? Бу саволларни ўз-ўзимизга берсак зиммамиздаги масала янада теранроқ кўринади бизга! Бунда оила, мактаб, ёшлар иттифоқи, маҳалла, Нуроний сингари ташкилот ва кенгашлар ҳали кўп иш қилишимиз зарур.

Бу масалада эса ижтимоий ҳаётнинг, ижтимоий онгнинг қон томири биз – оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг маънода енг шимариб ишга киришишимиз лозим. Шу жиҳатдан Юртбошимиз илгари сурган “Ёшлар концепцияси”га фойдали, самара келтирадиган таклифларимизни берайлик. Азалдан “Бир болага етти маҳалла ота-она” дедигу битта бегона болага оталик қилдикми? Дарвоқе, боланинг бегонаси бўлмайди. Нима дедингиз?!

  1. “Экологик кодекс” керак!

Ҳаммамиз табиат фарзандларимиз. Атроф-муҳит онамиз, биз эса унинг фарзандлари эканмиз, нега онамиз ҳақида қайғурмаймиз. Қарийб 30-40 йил давомида Орол!, Орол! деб келдик. Ундаги қурғоқчилик ҳақида ёзилган китоб-дафтарлар, қоғозу-қаламлар, халқаро симпозиумлар оворагарчилик-ларига сув сотиб олинганда эди, Оролнинг маълум қисми сақланиб қолинармиди?! Гап кўпу иш оз. бўлди.

Муҳтарам Президентимиз бунинг ечимини ўзлари топиб бердилар: “Бу ишни бизга биров келиб қилиб бермайди! Оролни ўзимиз қутқаришимиз керак!” Бу чақириққа ўтган йили барча вилоят мардлари “Лаббай!” деб жавоб қайтардилар. Юзлаб километр, минглаб гектарларга саксовул уруғи сепилди. юзлаб тракторлар пол очиб, шўр ювишга киришилди.

Ўтган ҳафта Қорақолпоғистон Республикаси ёшлари Ўзбекистон байроғи остида яна бунёдкорлик ишини бошладилар. Ўртадаги машъала қаҳратон қишнинг совуғини кесиб тургандай. Ёнаётган машъала қорақолпоғистонлик ёшларнинг юраги ёниб тургандай! Ёшлар шижоати ва ғайрати абадий бўлсин.

Юртбошимиз келгусида яратиладиган “Экологик кодекс” юзасидан Экопартиядан сайланган депутатларга қимматли тавсиялар бердилар.

  1. Олдингизда хисобдормиз депутатлар!

“ – Республика вазирликлари ва идоралари, Олий Мажлисда хисобот беришадию, нега вилоят бошқармалари вилоят Кенгашлари олдида хисобот бермайдилар?!”

Юртбошимиз бу ҳаққоний талабни қўйганларида атрофимдаги вилоят бошқарма, идора ва ташкилотлар раҳбарлари бир “қўзғолиб” олишди. Уларни тушунса бўлади. Негаки, улар орасида “ўзини хон, кўланкасини майдон” дегувчилар, “бу тизимда мендан ақлли, тажрибали, доноси йўқ” дегувчилари ҳам йўқ эмасда…

Президентимиз тил учидаги дил тубидаги гапни айтдилар. Нега “тил учида” деяпман. Халқда “Тилимни учида турибдию, айтолмаяпман” деган жумла ишлатилади. Мен ҳам доимо тараддудланганман, аммо айта олмаганман.

Ҳар гал вилоят ҳокимлигига кирганимда иш кўплигидан, талаб зўрлигидан бу ердаги катта-кичик лавозимдаги шахслар ҳотиржам эмасликларини ҳис этаман. Мана энди аён бўлдики, ҳокимларнинг зиммасида 300 дан ортиқ иш бор экан. Ваколат доирасидаги бу 300 та ишнинг яна 300, балки 600 машмаси ҳам йўқ эмас.

Энди бир-бирини такрорлайдиган турли идораларга ана шу юмушларнинг ярми олиб бериладиган бўлди. Бу масалада Олий Мажлис Сенати, Адлия вазирлигига топшириқ берилди.

Шундай экан биз – вилоят ташкилотлари раҳбарлари бундан буён Кенгаш олдида хисоб беришга, Кенгаш сўрови институти талабларига тайёр туришимиз ҳам керак.

  1. Ҳалоллик вакцинаси

Икки кун аввал қабулимга ушоққина кампир кирди. Наманган шаҳридаги Меҳнатобод МФЙда яшовчи Раъно Дедаханова экан. Ёшлигида болалар уйида катта бўлган. Турмуш қуриб фарзандли ва набирали бўлган. 2002 йили
684-сонли қарор билан адирликда 768 м2 боғ яратган. Девор айлантирган, кириш эшиги қурган. Айнан унинг эгалигидаги ердан 2018 йилда 656-сонли қарор билан Рўзиева Нигинага участка ажратилган. Шаҳар қурилиш бўлими, давлат кадастр идораси муштипар кампирнинг кириш эшиги ва йўлини ҳам Рўзиевага қўшиб берган. Рўзиева участкасини кенгайтириб, боғни суриб келмоқда. “Бир-икки сотих олса олар, аммо кириш эшигимни қайтариб берсин!” деб ёзган жавобига шаҳар ҳокими ўринбосари А.Бобомирзаев “Судга беринг” деган жавобни йўллаган. Энди икки қўшни бир умр судлашиши керак. “Суд ҳоҳлаганимни қиламан” деяпти деб кўз ёш тўкди у.

Президентимиз “Суд остонасига қадам қўйган одам адолат бўлишига ишониши керак!” деганларида юз бора ҳақ эдилар. Шунингдек, улар немис файласуфи Иммануэл Кантнинг фикрини келтириш билан адолат тарозуси қўлида бўлганларни инсофга чақирдилар. Адолатсизлик, коррупцияга қарши гапира туриб, “уларни ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш” масаласини ўртага ташладилар. Аммо бундайларни қандай эмлаш мумкин?! Мана шуниси оғир. Худодан қўрқайлик, азизлар.

  1. Миллий қадриятларимиз янада қадрланади

Мурожаатда миллий қадриятларимизни қадрлашга алоҳида урғу берилди. Бу масалада “Ўзбеккино” миллий агентлигига алоҳида топшириқлар бўлди. Бу йил мақом фестивали ўтказилиши, Беҳбудий бобомиз таваллуди куни, Имом Бухорий, Нақшбандий ҳазратлари дахмалари янада обод этилиши, диний бағрикенглик, асосида илмий-амалий анжуманлар ўтказилиши белгилаб берилди.

Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан дўстона алоқаларни янада қарор топтириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш, II жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг
75 йиллигини кенг нишонлаш сингари эзгу ишлар давом эттирилиши юзасидан кенг кўламли йўлланмалар берилди.

Турли норасмий оқимларга билиб-билмай кириб қолганларни авф этиш ва уларни фаол ижтимоий ҳаётга қайтаришдек олийжаноб ҳаракатлар давом эттирилади.

Юртбошимиз уч йил аввал катта ишлар бошлаганимизни, салмоқли натижаларга эришганимизни, 2020 йил синов ва масъулиятли йил бўлишини алоҳида таъкидладилар. Шуларни тинглар эканман, қалбим ҳайқиради: “Биз Сиз билан Шавкат Миромонович!”

  1. Бор бўлгин, сўз эркинлиги!

Муҳтарам Президентимиз сўнгги уч йил ичида сўз эркинлиги, журналистлар, блогерлар учун эркин ишлаш, бунинг учун ҳуқуқий асос ва имкониятлар яратилганини таъкидладилар. Ижод аҳлини мамлакатимизда олиб бораётган жадал ислоҳотларни очиқ-ойдин ёритишга даъват этар эканлар, журналистларни қўллаб-қувватлашларини изҳор этганларида олқишловчи қарсаклар давомли бўлди.

Узоқ йиллар шу тизимда ишлаётганим, ижобий мақолалар учун раҳмат эшитганим, танқидий чиқишларим учун ўзларига душман кўрганларим, ҳаммангиз бор бўлинг. Аввало сўз эркинлиги бор бўлсин! Қаердаки, маддоҳлик ҳукм сурар экан у жамоанинг истиқболи бўлмайди. Аксинча “Танқид келажак меваси” деб билганлар бундан тўғри хулосалар ясайдилар-да, навбатдаги довонни кўзлайверадилар.

Юртбошимиз таъкидлаганларидай, Буюк давлат, Буюк халқ сифатида янада тараққий этаверамиз. Барча амаллар ниятга қараб бўлади. Пок ният билан бошланган улуғ мақсадларга албатта етамиз. Бунинг учун якдиллик керак. Якдил бўлсак ҳар қандай маррани эгаллаймиз. Тарихнинг янги саҳифаларини очамиз!

Бу чақириқлар биз учун дастуриламалдир.

Наманган вилояти ахборот ва

оммавий коммуникациялар

бошқармаси бошлиғи

Раҳимжон Ирисов.