Рекламадаги беҳаё саҳналар нега назоратдан четда қоляпти?

2020-01-06T08:12:36+05:006 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Кўпчилик ишдан қайтгач, оила даврасида, бир пиёла чой устида мириқиб телевизор кўришни хушлайди. Кимдир ахборот дастурлари орқали сўнгги янгиликларни кузатса, яна биров кино ҳамда сериаллар ишқибози. Шундай вақтда кўрсатув ёки фильм ўртасида эфирга узатиладиган турли реклама роликлари эса анчагина норозиликларга сабаб бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Буни маълум маънода бозор иқтисодиёти шароитида пул топишнинг ўзига хос усули дейиш мумкин. Лекин миллий менталитетимизга зид, фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларни қандай изоҳлашга ҳайронсан киши.

Масалан, турли гигиеник воситалар рекламасини кузатадиган бўлсак, улардаги очиқдан-очиқ саҳналар, актёрларнинг ғарбона кийиниши, ишлатилаётган ибораларнинг шарқона одоб-ахлоқ меъёрларига зид экани ёш авлод тарбиясига бефарқ бўлмаган ҳар қандай одамни ўйга толдириши аниқ. Қолаверса, реклама узатишнинг бошқа воситаларида ҳам ҳал этилиши керак бўлган муаммоларимиз талайгина.

Аслида бугун юртимизда реклама бозори қай тартибда назорат қилинади? Омма эътиборига ҳавола этилаётган маҳсулотлар тўғрисидаги ахборотларга қўйиладиган талаблар қандай? Уларни ишлаб чиқариш ва тақдим этишда истеъмолчиларнинг хавфсизлиги масаласига қанчалик эътибор қаратиляпти?

Чекловлар хорижий инвесторларни жалб қилишга таъсир кўрсатадими?

— 2019 йил 11 сентябрда Монополияга қарши курашиш қўмитаси таркибида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ташкил этилди, — дейди Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Реклама фаолиятини назорат қилиш бошқарма бошлиғи Дилшод Азимов. — Бу агентлик «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» ва «Реклама тўғрисида»ги қонунлар назоратини олиб борувчи, текшириш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи ҳисобланади. Асосий вазифамиз, реклама бозорини тартибга солишдан иборат.

Яқинда Тошкент ва Самарқанд шаҳрида наркотик моддаларнинг ташқи рекламаси чиқиб кетди. Норозилик шунчалар кўпайиб кетганидан у ўша куннинг ўзидаёқ олиб ташланди. Гигиеник воситалар рекламаси бўйича эса шу вақтгача ҳеч ким эътироз билдирмади. Демак, маънавиятга зид ҳолат йўқ. Бизда бундай воситаларни реклама қилишга ҳеч қандай тақиқ қўйилмаган. Қолаверса, актёр шундай кўринишда чиқсин, мана бундай кийинсин, деган қолипнинг ўзи мавжуд эмас. Рекламаларни қандайдир чекловлар асосида тайёрлаш юртимизга хорижий инвесторларни жалб этишга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Лекин ишлаб чиқарувчиларга бирор маҳсулот ҳақидаги маълумотни санъат даражасида, миллий менталитетимизни ҳисобга олган ҳолда тақдим этишни тавсия қиламиз. Бирор рекламани маънавиятга зид, деб баҳолаш учун Маънавият ва маърифат маркази, «Нуроний» жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси каби ҳамкор ташкилотларнинг шу ҳақдаги хулосасини билишимиз керак. Баъзан хорижий телеканаллардаги рекламани ҳеч қандай ўзгаришсиз эфирга узатиш ҳолатлари ҳам учраб қолади. Уларни ҳам ўзимизга мослаштириб, ноўрин саҳналарини қисқартириб бериш мақсадга мувофиқлиги кўп таъкидланади.

Икки ойдан буён ўзгариш йўқ

Хўш, мазкур масалага Маънавият ва маърифат марказининг муносабати қандай? Қандай рекламаларни миллий менталитетимизга зид деб топишади? Билдирилган эътирозлар ўзининг ижобий ечимини топяптими?

— Марказ томонидан доимий равишда рекламаларнинг миллий менталитетимиз билан нечоғли уйғунлиги таҳлил этиб борилади, — дейди Маънавият ва маърифат маркази илмий-экспертиза бўлими мутахассиси Олмагул Ёқубова. — Ойнаи жаҳонни оиланинг барча аъзолари биргаликда кўриши ҳисобга олинса, эфирга узатилаётган гигиеник воситаларнинг очиқдан-очиқ рекламаси, ўзбекона қадриятларимизга мос бўлмаган хатти-ҳаракатлар ёшлар тарбиясига ўз салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Айниқса, хусусий телеканаллар орқали эфирга узатилаётган шундай ахлоққа зид кўринишлар борасида жуда кўп эътирозлар билдирилган.

Шу билан бирга, 2019 йил давомида ташқи рекламалар борасида 8 марта мониторинг ўтказилди. Аниқланган салбий ҳолатлар бўйича керакли тавсиялар ишлаб чиқиб, мутасадди ташкилотга тақдим этилган. Мана, яқинда пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Усмон Носир кўчасида жойлашган мебель ишлаб чиқарадиган корхонанинг ташқи электрон рекламасидаги «Хотин эски бўлса бўлсин, мебель эски бўлмасин», деган иборасига танқидий фикр билдирилди. Шундай кейин у ўзгартирилди. Яна бир пешлавҳада «Я хочу…», деб ёнига бир аёлнинг карикатура кўринишидаги сурати чизилган. Унга нисбатан билдирилган эътирозлар икки ойдан буён ўзгаришсиз қолмоқда. Ибораларнинг шу тарзда таг маъно билан берилиши ахлоққа зид ҳолат, албатта.

Айниқса, давлат тилига нисбатан хорижий тиллардаги эълонлар сони кундан-кунга кўпайиб боряпти. Назаримизда, 1998 йилда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги қонунни қайта кўриб чиқиш зарурияти туғилмоқда. Унда рекламадаги ёзувлар давлат тилида ёзилиши кераклигини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ.

Энди рекламалар фақат давлат тилида бериладими?

Тил — миллатнинг ўзига хос хусусиятларини кўрсатиб берувчи асосий восита саналади. Назаримизда, реклама тайёрлашда ҳам шу жиҳат инобатга олинса, юқорида тилга олинган муаммоларга бироз бўлса-да, ечим топилармиди…

— Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасида реклама ихтиёрий тилда берилиши мумкин, — дейди Д.Азимов. — Бу борада турли фикр-мулоҳазалар, эътирозлар юзага келгани сабаб МДҲ давлатлари тажрибасини кўриб чиқдик. Ўрганишлар натижасига кўра, Грузия, Россия Федерацияси, Украина ва шу каби бошқа кўплаб мамлакатларда барча рекламалар давлат тилида берилар экан. Шундан кейин биз ҳам «Давлат тили тўғрисида»ги қонундан келиб чиқиб, рекламалар, асосан, ўзбек тилида берилиши керак, деган таклиф билдирдик. Аммо реклама берувчи ўз хоҳишига кўра, параллел равишда яна бирор қўшимча тилни танлаши мумкин. Инглиз, қозоқ, тожик ва бошқа тиллардаги оммавий ахборот воситалари эса рекламани ўзи рўйхатдан ўтган тилда берса бўлади.

Янги йилдан қандай янгиликлар кутилмоқда?

— Хабарингиз бор, «Реклама тўғрисида»ги қонун 1998 йилда қабул қилинган, — дейди Дилшод Азимов. — Вақт ўтиши ва ахборот тарқатишнинг янги воситалар пайдо бўлиши билан мазкур ҳужжатга айрим ўзгартиришлар киритиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шу мақсадда унинг янги таҳрири ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2020 йилда ташқи реклама жойлаштириладиган ер майдони аукционда сотилади. Туристларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида реклама қўйилмайдиган тарихий обидалар ҳудуди ажратиб олинади.

Янги қонун лойиҳасида одоб-ахлоқ меъёрларидан четга чиқмаслик бўйича тавсиявий характерга эга бўлган таклифлар ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган. Танқидга сабаб бўлган рекламаларни сайтимизга жойлаштириб, истеъмолчиларнинг муносабатини ўрганамиз. Эътирозли жиҳатлар эса реклама берувчига тушунтирилади. Қолаверса, юртдошларимиз янги ташкил этиладиган телеграмм ботдаги (сайтда эълон қилинади) манзилимизга ўз фикр ва мулоҳазаларини юбориши мумкин. Қонун бузилиш ҳолатлари бўйича, албатта, чора кўрилади.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА.

Манба:«Mahalla» газетаси