Сўз эркинлигига тайёр бўлиш эмас, унга тақиқ қўймаслик керак

2020-01-08T16:12:54+05:008 Yanvar, 2020|Ҳафта мақоласи|

Ҳали бунга тайёр эмасмиз! Узоқ вақт шу фикрга таяндик, ишондик, амалда қўлладик ҳам. Табиийки, эркин сўз, аччиқ ҳақиқатнинг залвори ҳар доим ҳам, ҳаммага ҳам ёқавермайди. Ана шу ҳақиқатни ёқтирмайдиганлар томонидан ўйлаб топилган бу ақида сиёсат даражасига қадар кўтарилди. Халқимиз ҳали эркин сўз айтиш даражасида эмас, дея қатъий ишонганлар қатлами пайдо бўлди жамиятда, улар ҳалиям бор, инкор этолмаймиз.

Айниқса, сўз айтиш, фикрини бемалол ифода этиш имкони берилган пайти уларнинг бир чеккадан туриб «ана, кўрдиларингми, нима дегандик, бу одамларимиз эркин фикр айтаман деб, ҳақиқий башарасини кўрсатиб қўяяпти», деб пичинг қилишди, таъна тошларини отишди. Кимдир ҳадик билан, биров аниқ мақсад билан, яна кимдир тушуниб-тушунмай гапираверди. Айтилмаган фикрлар қолмади ҳисоби, ҳамма ўз даражасидан келиб чиққан ҳолда сўзлайверди. Ҳадик шунда эдики, бу сўзларимизга жавоб беришга тўғри келмасмикан, ҳеч ким бизни зимдан кузатиб бормаётганмикан?.. МАҚСАДЛИЛАР энди жим қараб туриб бўлмайди, ўзгаришни истасак, гапирамиз, ҳақиқатни ёзамиз, дейишяпти, ТУШУНИБ-ТУШУНМАГАНЛАР эса улардан ортда қолмасак бўлди, нимадир шов-шув, одамлар эътиборини тортадиган гап айтиб олишимиз керак, ахир, деган умидда гапиряпти, сўзлаяпти.

Давлатимиз раҳбари ҳам МАҚСАДЛИЛАР тарафида бўлиб, ҳар бир чиқишида шаффофлик, очиқлик ҳақида гапирмоқда, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик фикрига таянишини таъкидламоқда. Президент Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳам бу масала тилга олинди.

«Бугунги кунда халқимиз орасида юриб, уни қийнаётган ижтимоий муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч – бу мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари вакилларидир.

Демократик ислоҳотларимиз натижасида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар мансабдор шахс­ларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундамоқда. Шу сабабли ҳам давлат органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка тўлиқ ва тезкор етказиш мақсадида уларнинг ҳар бирида матбуот хизмати иш бошлади. Аслида, демократик жамиятда барча давлат хизматчилари ОАВ билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилишга ўрганиши керак».

Ҳақиқатан, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жамиятда туб бурилиш ясади. Қайси маънодаки, энг аввало «Биз ҳали бунга тайёр эмасмиз!» деган қарашларни тамоман синдириб ташлади. Сўз эркинлигига тайёр бўлиш эмас, унга тақиқ қўймаслик керак экан.

Эътибор беринг, бундан бир-икки йил аввал ижтимоий тармоқларда ҳам, қаердаки сўз айтиш имкони туғилган майдонда турли-туман фикрлар билдирилди. Билиб-билмай, атайин, қасддан айтилган сўзларнинг кети узилмади. Бугун бу ҳолат анча тин олди. Эндиликда асосли танқидий фикрлар фоизи тобора ошиб бораётир. Бу ҳолат осон юз бермади. Танқидга жавоб ёзиш тугул ўз фаолиятини холис сарҳисоб қилишни истамайдиган ташкилотлар ҳам интернетда, ижтимоий тармоқларда «пайдо бўла бошлади». Асосли танқидларда кўтарилган масалалар ҳал этилмоқда. Нотўғри фикрга нисбатан фикр айтилди, жайдарироқ қилиб айтганда, нохолис фикрлайдиганларнинг, кимнингдир шаънига тегиш мақсадида айтилган сўзларнинг пайи қирқилди. Тўла қирқилди, дейиш бироз ноўрин. Сабаби, турфа феълли инсонларни ўзгартириш мушкул бўлганидек, ҳасад, иккиюзламачилик каби иллатларни батамом йўқотиш қийин. Аммо муҳими, одамларда ҳар қандай фикрга ишониш, эргашиб кетавериш керак эмас, деган тушунча шаклланмоқда.

Аҳамиятли жиҳати, оммавий ахборот воситаларида чоп этилган танқидий мақолаларга муносабат билдириш тажрибаси қайта шаклланди. Бугун қайси бошқарма, ташкилот ахборот хизмати раҳбари билан гаплашманг, «ҳар куни битта танқид бор-а. Тепадан буйруқ келяпти бизга, унинг ҳар бирига муносабат билдиришимиз керак. Ахир бу қанча вақтимизни оляпти», деб нолиб қўйишади. Муносабат билдириш уларнинг асосий вазифаси эканлигини ҳали ахборот хизмати вакиллари янаям яхшироқ тушуниб олади, деган умиддамиз.

Яқинда Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ОАВда эълон қилинган танқидий чиқишларга муносабатларнинг рақамли жадвали эълон қилинди. Айтиш керакки, рақамларда, яъниким, муносабатларда ижобий томонга силжиш бор, ҳатто бир неча ой аввалги ҳолат билан таққосланганда жиддий тафовутлар мавжуд. Бу қувонарли, албатта.

Фаолиятимиз давомида ҳам бу ҳолатни сезиб турибмиз. Яқинда Zarnews.uz сайтида вилоятдаги туғруқхоналарда электр энергияси билан боғлиқ муаммони эълон қилганимизда, беш дақиқадаёқ тегишли вазирликнинг муносабати берилгани ҳам шу ислоҳотларнинг натижаси бўлса ажабмас. Бундай мисоллар сон-саноқсиз. Нафақат оммавий ахборот воситалари, ҳатто ижтимоий тармоқларда тарқалган кичик чиқишларгача муносабат билдирилаётир. Эҳтимол, бу муносабатларнинг барчаси ҳам етарли даражада эмасдир. Аммо муҳими улар бор ва бўлиши давом этмоқда. Шунинг ўзи ҳам катта марра. Янаям асосийси, кейинги марралар учун йўл тўсилгани йўқ.

Гулруҳ МЎМИНОВА.

Манба: «Зарафшон» газетаси.