Президент: суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак

2020-01-24T11:04:57+05:0024 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Президентимиз парламентга Мурожаатномаси:

“Ўтган 3 йилда 1 минг 989 нафар, 2019 йилнинг ўзида 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, 2019 йилда 3 минг 81 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар, айбловдан чиқарилди ва ўзгартирилди.

Энди суд орқали инсонларнинг ҳуқ́уқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди.

Эски тузумдан қолган ва ҳануз давом этаётган суд қарорларини прокуратура томонидан чақ́ириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш лозим.

Энди фақат иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина, прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкин. Суд раислари томонидан судьяларнинг фаолиятини баҳолаш ва уларга нисбатан интизомий иш қўзғатиш бўйича ваколатларни қайта кўриб чиқиш керак.

Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади.

Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак – деб айтди.

 

ЎзА