Чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал этилмоқда?

2020-01-23T12:46:40+05:0023 Yanvar, 2020|Навоий вил.|

2020 йил 23 январь куни Навоий вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Тоза ҳудуд” ДУК ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими ҳамкорлигида “Чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал этилмоқда” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда дастлаб Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Х.Бақоев сўзга чиқди ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 апрелда эълон қилинган “2019-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталди. Шундан сўнг, вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК директори С.Алдамуратов корхонанинг 2019 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисобот берди.

2024 йилга бориб воҳада чиқиндиларнинг 70 фоизини қайта ишлашни йўлга қўйишимиз лозим, – дедйи С.Алдамуратов. – Жорий йилда Хатирчи тумани ҳамда Зарафшон шаҳрида бу борадаги ишларни бошлаш ниятидамиз. Ҳозирча чиқиндиларни қайта ишлаш орқали целлофан ҳамда газблок ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда.

Тадбир давомида журналистлар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди. Хусусан, чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаш ҳолатларига жарималар қўллаш қай тартибда амалга оширилаётгани, кўплаб ҳудудларда контейнерларнинг етишмасилиги, Навоий шаҳридаги айрим биноларда чиқинди йиғиш бевосита қувур орқали йўлга қўйилгани, яъни тепа қаватдан қувур орқали ташланиши, бироқ бу санитария талабларига мутлақо жавоб бермасилиги хусусидаги саволлар билан мурожаат қилди.

Мутасалдилар томонидан саволларга атрофлича жавоб берилиб, айрим муаммолар жойида бориб ўрганилиши маълум қилинди.

Тадбир давомида “Тоза ҳудуд” корхонаси филиаллари ҳамда ходимлари ўртасида республика миқёсида ўтказилаётган “Энг намунали филиал”, “Энг намунали чиқинди полигони”, “Энг намунали ҳайдовчи ва юкловчи” танловларининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди.

Якунда аҳолининг экологик маданиятини ошириш, бу борада жойларда юзага келаётган муаммоларни самарали бартараф этиш ҳамда аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишда тегишли ташкилотлар ҳамда ОАВ ҳамкорлигини кучайтириш, йил давомида матбуот анжуманлари, журналдистик материллар, пресс-турлар ташкил этиш тизимини йўлга қўйишга келишиб олинди.