“Оила даврасида” чиқмаяпти. Энди бу газета ҳам керак эмасми?

2020-01-21T10:50:29+05:0021 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Икки ҳафтадан буён “Оила даврасида” газетасини кутаман. Афсуски, бу ҳафта ҳам газета чиқмади. Нега?

Ҳа, бу газета 2020 йил бошлангандан буён ҳамон чиқмаяпти, нима учун?

Очиғи, шу газетани чоп этила бошланган 2012 йилдан бери ўқиб келаман. Нашрнинг кўп сонли мухлисларидан бириман. Ўтган даврда газета ўз муштарийларини топди, кўплаб долзарб мавзулардаги чиқишлари билан эътиборга тушди. Муҳими, жамиятдаги кўплаб муаммоларга кенг жамоатчилик ҳамда мутасаддилар эътиборини қарата олди. Кўпчилик кўриб-билиб юрган, ҳеч кимга сир ёки янгилик бўлмаса-да, узоқ йиллардан бери ечимини кутиб, халқни қийнаб келаётган ўнлаб долзарб мавзуларни таҳлилий-танқидий ёритиш орқали халқнинг юкини енгил, мушкулини осон қилишга ёрдам бериб келаётган эди.

Балки бу гаплар бугун электрон оммавий ахборот воситалари – сайтлар ёки блогерлар фаолиятига кенг йўл берилаётган бир давр учун унчалик аҳамиятли эмасдир. Лекин бундан 6-7 йил олдин айримлар “сен менга тегма, менинг сен билан ишим йўқ” қабилида нафас олаётган пайтларда уйқуда ётган баъзи бир мансабдорларнинг юзига ойна тутиш, шу орқали асл ҳолатни очиб бериш жиддий масала эди.

Ёв қочса, ботир кўпаяди, дейилганидек сўнгги икки-уч йил ичида тилга тушиб қолган гапларни бундан анча йил олдинроқ ҳам “Оила даврасида” саҳифаларида ўқиб келаётгандик. Буни кўпчилик муштарийлар ҳам тасдиқласа, ажаб эмас.

Гапим қуруқ бўлиб қолмаслиги учун бир-икки мисол келтирай. Масалан, “Уйми ё боғча?” (29.11.2012), “Боғчада чизилган беҳаё сурат бола тарбиясига қандай таъсир кўрсатади?” (13.02.2014), “Соғлом бола қаерда вояга етади?” (06.02.2014) каби ўнлаб мақолаларда аҳамият қаратилган жиддий муаммолар ечимига мана энди тизимли равишда киришилмоқда.

Айниқса, газета ўзининг мавзу йўналишидан келиб чиқиб, оилавий маросим ва тантаналарда ортиқча дабдабага йўл қўймаслик масаласида тўхтовсиз чиқишлар қилган эди. Турли тоифадаги кишиларнинг фикр-мулоҳазаларини узлуксиз эълон қилиб борди. “Куёвга берилаётган қалин” (28.03.2013), “Қиз узатганнинг қирқ куни” (16.05.2013), “Энди никоҳ ойда бўлади” (16.05.2013), “Тўй – бировники, қайғуси – бизники” (23.05.2013) сарлавҳали мақолалар шулардан айримлари холос. Мана, ҳозир бу муаммо юзасидан парламент даражасида алоҳида ҳужжат қабул қилиниб, юридик шаклда тартибга солиняпти.

Кўпчиликнинг ўринли эътирозига сабаб бўлаётган айрим маданият ходимлари — санъаткорларнинг ўзини тутишлари, одоб-ахлоқи, кийиниши масаласи ҳам катта мунозараларга сабаб бўлиб келаётган оғриқли “нуқта“ларимиздан эди. Газетада бу ҳақда “Таассуб қилганингиз ким, ўртоқ санъаткор?” (02.05.2013), “Зал баландми ёки саҳна?” каби ўткир чиқишлар қилиниб, жамоатчиликнинг диққат марказига олиб чиқилди. Натижада, санъаткорларнинг бачкана хатти-ҳаракати учун тегишли чоралар кўрилган эди ўшанда.

“Оила даврасида” саҳифаларида бундай мисоллар жуда кўп. Лекин биргина нашрнинг ижтимоий салмоғини мулоҳаза қилиш учун шулар ҳам кифоя қилади, албатта.

Даврий нашрларнинг мунтазам чиқиб туриши обунага боғлиқ жараён. Лекин кейинги пайтларда ҳеч кимга ўз истак-иродасига қарши муносабат қилинишига йўл қўйилмайди, деган қараш “энди умуман газета ўқимаслик керак экан”, қабилида тушунилиши эсини таниган ҳар бир инсонни жиддий ташвишга солиши керак. Айниқса, ўзини фақат қорин қайғусига боғлаб қўймаган киши учун бу ўта жиддий масала.

Газета таҳририятига қўнғироқ қилиб, нега чиқмаётганини сўрадим. 2020 йил учун обуна сони жуда кам эканини айтишди. Аммо таҳририят жамоаси имкониятлар қидиришига, “Оила даврасида” яна чиқа бошлашишига ишонаман.

“Оила даврасида” газетасининг чиқиш маълумотлари қаторига кўз ташласангиз, у ерда муассис сифатида казо-казо ташкилотларнинг номини кўрасиз. Ҳаммаси жамиятда ўз ўрнига эга катта-катта ташкилотлар. Наҳотки улар ўз муассислигидаги бир салмоқли нашрнинг чиқишини тўхтатиб қўйса, деган савол одамга тинчлик бермайди. Ахир, бир бурдадан берса, тўйдиради, бир муштдан урса, ўлдиради, деган гаплар ҳам бекорга айтилмаган-ку. Ёки улар бу ҳолатдан умуман бехабарми? Бир пайтлар юқори тиражларда чиқиб, кўпчиликнинг оиласи даврасидан муносиб ўрин олган газетанинг келажакдаги аҳволи нима бўлади?

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ.

Манба:ЎзА