Давлат бошлиғининг парламентга мурожаатномаси – муҳим дастурий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат

2020-01-25T07:14:33+05:0025 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январда Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига тақдим этган навбатдаги Мурожаатномасида «Демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир» деб таъкидлади.

Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида шу муносабат билан бўлиб ўтган нуфузли анжуманда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, илмий ва дипломатик доиралар, халқаро ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Президент Мурожаатномаси: дунё тажрибаси ва миллий амалиёт

Давлат бошлиғининг парламентга Мурожаатномаси – дастурий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Биринчидан, Мурожаатномада Президентнинг мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича нуқтаи назари баён қилинади.

Иккинчидан, Мурожаатнома сиёсий, иқтисодий, ғоявий-мафкуравий қоидалар билан бир қаторда, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли аниқ таклифларни ҳам ўзида акс эттиради.

Учинчидан, Президентнинг парламентга Мурожаатномаси жаҳон конституциявий амалиётида ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий институтдир.

Жаҳон парламентаризми амалиётига кўра, бундай мурожаатномаларда, бир томондан, Президент якунига етган йилда давлат ҳокимияти органлари эришган ютуқ ва натижалар ҳақида ҳисобот беради. Иккинчи томондан эса, мамлакат раҳбари янги кириб келаётган йилда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар, яъни амалиёт дастурини тақдим этади.

Дунё миқёсида олиб қаралганда, давлат бошлиғи томонидан парламентга Мурожаатнома тақдим этилиши тарихи олис ХIII асрга бориб тақалади. Шу тариқа 800 йилдан ортиқ тарихга эга ушбу давлат-ҳуқуқ анъанасига Буюк Британия Қироли (Қироличаси)нинг парламент ҳузурида шоҳона нутқ сўзлаши – “King’s/Queen’s speech” тантанаси илк намуна вазифасини ўтаган.

Шундан бери Буюк Британия парламентининг ҳар галги янги сессияси Қирол ёки Қироличанинг ана шундай “шоҳона нутқи” билан бошланиши ҳуқуқий одатга айланган. Бундай нутқ, одатда, парламентнинг яқин келажакдаги қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан Ҳукумат тавсия этган дастур ҳисобланади. Бу дастурнинг парламент томонидан тасдиқланиши амалдаги Ҳукуматга ишонч вотуми билдирилгани билан тенгдир.

Америка Қўшма Штатларида ҳам Президентнинг Конгресс ҳузурида ҳар йили Мурожаатнома билан чиқиши анъанаси мавжуд. Бу анъанага 1790 йили, яъни бундан 217 йил илгари АҚШнинг биринчи Президенти Жорж Вашингтон ўзининг Нью-Йоркда, парламент минбаридан сўзлаган батафсил нутқи билан асос солган.

Шу ўринда Қўшма Штатларда бу ҳуқуқий анъанага зид ҳолатлар юз берганини ҳам айтиб ўтиш лозим. Гап шундаки, 1801 йилда ўша пайтдаги АҚШ Президенти Томас Жефферсон демократик республикага бундай “монархча удумлар” мос келмайди, дея ҳисоблаган ва ўз Мурожаатномасини Конгрессга мактуб шаклида йўллаган.

Мактуб шаклидаги Мурожаатнома йўллаш анъанаси юз йилдан зиёд давом этгач, 1913 йилда Президент Вудро Вильсон ташаббуси асосида Конгрессга Мурожаатнома билан нутқ сўзлаш амалиёти қайта тикланган. Албатта, ХХ асрнинг иккинчи ярмига қадар ҳам АҚШда айрим Президентлар Конгрессга ўз Мурожаатларини баъзан ёзма равишда юбориб турган. Жимми Картер айни шундай йўл тутган охирги Президент ҳисобланади.

Ўша даврда АҚШда бу Мурожаатномалар “Президентнинг Конгрессга йиллик мурожаати”, деган ном билан юритилган. Франклин Рузвельт 1935 йили жорий этган ўзгартиришлар асосида АҚШ Президентининг Конгресс ҳузурида сўзлайдиган ҳар йилги нутқи эндиликда “Мамлакатдаги ҳолат тўғрисида” (State of the Union Adress), деб номланади.

АҚШ Президентининг Конгрессга ҳар йилги Мурожаатномаси қуйидаги ўзига хос жиҳатларга эга.

Биринчиси. Президент, одатда, қачон парламент ҳузурида Мурожаатнома билан нутқ сўзлайди?

Бу борадаги АҚШ амалиётига кўра, даставвал, Қўшма Штатлар Президенти Конгресс ҳузурида декабрь ойида Мурожаатнома билан чиқиш қилган. Аммо, 1933 йили АҚШ Конституциясига киритилган 20-қўшимча асосида Конгресснинг ҳар йилги иш бошлаш даври март ойидан январга кўчирилгани муносабати билан мазкур муҳим расмий тадбир январь ёки февраль ойида ўтказиладиган бўлган.

Ҳозирги кунда АҚШ Президенти, қоидага кўра, ҳар йили январь ойининг охирги сешанбасида – янги сайланган Президент эса февраль ойининг якунида – Конгресс ҳузурида Мурожаатнома билан чиқиш қилади. Айни чоғда, аниқ белгиланган регламентнинг мавжуд эмаслиги туфайли бу муддат ўзгариб ҳам туради. Масалан, АҚШ Президентининг 2008 йилдаги Мурожаатномаси январнинг охирги душанбасида тақдим этилган эди.

Иккинчиси. Давлат раҳбари айнан қаерда Мурожаатнома билан нутқ сўзлайди?

Буюк Британия тажрибасига қараганда, Қироличанинг нутқи Ҳукмдор томонидан мамлакат парламенти биносида, янги сессиянинг расмий очилиш маросимида ўқиб эшиттирилади. АҚШда ҳам бу расмий тадбир парламентнинг Вакиллар палатаси биносида бўлиб ўтади. Бунда Президент одатда Спикернинг минбаридан туриб нутқ сўзлайди.

Учинчиси. Президент кимларнинг олдида Мурожаатномасини тақдим этади?

АҚШда Президент парламент палаталарининг қўшма мажлисида Мурожаатнома билан чиқиш қилади. Бу тадбирда Вакиллар палатасининг 435 нафар депутати ва юқори палатанинг 100 нафар сенатори иштирок этади. Президент Мурожаатномасининг парламент палаталари қўшма мажлисида тингланиши – ушбу расмий давлат-ҳуқуқий тадбирининг мамлакат ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга эканидан далолат беради.

Президент Мурожаатномаси тақдим этиладиган қўшма мажлисда, шунингдек, АҚШ Олий суди судьялари, вазирлар, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг аъзолари ҳозир бўлади.

Тўртинчиси. Президент Мурожаатномасини оммавий ахборот воситаларида ёритиш борасида қандай тажриба тўпланган?

Бу саволга жавоб бериш учун яна АҚШ амалиётига таянамиз. Президент Жон Куоижнинг 1923 йилги Мурожаатномаси жаҳонда илк бор радио тўлқинлари ёрдамида тарқатилган шундай муҳим ҳужжатдир. Гарри Трумэннинг 1947 йилги нутқи эса биринчи марта телевизорда намойиш этилган Президент Мурожаатномаси ҳисобланади.

Ўз навбатида, 1965 йили АҚШ Президенти Линдон Жонсон куннинг кечки қисмида Мурожаатнома билан Конгрессда нутқ сўзлаган. Ҳозирги вақтгача кучда бўлган бу амалиётдан кўзланган мақсад, албатта, Президент Мурожаатномаси мазмунидан имкон қадар кўпроқ кишиларни оммавий ахборот воситалари орқали бевосита хабардор қилишдан иборат. Билл Клинтоннинг 1997 йилда Конгрессда сўзлаган нутқи илк маротаба Интернет тармоғи орқали эълон қилинган Мурожаатномадир.

Бугунги кунда АҚШ Президентининг Мурожаатномаси телевидение орқали тўғридан-тўғри олиб кўрсатилади ва Оқ уй маъмуриятининг махсус сайтида онлайн режимида узатилади. Шу билан бирга, Мурожаатноманинг тўлиқ матни ҳам ўша сайтда эълон қилинади.

АҚШнинг бу соҳадаги ҳуқуқий амалиётидан кўпроқ мисоллар келтираётганимизнинг сабаби шундаки, Қўшма Штатлар айни йўналишда катта ижобий тажриба тўплаган. Бинобарин, Америка Конституцияси Президентга ҳам, Конгрессга ҳам бир-бирини ҳисобга олмаган ҳолда ўта муҳим қарорларни қабул қилишига ва мамлакатни бошқаришига йўл бермайди. Бунда уларнинг ўзаро келишув, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик, яъни конституциявий “ўзаро бир-бирини тийиб туриш” принципи асосида иш олиб бориши талаб этилади.

АҚШ Конституциясининг II моддаси, 3-бўлимига мувофиқ, Президент вақти-вақти билан иттифоқ аҳволи тўғрисида Конгрессга ҳисобот бериб туради ҳамда ўзи зарур ва мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган чора-тадбирларни кўриб чиқиш учун Сенатга тақдим этади. Америкаликларнинг бу давлат-ҳуқуқий тажрибаси кейинги даврда бошқа давлатларда ҳам кенг оммалашмоқда.

Россия Федерацияси Президенти ҳар йили Федерал Мажлис ҳузурида Мурожаатнома билан чиқиш қилади. Бу ҳақда сўз борганда, собиқ совет иттифоқи сиёсий ҳаётида, СССР Президенти лавозими таъсис этилгунига қадар, парламентга Мурожаатнома тақдим этиш амалиёти умуман мавжуд бўлмаганини қайд этиш лозим.

Бундай ҳолат, ҳойнаҳой, советлар сиёсий-ҳуқуқий амалиёти ҳокимият ваколатларининг бўлиниши назариясини тан олмаганлиги билан боғлиқ. СССР Президенти институти жорий этилгач, Конституцияга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлишига қарамай, ушбу лавозимни қисқа фурсат эгаллаб турган М.Горбачёв айни нормаларни амалиётда тўлақонли қўллаб улгурмаган.

Россияда давлат бошлиғининг қонун чиқарувчи олий органга Мурожаатнома билан чиқишига доир норма илк бор 1991 йил 24 апрелда қабул қилинган “РСФСР Президенти тўғрисида”ги қонунда (5-модданинг 3-банди) ўз аксини топган бўлса-да, 1993 йили амалдаги Россия Конституцияси кучга кирганидан кейин мазкур амалиёт ҳар йилги анъана тусини олди. Россия Президенти Б.Ельцин Федерал Мажлисга биринчи Мурожаатномасини 1994 йил 24 февралда тақдим этган.

Ҳозирги вақтда давлат бошлиғининг парламентга Мурожаатнома тақдим этиши институти бир пайтлар собиқ иттифоқ таркибида бўлган ва бугун мустақил тараққиёт йўлидан бораётган қатор мамлакатларда амал қилмоқда. Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон шулар сирасига киради. Ушбу давлатлар сафига энди Ўзбекистон ҳам қўшилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги учинчи Мурожаатномасини тақдим этган нуфузли мажлис Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 4 та телерадиоканали, 5 та телеканали ҳамда 12 та ҳудудий телерадиокомпания, шунингдек, 5 та нодавлат телеканал ҳамда Президентнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, интернетдаги тегишли сайтлар орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди. Аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш мақсадида Мурожаатнома сурдо таржима билан, шунингдек, рус ва инглиз тилидаги таржималари билан эфирга узатилди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда қисқа муддат – атиги 3 йил ичида давлат бошлиғининг парламентга Мурожаатнома тақдим этиш амалиёти энг илғор халқаро тажрибаларга хос ва мос равишда йўлга қўйилганидан далолатдир.

Учинчи Мурожаатноманинг алоҳида хусусиятлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган навбатдаги Мурожаатномасининг қуйидаги ўзига хос хусусиятларини кўрсатиш мумкин.

Биринчи хусусияти: ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий воқеанинг аввалгиларидан фарқли жиҳати шундаки, мамлакатимиз раҳбари бу галги Мурожаатномани миллий парламентнинг янгиланган таркибига тақдим этди. Қўшма мажлисда олдинги чақириқ депутатлари ҳам қатнашди.

Иккинчи хусусияти: Мурожаатномада даставвал 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтган сайловлар ҳақида сўз борди.

Президентимиз мамлакат тарихида илк бор қабул қилинган Сайлов кодекси асосида, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган бу муҳим сиёсий тадбир жараёнларини холис, ҳаққоний баҳолаб, фуқаролик жамияти қуриш йўлида берган тавсиялари учун халқаро кузатувчиларга бутун халқимиз номидан миннатдорлик билдирди. Нуфузли халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсияларидан кейинги сайловларда албатта фойдаланамиз, деди давлатимиз раҳбари.

Учинчи хусусияти: Мурожаатномада 2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” якунлари сарҳисоб қилинди. Шу билан бирга, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича кейинги уч йил давомида амалга оширилган асосий ишлар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Бунга қадар биринчи Мурожаатномада 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, Иккинчи Мурожаатномада эса 2018 йил – «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» якунлари чуқур таҳлил қилинган.

Тўртинчи хусусияти: мамлакатимизни 2020 йил ва келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб олинди.

Бунгача Мурожаатномада Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосан яқин бир йиллик энг муҳим вазифаларини белгилаш амалиёти қўлланилган.

Шундай қилиб, дунё тажрибаси билан қиёслаганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатнома тақдим этиши тимсолидаги мазкур сиёсий-ҳуқуқий тадбир бу борадаги энг илғор хорижий амалиётга нафақат мос ва мутаносиб, балки намуна бўладиган яхши анъанага айланди, дейишга барча асосларимиз бор.

Халқаро эътироф-2019: Ўзбекистон – Йил мамлакати

Мурожаатномада қайд этилганидек, ўтган йили мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида ижобий натижалар қўлга киритилди. Инвестициялар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди.

Айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан – 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсди. Инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етди.

Мамлакатимиз илк бор халқаро кредит рейтингини олди ва жаҳон молия бозорида 1 миллиард долларлик облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг кредитга доир таваккалчилик рейтинги охирги 10 йилда биринчи марта яхшиланди.

Энергетика, нефть-газ, геология, транспорт, йўл қурилиши, қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти ҳамда бошқа қатор тармоқларда чуқур таркибий ислоҳотлар бошланди. Саноатнинг 12 та етакчи тармоғида модернизациялаш ва рақобатдошликни кучайтириш дастурлари жадал амалга оширилмоқда. Натижада ўтган йили иқтисодий ўсиш 5,6 фоизни ташкил этди.

Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоизга, экспорт – 28 фоизга кўпайди. Олтин-валюта захираларимиз 2019 йил давомида 2,2 миллиард долларга ортиб, 28,6 миллиард долларга етди.

Қишлоқ хўжалигида фермер ва деҳқонларнинг манфаатдорлигини ошириш борасидаги ўрганиш ва изланишлар давом этмоқда. Соҳага илғор технологиялар ва кластер тизими жорий этилмоқда.

Тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва бу соҳа учун янги шароитлар яратишга, барча имкониятлар сафарбар этилаяпти. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга 5,9 триллион сўм кредитлар ажратилди.

Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди. Натижада расмий секторда ишлаётганлар сони йил давомида 500 минг нафарга кўпайди.

Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Бунинг ҳисобидан ўтган йили солиқ тўловчилар ихтиёрида 2 триллион сўм қолди. Жорий йилда бу рақам 11 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Бир йилда тадбиркорлар ихтиёрида шунча маблағ қолиши, албатта уларга ўз бизнесларини ривожлантириш учун жуда катта қўшимча имкониятлар яратади. Ислоҳотларимиз натижасида ўтган йили 93 мингта ёки 2018 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлати орасида 8-ўринни эгаллади ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олди.

Шунингдек, 86 та давлат фуқароларига визасиз ва 57 та давлат фуқароларига соддалаштирилган виза режими жорий этилиши натижасида ўтган йили юртимизга 6,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу 2016 йилга нисбатан 4,7 миллион нафарга ёки 3,3 баробар кўп демакдир.

Ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш тартиби жорий этилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд аҳоли учун нафақа миқдори 2 баробар кўпайтирилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат муассасалари билан бир қаторда, хусусий тиббиёт йўналиши ҳам жадал ривожланмоқда. Даволаш фаолияти турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилиб, қатор имтиёзлар берилгани туфайли ўтган йили 634 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 479 та қишлоқ ва овулда, шаҳарлардаги 116 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бунга 6,1 триллион сўм ёки 2018 йилга нисбатан 1,5 триллион сўм кўп маблағ сарфланди.

Қишлоқ жойларида 17 минг 100 та, шаҳарларда 17 минг 600 та, жами 34 минг 700 та ёки 2016 йилга нисбатан салкам 3 баробар кўп арзон ва шинам уйлар қурилди. Кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 мингта оилага, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жой сотиб олиш учун 116 миллиард сўмдан зиёд бошланғич бадал тўлаб берилди.

Амалга ошираётган ислоҳотларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланмоқда. Хусусан, дунёдаги нуфузли нашрлардан бири – “Экономист” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – “Йил мамлакати” деб эътироф этди.

2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”

Кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимининг барча бўғинларини ислоҳ қилишга киришилди. Хусусан, 2019 йилда мутлақо янгича мазмун ва шаклда 4 та Президент мактаби, 3 та ижод мактаби иш бошлади.

Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университет филиаллари очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан икки баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.

Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва тўғри йўлдан адашиш бўлади. Илм-маърифат ва юксак маърифат керак. Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир”.

Таълимда қилган хатоларимизни тўғрилаш вақти келди, деди Президент Шавкат Мирзиёев. Шу сабабли, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда.

Ўзбекистон “Халқаро ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси” бўйича 2019 йилда 8 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали бу борада жудаям ортдамиз. Аксарият вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқ экани ҳам очиқ ва аччиқ ҳақиқатдир.

Албатта, “рақамли иқтисодиёт”ни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этишини яхши биламиз. Бироқ, қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, эртага жуда кеч бўлади.

Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, балки ортиқча харажатларни ҳам камайтиради. Шу билан бирга, энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам у самарали воситадир.

Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаш мумкин.

Президентимиз таклифига мувофиқ, юртимизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилди. Бундан кўзланган мақсад мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтаришдир.

Давлатимиз раҳбари таълим сифатини халқаро талаблар даражасига кўтариш мақсадида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини қайд этди.

Республикамизда 348 та таянч мактаби белгиланиши, 6000 дан зиёд ўқитувчининг халқаро миқёсда малака ошириши таъминланиши айтиб ўтилди. Шунингдек, мамлакатимизда 340 та касб-ҳунар мактаблари, 200 дан ортиқ ихтисослашган умумтаълим мактаблари фаолияти йўлга қўйилиши тизимни ривожлантиришга бевосита хизмат қилади.

Мурожаатномада олий таълим тизимида ҳам келажакда катта ўзгаришлар рўй беришига эътибор қаратилди. Мамлакатимизда ёшларни олий таълимга қамраб олиш 2020 йилда 25 фоизга, яқин келажакда эса 50-60 фоизга оширилади.

Педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга, юқори маош тўлаш тизими жорий этилади. Мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш зарур.

2021 йилги халқаро баҳолаш жараёнига тайёргарлик кўриш учун 348 та таянч мактабни белгилаб, 6 мингдан ортиқ ўқитувчиларнинг малакаси оширилади. Жорий ўқув йилидан бошлаб мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этилади.

Кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида Миллий малака тизими ишлаб чиқилади. Ушбу тизим 9 мингга яқин касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради.

Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт. Энг муҳими, олий таълимга қамраб олиш тўлов-контракт масаласига боғлиқ бўлиб қолиши керак эмас, дея алоҳида таъкидлади Президентимиз.

Таълим соҳасида грантлар икки баробарга кўпайтирилади. Қизлар учун алоҳида грантлар ажратилади. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ушбу грантлар асосида ўқишга номзодларни танлаш ва саралаш мезонларини ишлаб чиқади. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари оптималлаштирилади.

Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, асосий эътиборни ўқишга кириш жараёнини соддалаштиришга, олий ўқув юртларида чинакам билим ва тарбия олишга қаратмоқ зарур. Мисол учун, она тили бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизимини яратиш лозим. Бу фандан ёшлар исталган вақтда имтиҳон топшириб, тегишли гувоҳномалар олса, ўқишга кираётган пайтда она тили бўйича қайта синовдан ўтишга ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди.

Олий таълим стандартлари хорижий тажриба асосида такомиллаштирилади. Таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилади. Мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони икки баробар қисқартирилади.

Таҳлил қилганимизда олий таълимда мутахассисликка алоқадор бўлмаган фанлар 30 фоизни ташкил қилади. Бу эса ёшларнинг ортиқча вақтини олади. Олий таълимда ўқув жараёнларини кредит модул тизимига ўтказиш талаб этилади. Жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланади, деди Президент.

Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистонда 13 минг 500 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари 2019 йил Мактабгача таълим вазирлиги тизимга болалар қамровини 2018 йилдаги 38 фоиздан 52 фоизга етгани, биргина ўтган йилда 5 минг 522 та давлат, хусусий ва оилавий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилганини эътироф этди. 2020 йилда бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш, бунинг учун 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиши таъкидланди.

Жорий йилдан бошлаб тарихда илк бор 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлаш тизими жорий этилади. Бунга бюджетдан 130 миллиард сўм ажратилади.

Бу жараёнда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам бевосита иштирок этади. 2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилади, 216 таси капитал таъмирланади, 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади.

Олий таълим стандартлари хорижий тажриба асосида такомиллаштирилади, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилади. Мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилади. Олий таълимда ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш талаб этилади.

Жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича, ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланади. Бу ишларни бошқа йўналишларда ҳам давом эттирамиз. Олий ўқув юртларига босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилади. Жорий йилда уларнинг 10 таси ўзини ўзи молиявий таъминлашга ўтади.

Бундан ташқари, камида 5 та олий таълим даргоҳини конкурс асосида танлаб, нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда, уларни трансформация қилишни бошлаймиз. Мамлакатимиз учун илм-фан соҳасидаги устувор йўналишларни аниқ белгилаб олишимиз керак.

Ҳеч бир давлат илм-фаннинг барча соҳаларини бирйўла тараққий эттира олмайди. Шунинг учун, биз ҳам ҳар йили илм-фаннинг бир нечта устувор йўналишини ривожлантириш тарафдоримиз.

Жорий йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотларни фаоллаштириб, олимларга барча шарт-шароитлар яратиб берилади. Шунингдек, илм-фан соҳасида фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун мақсадли грант маблағларини ажратиш механизмини, тубдан қайта кўриб чиқиш керак.

Илм-фан ютуқларининг электрон платформаси, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базасини шакллантириш лозим. Ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот даргоҳи нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши шарт.

Жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олимлар, профессор-ўқитувчилар чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилади. Келгусида, грантлар миқдорини 2 баробар кўпайтириш ва тадқиқот йўналишлари кўламини кенгайтириш лозим.

Бу йил “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилишимиз керак. Биринчи навбатда, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозим.

Шунингдек, “Электрон ҳукумат” тизимини, амалга оширилаётган дастурлар ва лойиҳаларни танқидий қайта кўриб чиқиб, барча ташкилий ва институционал масалаларни комплекс ҳал этиш зарур.

Тошкент шаҳрида замонавий инфратузилмага эга бўлган “АйТи-парк” барпо этилмоқда. У ҳозирданоқ, ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлади. Бундай “АйТи-парк”лар – Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида ҳам ташкил этилади.

Зеро, электронлашув замонавий дунёда, жаҳон иқтисодиётида муҳим ўрин тутаётган муҳим жараёндир. Бунда илмий изланишларни кучайтириш, халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Илм-фанга эътибор эса юртимизда туб бурилиш қилишимизга имкон беради. 2020 йилда транспорт, геология, таълим, архив каби соҳалар тўлиқ рақамлаштирилади.

Соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида, хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда “1 миллион дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Шунингдек, таълимнинг барча босқичларида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган, ахборот технологиялари жорий этилиши шарт.

Ўтган йили барча шаҳар ва туман марказларини юқори тезликдаги Интернетга улаш ишлари якунланганини ҳисобга олиб, яқин 2 йилда барча қишлоқ ва маҳаллаларни ана шундай тезкор интернет билан таъминлашимиз керак. Ҳозиргача 7 мингдан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар юқори тезликдаги интернетга уланган бўлса, кейинги 2 йилда яна 12 мингта муассаса тезкор интернетга уланади.

“Ёш болаларни кўриб ҳавасингиз келади, уларга бугун биз шароит яратмасак, бошқа давлат яратиб беради. Улар албатта бошқа давлатга кетиб бошлаган ва буни тўхтатишимиз керак ва билимли ёшларимизга шароитлар яратишимиз шарт. Соҳа учун хорижий ҳамкорларимиз билан бирга бир миллион, бир минг эмас, шуни алоҳида айтаман, бир миллион дастурчи тайёрланади. 3-4 йилда катта натижа бўлади. Улар соҳаларга киради. Истаймизми йўқми, ислоҳотларни тезлаштиришга туртки бўлади”, деди давлатимиз раҳбари.

Бунинг учун ташаббускор бўлиб майдонга чиқадиган янги авлод кадрларни тарбиялаш зарур. Стратегик фикр юритадиган малакали кадрлар керак. Шунинг учун боғчадан бошлаб таълимнинг барча бўғинларида таълим сифатини ошириш даркор.

Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг савиясини ошириш лозим. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бизга илм-маърифат ва юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва, албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.

Сайловлар Ўзбекистоннинг халқаро имижини кўтарди

Президентимиз таъбири билан айтганда, сайловлар халқимиз учун синов ва халқаро ҳамжамият олдида катта сиёсий имтиҳон бўлди. Бу фикрнинг тасдиғи сифатида ҳаётий бир мисол келтирмоқчимиз.

Гап шундаки, ўзининг 25 йиллик фаолияти давомида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси томонидан ЕХҲТга аъзо 50 дан ортиқ давлатда қарийб 400 марта Президент, парламент ва маҳаллий органлар сайловларининг мониторинги ўтказилган.

Ўзбекистонда кейинги 20 йил мобайнида ЕХҲТ томонидан 8 маротаба сайловлар мониторинги амалга оширилган. Шундан 3 таси Президент сайлови ва 5 таси парламент сайловларига тааллуқлидир.

Энг муҳими, яқинда бўлиб ўтган мамлакатимиз парламенти сайловларида илк бор ЕХҲТнинг тўлақонли миссияси томонидан кузатув амалга оширилди ва МДҲга аъзо давлатларда ўтказилган сайловлар ичида энг юқори баҳоланди. Бошқача айтганда, ушбу сайловлар дунёга янги Ўзбекистонни намоён этди.

Янги Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтган ушбу сайловлар биз учун катта сиёсий имтиҳон бўлди. Мамлакат ичида: халқимиз ислоҳотларимизга ўз муносабатини билдирди. Халқаро миқёсда жаҳон ҳамжамияти янги Ўзбекистонга юқори ижобий баҳо берди.

Сайловлар Ўзбекистоннинг халқаро имижини кўтарди. Жаҳон аро дўсту ҳамкорларимиз олдида обрў-эътиборимиз янада юксалди.

Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимиз бу синовдан ёруғ юз билан ўтди. Сайлов натижалари, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар очиб беришга қаратилгани билан биз учун жуда муҳимдир.

Сайловларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири – гендер масаласи билан боғлиқ. Яъни, илк маротаба Ўзбекистон парламентида аёллар сони бўйича БМТ тавсиялари (камида 30 фоиз) тўлиқ бажарилди.

Қонунчилик палатасига 32 фоиз аёл-депутатлар сайлангани, ўз навбатида, дунёдаги 190 парламент ичида Ўзбекистон парламентининг 37-ўринга кўтарилишини таъминлади. Бундан атиги беш йил илгари, 2014 йилда бу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз 128-ўринда эди.

Ёшлар масаласи, чиндан ҳам, янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. Қонунчилик палатасига 30 ёшгача бўлган 9 нафар депутат (6 фоиз) сайлангани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Шундай қилиб, бугун парламентимиз қуйи палатаси таркибининг 6 фозини ёшлар ташкил этмоқда. Жаҳон миқёсида бу кўрсаткич атиги 2 фоизга етади, холос.

Биргина шу рақамларнинг ўзи ҳам юртимиз аёллари жамиятда ўзларининг ҳақиқий ўрнини эгаллаб бораётганидан далолат беради. Бинобарин, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш Ўзбекистон Президенти олиб бораётган адолатли сиёсатнинг устувор йўналишларидандир.

Мурожаатномада таъкидланишича, 2020 йилда 5,5 минг хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит берилади. Бунинг учун банкларга давлат бюджетидан ресурс ажратилади. Бундан ташқари, 1 минг 576 хотин-қизга янги уй-жойга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш ташкил этилади, деди давлатимиз раҳбари.

Мурожаатномада, шунингдек, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолаш бўйича ягона кўрсаткичлар ишлаб чиқиш, ёшлар сиёсатини баҳолашнинг миллий индексини жорий этиш кераклиги қайд этилди.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, жорий йилда хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги поғонага кўтарилганини яна бир бор тасдиқлайди.

“Ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”

Маълумки, 2019 йил сентябрда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян юртимизда расмий ташриф билан бўлди. Ўшанда Диего Гарсия-Саян дастлабки тавсияларини берди.

Ушбу тавсиялар судьяларни сайлаш ва тайинлаш; судьяларнинг лавозимида ишлаб қолишини кафолатлаш; судьяларни профессионал асосда тайёрлаш; суд раисларини тайинлаш тартиби ва уларнинг ваколатлари кўламини қайта кўриб чиқиш; судьяларга интизомий чора кўриш тартиб-таомилларини мукаммаллаштириш; Олий суд кенгаши аъзоларини сайлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш; прокуратура тизими ваколатларини қисқартириш; адвокатлар сонини ошириш ва ёш ҳуқуқшуносларни ушбу касбга қизиқтириш учун тарғибот ишларини кучайтириш истиқболлари билан боғлиқ.

Мурожаатномада судлар томонидан ўтган 3 йилда 1 минг 989 нафар, 2019 йилнинг ўзида 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганига доир рақамлар баён этилди. Шунингдек, 2019 йилда 3 минг 81 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар, айбловдан чиқарилган ва ўзгартирилган.

Энди суд орқали инсонларнинг ҳуқ́уқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди, деди давлатимиз раҳбари. Эски тузумдан қолган ва ҳануз давом этаётган суд қарорларини прокуратура томонидан чақ́ириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш лозим.

Энди фақат иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина, прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкин. Суд раислари томонидан судьяларнинг фаолиятини баҳолаш ва уларга нисбатан интизомий иш қўзғатиш бўйича ваколатларни қайта кўриб чиқиш керак.

Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак, деди Президентимиз.

Фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадам қўйиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган, минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал қилиш бўйича, ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш вақти келди.

Хусусан, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркор. Президентимизнинг таъкидлашича, бу орқали 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ, узоқ йиллардан буён ечилмай келаётган муаммолари ҳал этилади.

Ўзбекистоннинг 3 йилда – 30 та халқаро ташаббуси

Президентимиз парламентнинг халқаро алоқаларини ривожлантириш истиқболлари хусусида атрофлича тўхталди. Аввало, парламентимиз Ўзбекистон Президентининг халқаро ташаббусларини амалга оширишда фаол иштирок этиши керак.

Давлатимиз раҳбари сўнгги уч йилда турли нуфузли халқаро ташкилотларда қарийб 30 та ташаббус билан чиқди. Жумладан, Президентимиз БМТ даражасида илгари сурган 7 та ташаббус бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциялари қабул қилинди.

ШҲТ доирасида Ўзбекистон Президентининг 8 та халқаро ташаббуси амалга оширилди. Худди шундай 10 дан зиёд муҳим ташаббуслар ЮНЕСКО, МДҲ, ИҲТ, ТУРКСОЙ, Марказий Осиё минтақаси миқёсида илгари сурилди.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, биз Ўзбекистон ташқи сиёсатини фаоллаштириш юзасидан бошлаган кенг кўламли ишларни, миллий манфаатларимизга жавоб берадиган, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат курсини давом эттирамиз. Олис ва яқиндаги барча давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини, узоқ муддатли ва кўп қиррали шерикликни янада кучайтирамиз.

Бу борада Мурожаатномада қуйидаги устувор жиҳатларга эътибор қаратилди.

Биринчидан, Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишимиз зарур.

Иккинчидан, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Америка Қўшма Штатлари, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Европа Иттифоқи ва Осиё мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга алоҳида аҳамият берамиз.

Учинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий кенгаш ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида, кўп томонлама ҳамкорликни жадаллаштиришни давом эттиришимиз зарур.

Орол муаммосини ҳал этишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан тузилган Орол денгизи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фондига катта ишонч билан қараймиз.

Тўртинчидан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида фаолиятимиз самарасини янада оширишимиз зарур. Ўзбекистоннинг 2020 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилиши биз учун тарихий аҳамиятга эга.

Биз Ҳамдўстликда савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, ташкилот томонидан қабул қилинган қарорларнинг амалий натижадорлигини ошириш ва аъзо давлатлар ўртасида гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун барча салоҳият ва имкониятларни ишга соламиз, деди давлатимиз раҳбари.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолади. Бундан ташқари, жорий йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Марказий Осиё, Европа Иттифоқи ва Осиё мамлакатлари билан олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар ўтказилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан илгари сурилган муҳим халқаро ташаббус – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ишлаб чиқиш жараёнларида парламентимиз ҳам фаол бўлиши керак. Бу янги халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни амалга оширишга хизмат қилиши билан жуда муҳимдир.

Жорий йилда ташкил этиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ҳам айнан ёшлар ҳуқуқларига бағишланиши бежиз эмас. Маълумки, 2018 йили қадимий ва навқирон Самарқандимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича илк Осиё форуми ташкил этилганлиги халқаро жамоатчилик томонидан юқори баҳоланди.

Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига илк бора сайланиш учун номзодини кўрсатган. Жорий йилнинг кузида бўладиган ушбу сайловда ёруғ юз билан кутилган натижага эришишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. Давлатимиз раҳбари бу борада барча чораларни кўриш учун зарур топшириқлар берди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни қабул қилишни ҳам тезлаштириш кераклигига эътибор қаратилди.

Парламент – халқ иродасининг ҳақиқий кўзгуси

Президентимиз парламентга Мурожаатнома тақдим этишидан олдин янги сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлисларида, шунингдек, ҳар икки палатанинг илк қўшма йиғилишида иштирок этди ҳамда нутқ сўзлади. Бу жараёнларда парламент палаталарининг раҳбарияти тасдиқланди, қўмиталар ва комиссиялар тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти янги Ўзбекистоннинг янги сайловлар асосида сайланган янги парламенти таркибини ана шу улуғвор ғояни амалда намоён этишга чақирди. «Эл-юртимиз сизларга ҳақли равишда катта умид ва ишонч билан қарамоқда», деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Бу ҳақда сўз борганда, Президентимиз парламент аъзолари билан кейинги уч йил ичида 11 марта учрашганини алоҳида таъкидлаш лозим. Давлат раҳбари бу мулоқотларда ҳар гал парламент ва сиёсий партиялар ролини оширишга, давлат бошқарувини тубдан ислоҳ қилишга, жамиятда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга устувор аҳамият бермоқда.

Ўзбекистон Президентининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари билан навбатдаги учашуви бу борада янги, тарихан юксак босқичга асос солди. Давлат раҳбари давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги кўплаб долзарб муаммоларни кўтарди. Мавжуд камчиликларни очиқ ва аччиқ танқид қилди, истиқболдаги устувор вазифаларни белгилаб берди.

Давлат раҳбари томонидан “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар – янги парламент” деган устувор ғоя долзарб вазифа сифатида кун тартибига қўйилди.

Янги Ўзбекистонда вазият тубдан ўзгарган бугунги даврда, яъни янгиланган Ўзбекистон шароитида янги парламент қандай бўлиши керак?

Аввало, янги сайланган, ўзгарган депутатларни одамлар сезиши лозим. Янги парламентнинг янгича фаолиятини халқ сезсин ва муносиб баҳоласин.

Бу, ўз навбатида, янги парламентдан ўрин олган сиёсий партиялар ва уларнинг вакиллари сайловолди дастурлари ва ваъдаларини нечоғлик бажаришларига боғлиқ. Содда қилиб айтганда, янги парламент аҳолининг талаб ва эҳтиёжларига жавоб бериши лозим.

Аҳоли эса эндиликда сиёсий мудроқликдан уйғонди ва бу ўзига хос сиёсий уйғониш бўлди. Кейинги бир неча йил ичида одамларнинг сиёсий савияси ўсди, дунёқараши ўзгармоқда.

Шундай экан, онгли равишда фаолият юритадиган депутатлар янги парламентнинг юзини кўрсата билишлари керак. Депутатлик маъсулияти дегани ҳам шу, аслида.

Янгидан шаклланган парламентимиз аъзоларининг аксариятини илк бор депутат бўлиб сайланган шижоатли инсонлар, ўз ишининг усталари ташкил этади. Лекин уларнинг барчаси бугунданоқ қонун ёзишга қодир, деб айтолмаймиз.

Албатта, ушбу ҳамкасбларимиздан ҳар бири ўз соҳасининг юксак иқтидорли мутахассиси эканига шубҳа йўқ. Аммо жуда қисқа муддатларда улар ўзларининг қонун ижодкорлиги, қонун техникаси ва парламентнинг бошқа фаолиятига тааллуқли соҳалардаги билим ва кўникмаларини ошириб улгуришлари тақозо этилади.

Шу маънода, Президентимиз томонидан Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда депутатларнинг малакасини доимий ошириб бориш юзасидан янгича тизим – депутатлик ўқувларини жорий этиш таклиф қилингани айни муддаодир.

Бизнинг муаммоларимизни ҳеч ким ташқаридан келиб ҳал қилиб бермайди. Депутатлар бефарқ бўлмасликлари керак. Янги парламентнинг самарали фаолияти депутатларнинг савияси ва профессионаллигига боғлиқ. Ислоҳотлар натижасига депутатлар ҳам маъсул ва жавобгардир. Депутатлик – бу буюк маъсулият ва жавобгарликдир.

Оддий одамларнинг овозини олиб, сайланган депутат шу оддий одамларнинг дарду ташвиши билан яшаши шарт. Одамларни қандай қилиб рози қилиш мумкин? Албатта, халқ билан қанча кўп учрашилса, мулоқот қилинса, шунча кам хато қиламиз ва кўп натижага эришамиз.

Мурожаатномада баён этилганидек, Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига ўтган йилда бир миллиондан зиёд мурожаат тушган. Ана шу мурожаатлар одамларни қандай муаммо ва ташвишлар қийнаётгани ҳақида хулоса чиқаришга имкон бермоқда.

Президентимиз бундан буён мурожаатлар таҳилили асосида амалий ишлар олиб борилишини қайд этди. Бу каби вазифаларни бажариш барча давлат органлари, айниқса сенатор ва депутатлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

Янги парламент – халқпарвар парламент бўлиши керак. Халқ вакиллари фаолият олиб борадиган парламент – аслида, Халқ уйидир.

Ҳозирги кунда парламент қонунчилик фаолияти замон талабларига тўла жавоб беради дея олмаймиз. Ишлаб чиқаётган қонунларимиз аниқ бир соҳадаги айрим вазифаларнигина ҳал қилишга хизмат қилади. Улар ҳали комплекс характерга эга ёки кодификациялашган эмас. Бу борада қиладиган ишларимиз талай.

Қонун ижодкорлигимиз ҳозирги ислоҳотлар шиддати ва суръатларидан анча ортда қолмоқда. Ваҳоланки, қонун ижодкорлиги ислоҳотлардан сал бўлса ҳам илгарироқ юриши керак.

Бу борада биз ҳали ислоҳотлардан илгарилаш у ёқда турсин, жамият ва давлат ҳаётидаги туб ўзгаришларнинг қонуний асосларини ҳаёт, замонамиз ва бугунги кун талабларидан келиб чиқиб таъминлаб боришга ҳам тўла эришганимиз йўқ.

Айниқса, яқинда бўлиб ўтган сайловлар олдимизда парламентаризмни ва кўппартиявий тизимни янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, халқимизнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурини, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш борасида ҳали талайгина вазифалар турганини кўрсатди. ННТ ва сиёсий партияларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қонун ҳужжатларини ҳам кодификациялаш лозим.

Мурожаатномада алоҳида таъкидланганидек, янги Парламент ва Ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади – Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт.

“Шу муносабат билан депутатларимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиман. Сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича, аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда уни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарур”, деди Президентимиз.

“Парламент дипломатияси” – муҳим имкониятдир

Янги парламент Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишга ўз ҳиссасини қўшиши даркор. Айниқса, “Демократия индекси”, «Қонун устуворлиги индекси», «Коррупцияни назорат қилиш индекси»да янги Ўзбекистон ўзининг намуна бўлгулик сифатларини намоён этиши зарур.

Кейинги даврда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги мавқеини ошириш бўйича Президентимизнинг 12 та фармон ва қарорлари қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар бу борада муайян ижобий ўзгаришларга эришишимиз учун мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.

Хусусан, мамлакатимиз «Бизнес юритиш индекси»да 100 поғонадан кўпроқ юқорилади ва ҳозир 69-ўринда турибди. Шунингдек, Ўзбекистон кейинги даврда “Иқтисодий эркинлик индекси”да 26 поғонага, “Логистика самарадорлиги индекси”да эса 19 поғонага кўтарилди.

Яқин орада «Сўз эркинлиги ва ҳисобдорлик индекси», «Жаҳон матбуоти эркинлиги индекси» каби халқаро рейтингларда кўрсаткичларимизни бутунлай янгилашимиз тақозо этилади.

Бинобарин, Ўзбекистоннинг ҳалқаро иқтисодий ва ижтимоий рейтинглар, сиёсий муҳитни аниқлашга оид индекслардаги ўрнини яхшилаб боришда – бу “дуинг бизнес” бўладими, инвестиция муҳитига оид бўладими, инсон ҳуқуқлари ёки матбуот ва сўз эркинлиги соҳасидами, “инновацион ривожлнишга тайёрлик”га тегишли бўладими ва ҳоказо – ушбу жараёнларда нафақат ижро хокимияти, балки вакиллик ҳокимиятининг ҳам аҳамияти юксакдир.

Парламентнинг ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий сиёсат борасидаги фаолиятини, унинг устувор йўналишларини аниқлаш, нуфузли халқаро ташкилотларда Ўзбекистоннинг миллий манфатларини ҳимоя қилиш каби вазифаларини самарали амалга ошириш талаб этилади.

Хусусан, минтақамизда яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар соҳаларга инвестициялар жалб этиш каби йўналишларда Ўзбекистон билан хорижий мамлакатлар ўртасидаги парламентлараро икки томонлама ҳамкорлик гуруҳлари, халқаро ташкилотлар доирасидаги парламентлараро тузилмалардаги иштирокимиздан самарали фойдаланиш бугунги куннинг долзарб талабларидандир.

Биз қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва халқаро ҳамкорлик бўйича фаолиятимизда ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.

Кейинги даврда Олий Мажлис Президентимиз ташқи сиёсий йўлининг фаол иштирокчисига айлангани, шубҳасиз, мамлакатимизда парламент дипломатияси ривожлана бошлаганини кўрсатади. Зеро, Ўзбекистон парламенти эндиликда парламентлараро халқаро ташкилотларда иштирок этмоқда. Икки томонлама депутатлик гуруҳлари кўпайиб, 28 тага етди ва улар изчил фаоллашди.

Айни чоғда, Президентимиз парламентнинг нафақат ислоҳотларни таъминлаш учун зарур қонуний асосларни яратиб бериш, балки мамлакат манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасидаги фаолиятини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш заруриятига эътиборни қаратди. Ҳақиқатан ҳам, ҳали биз “парламент дипломатияси”, “халқона ёки партиявий дипломатия” имкониятларидан етарли даражада фойдаланмадик.

Шу ўринда Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг келгуси фаолияти бўйича билдирган фикрларига тўхталиш мақсадга мувофиқдир.

Биринчидан, Конституцияга мувофиқ, Қонунчилик палатасининг энг муҳим ваколатларидан бири – бу халқаро шартномаларни ратификация ёки денонсация қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, Президентимиз уқтирганидек, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ҳукумат томонидан изчил бажарилишини назорат қилиш ҳам қуйи палатанинг асосий вазифаси бўлиши керак.

Иккинчидан, Қонунчилик палатаси бундан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича вазирлар ҳисоботларини эшитишни йўлга қўйиши лозим.

Учинчидан, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Қонунчилик палатаси ролини ошириш, халқаро ташкилотлар тавсиялари ижросини ташкил этиш, “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва ижро этиш ҳам қуйи палатанинг диққат марказида бўлиши керак.

Тўртинчидан, бугунги кунда жаҳон парламентаризмида илғор тажриба бўлмиш, яъни нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш амалиёти халқаро даражада эътироф этилмоқда. Шу боис, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ушбу номдаги Парламент комиссияси фаолияти изчил мувофиқлаштириб борилиши муҳим.

Бешинчидан, Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилган. Бу институт қонун лойиҳаларини тайёрлашда, уларни муҳокама қилишда, қабул қилинган қонунлар моҳиятини жамоатчиликка етказишда парламент аъзоларига ҳақиқий ёрдамчи бўлиши лозим.

Олтинчидан, қонун ижодкорлиги фаолиятига илмий-инновацион омилни кенг жорий этиш ҳам бундан кейин қуйи палатанинг муҳим вазифаси бўлиб қолиши керак.

Бугунги кунда Ўзбекистонимиз ўз тараққиёт йўлидан жадал илгарилаб бормоқда. Ўтган уч йил давомида амалга оширган ислоҳотларимиз дастлабки самараларини бера бошлади. Жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистонга қизиқиш ва эътибор, мамлакатимизнинг куч ва имкониятларига, унинг келажагига бўлган ишонч тобора ортиб бормоқда.

Бу, ўз навбатида, тараққиётнинг янги босқичига чиқиш, кўзлаган мақсадларимизга етиш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Шундай экан, бағрикенг, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг ишончига сазовор бўлган ҳар биримиз ўз жойимизда бу юксак ишончни амалий ишлар билан оқлашимиз керак. Президентимиз таъкидлаганидек, “Бу бизнинг нафақат фуқаролик, балки, энг аввало, она Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздир”.

Хулоса қилиб айтганда, давлат бошлиғининг парламентга Мурожаатномаси – дастурий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Мурожаатномада, биринчидан, Президентнинг мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича нуқтаи назари баён қилинди;

иккинчидан, сиёсий, иқтисодий, ғоявий-мафкуравий қоидалар билан бир қаторда, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли аниқ таклифлар илгари сурилди;

учинчидан, у жаҳон конституциявий амалиётида ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий институт сифатида намоён бўлди.

Ўзбекистон Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасини кенг жамоатчиликка ҳавола қилди. Агар ушбу муҳим сиёсий-ҳуқуқий тадбир телевидение каналлари ва интернет тармоғи орқали тўғридан-тўғри намойиш этилганини ҳисобга олсак, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси нафақат миллий парламент аъзоларига, балки бутун Ўзбекистон халқига бевосита мурожаат сифатида янада аҳамиятлидир.

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Спикерининг биринчи ўринбосари

ЎзА