Ғофуржон МИРЗАЕВ: Сирдарёнинг эшиклари журналистлар ва блогерлар учун ҳамиша очиқ

2020-01-06T12:43:48+05:006 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ижтимоий тармоқлар орқали берилган саволларга жавоб берди. Бу ҳақда uza.uz сайти маълум қилди. Саволлардан бири журналист ва блогерлар фаолиятига доир бўлди.

Савол:

— Ҳоким сифатида вилоятдаги журналист ва блогерларга муносабатингиз қандай?

Жавоб:

— Вилоятдаги журналист ва блогерларга муносабатим ҳамиша дўстона бўлиб келган. Дўст ачитиб гапиради деганларидек, журналистларни ва блогерларни ҳамиша ҳақиқатгўйликлари, адолатпарварликлари учун ҳурмат қиламан. Журналистлар табиатан тўғрисўз ва самимий бўлишади. Адолатпарвар бўлмаган одам ҳеч қачон журналист бўлолмайди, сўзнинг орқасидан нон топиб еяолмайди, ўз касбини шарафлай олмайди. Чунки, журналистика ёлғонни ёқтирмайди.

Вилоятимиздаги журналист ва блогерлар билан тез тез кўришиб тураман, назаримдан четда қолган нарсаларни улардан билиб оламан. Улар билан фикрлашаман, маслаҳатлашаман. Яқинда Республикамизнинг Марказий нашрларида, сайтларида, телеграмм каналларида, газета журналларида хизмат қилувчи саксонга яқин журналист ва блогерлар вилоятимизнинг ҳамма туман ва шаҳарларида бўлишди. Уларнинг ташрифларидан жуда хурсанд бўлдим. Уларнинг таклиф ва мулоҳазалари, самимий тилаклари, менга жуда маъқул келди. Сирдарёнинг эшиклари журналистлар ва блогерлар учун ҳамиша очиқ.