Дабдаба… шу билан тамом(ми?)

2020-01-06T05:47:17+05:006 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Олий Мажлис Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори кучга кирди.

Хўш, мазкур қарор шу давргача турли «урф-одатлар» билан бойиб келган дабдабабозликнинг туб илдизига болта ура оладими? Унга бой-у камбағал, амалдор-у ишчи бирдек амал қиладими? Қарорда барчанинг манфаати ҳисобга олинганми? У тадбиркордан тортиб, тўй эгасигача наф келтирадими? Умуман, ҳужжат ижроси юзасидан жойларда қандай ишлар амалга оширилди?
Биз шу каби саволларга жавоб излаб, айрим тўйхоналарда бўлдик, жамоатчилик фикри билан қизиқдик…

«Тадбиркорда айб йўқ, ҳамма айб қарорда»

Аксарият юртдошларимиз қарорни маъқуллашмоқда. Улар БАХТ ортиқча ҳашам ва дабдабалар билан ўлчанмаслигини англаб етмоқда. Мисқоллаб йиққан-терганини бир кунлик ҳою ҳавасга эмас, балки фарзандларининг келажагига сарфласа, мақсадга мувофиқлигини тушунмоқда. Лекин танганинг икки томони бўлганидек, мазкур қарор ижросидан хавотирга тушаётганлар ҳам йўқ эмас. Улар тўй-ҳашамларда одам сони қисқартирилиши оқибатида тўйхоналарнинг нарх-навоси ошиб кетади, деб ўйлашмоқда.
Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш учун бир нечта тўйхона эгалари билан суҳбатлашдик. Улар ҳам тежамкорлик тарафдори. Аммо нарх масаласида ҳозирча бир тўхтамга келишгани йўқ. Аксарият тўйхоналар январь ойи учун буюртма қабул қилмаяпти. Кимдир коммунал тўловларнинг қимматлигини айтса, яна бошқаси давлатдан катта кредити борлигини маълум қилди. Айрим тўйхона эгалари эса янги қарор туфайли нарх-наво бироз кўтарилишини билдиришди.
– Тўйхонамиз ишга тушганига ҳали бир йил бўлмади, – дейди пойтахтимиздаги нуфузли тўйхонанинг эгаси. – Давлатдан катта кредит олиб, ушбу тўйхонани қурганмиз. Албатта, биз ҳам ортиқча дабдабабозликка қаршимиз. Лекин одам сони чеклангани билан нарх-наво ўзгармайди. Чунки, битта тўйда ўша-ўша газ, ўша-ўша сув, ўша-ўша электр токи ишлатамиз. Ишхонамиздаги йигирма нафардан ортиқ ходимга ойлик маош бериш керак. Бундан ташқари, коммунал ва кредит тўловлари бор. Масъуллар мен каби тадбиркорларнинг харажатларини ҳам инобатга олиши керак. Масалан, кредит ёки коммунал тўловларда қандайдир имтиёзлар жорий қилиниши лозим. Ҳеч бир тадбиркор зарар учун ишламайди. Қисқаси, янги тизим бизга ҳам тўй қилаётган фуқарога ҳам наф келтириши керак.
Тўй-ҳашамлар ҳар бир ҳудудда турлича ўтказилади. Тўйхоналарнинг нарх-навоси ҳам пойтахтда бошқача, вилоят ва туманларда ўзгача. Масалан, азим кентда тўйхоналарнинг нархи киши бошига тахминан 100-200 минг сўм атрофида бўлса, вилоят ва туманларда бир кунлик тўйнинг сарф-харажати тахминан 6 миллион сўмдан 15 миллионгача. Уларнинг одам сиғими ҳам турлича – 400 нафардан 1000 нафаргача.
– Катта фарзандимни уйлантириш арафасидаман, – дейди паркентлик Сабриддин Камолов. – Туманимиздаги тўйхоналарга бордим. Янги қарор бўйича 250 кишилик жой буюртма қилдим. Одам қанча кам бўлса, тўйхона шунча арзон бўлади, деб ўйлагандим. Лекин чучварани хом санаган эканман. Бундай бўлиб чиқмаяпти. Одам сони чекланса-ю, тўйхонанинг нарх-навоси ўша-ўша бўлса, бундан бизга нима наф? 250 нафар меҳмонга ҳам, 500 нафарига ҳам бирдек харажат қиладиган бўлсак, одам сонини чеклашдан муддао нима? Ахир, қарордан кўзланган асосий мақсад ортиқча чиқим ва исрофгарчиликнинг олдини олиш эмасми?
Кўриниб турганидек, бу борада ҳар икки томон ҳам ҳақ. Тадбиркорга қандайдир имтиёз берилса, у жон-жон деб нарх-навони арзонлаштиради. Одам сони қанча кам бўлса, шунча арзон бўлишини билган фуқаро эса албатта, тўйга кам одам айтади.

Савдо-саноат палатаси жавобгар(ми?)

Янги тўй мавсумини тегишли ташкилотлардан таркиб топган ишчи гуруҳ назорат қилиши керак. Хўш, бу борада улар қандай ишларни амалга оширди?
– Қарор ишлаб чиқилаётган вақтда бу масала билан боғлиқ ҳамма жиҳатлар эътиборга олинган, – дейди Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйи­­ча Республика комиссиясининг ишчи гуруҳи бош маслаҳатчиси Азизбек Турдиев. – Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши, «Нуроний» жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси ва яна бир қатор мутасадди ташкилотлар томонидан Низом қабул қилинган. Ушбу Низомга биноан, ҳар бир ҳудуд ўз салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ички низом ишлаб чиқади ва шу асосда иш кўради. Хусусан, одам сони қисқартирилиши муносабати билан тўйхоналарнинг нархи ошиб кетишининг олдини олиш Савдо-саноат палатаси зиммасига юклатилган. Улар бу борада доимий мониторинг олиб боради.
Савдо-саноат палатасининг матбуот котиби билан боғландик. Улар бу борада қилинган ишларни ўрганиб, сўнг бизга қўнғироқ қилишини маълум қилди. Аммо на қўнғироқ, на маълумотдан дарак бўлди. Демак, ҳаммаси тушунарли… Агар Савдо-саноат палатаси ўзига тегишли вазифа бўйича бирор иш бажараётган бўлганида эди, матбуот котиби қилинган ишлар хусусида гапириб берган бўларди…

Жарималарни ким ундиради?

Низомда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузган шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида (тахминан 2 миллион 230 минг сўм) жарима солиниши белгиланган.
Тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахс­лари томонидан талаб­лар бузилганида эса базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида (тахминан 6 миллион 690 минг сўм) жарима солинади. Агар бу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида так­рор содир этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида (тахминан 11 миллион 150 минг) жарима солишга сабаб бўлади.
Афсуски, айрим маҳалла раислари тартибни бузган фуқаролар билан қандай тартибда, ким томонидан баённома тузилиши ҳақида зарур маълумотга эга эмас. Демак, қарор юзасидан жойлардаги маҳалла раислари ва фаоллари билан етарлича тушунтириш ишлари амалга оширилмаган.

Қоғоздаги амалга кўчса…

Белгиланган тартибга кўра, тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахс иштирокида тўйлар, ­оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш учун фуқаро ҳамда тўйхона, кафе, ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади. Шартномада тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тўлов, харажатлари миқдори, тадбир иштирокчилари сони, муддати ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талаб­лар кўрсатилади.
Бундан ташқари, тадбир ўтказаётган шахс бир ҳафта олдин қайси тўйхонада ва неча нафар одамга тўй қилаётгани ҳақида ўзи яшаётган маҳалла идорасига хабар бериши керак. Маҳалла қошида тузилган махсус комиссия вакиллари ушбу тўйда назоратчи вакил сифатида иштирок этади. Агар юнусободлик фуқаро Шайхонтоҳур тумани ҳудудида жойлашган тўйхонада тадбирини ўтказадиган бўлса, тўйни назорат қилиш ҳам Юнусобод тумани фуқароси яшайдиган маҳалла қошидаги комиссия зиммасига тушади.
Аввало, қарор исрофгарчилик ва дабдабадан халос бўлиш мақсадида ишлаб чиқилган экан, унинг иловасида «дабдаба» ва «исрофгарчилик» тушунчаси, уларнинг меъёр билан чегараси аниқ кўрсатилиши керак. Чунки кимдир учун тўйда 4-5 хил овқат тортилиши меъёр бўлса, кимдир буни 2 хил таомда деб билади. Майли, таом турини тўй соҳиби белгиласин, аммо унинг меъёрий сони кўрсатилиши керак. Бу жиҳатларни ҳамма ҳар хил талқин қилишига йўл қўймаслик лозим.
Дарвоқе, шу ўринда қарордаги аҳоли ва тадбиркорлар томонидан кўплаб эътирозларга учраётган жиҳат – одам сонининг чекланиши хусусида икки оғиз сўз. Тўй-маросимларда одам сонининг кам бўлгани яхши, албатта. Аммо бу билан тўйлардаги дабдабабозликни тўхтатишнинг мутлақо иложи йўқ. Чунки айримлар 250 нафар одам билан ҳам истаганча исрофгарчилик (дастурхонга балиқнинг увулдириғидан тортиб «анқонинг уруғи»гача қўядиганлар бор) қилиши мумкин. Демак, бу борада шундай тизим яратилсинки, менталитетга ёт ғояларга йўғрилган турли муҳаббат ҳикоялари-ю қайнона-келин, келин-куёв дуэтларига бутунлай барҳам берилсин. Тўйхоналар шундай тизим асосида фаолият юритсинки, токи уларда ортиқча кўнгилхушликлар қилишнинг асло иложи бўлмасин.
Кортеж масаласи. Низомда келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бош­­қа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик таъкидланган. Бироқ кейинги хатбошида «пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан ­мустасно» дейилади. Айнан шу банд келин-куёв кортежининг сони ошишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки ҳозир ҳар бир оилада битта ёки иккитадан автомашина бўлиб, тўй эгаларига бемалол қариндош-­уруғлар ҳомийлик қилиши мумкин. Шу боис, ҳомийлик ёки ҳомийсиз асосда ҳам келин-куёв кортежи сонига янада аниқлик киритилиши зарур.
Учинчидан, тўйхонасини банкдан кредит олиб қурган тадбиркорлар учун ҳам қандайдир имтиёзлар бериш масаласи ҳам кўриб чиқилиши керак.
Тўртинчидан, нархлар сунъий оширилишининг олдини олиш масаласи билан ҳам қоғоз ёки ҳисобот учун айрим жойлардагина эмас, жиддий ва мунтазам, токи қарор ижросига тўлиқ эришилгунича мамлакат бўйлаб шуғулланилиши лозим.
Бешинчидан, қарорда тўй-маросимларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйил­майди, дейилган. Бизнингча, асосий эътиборни шу санъаткорларнинг тўйга келаётган нархларини арзонлаштиришга қаратсак, халқимиз учун кўпроқ фойдали бўларди. Масалан, шу кеча-кундузда Тошкент шаҳрида бир машҳур санъаткор «бирров»га 1000 АҚШ долларидан камига келмайди. Табиийки, бундай нархни ўртаҳол аҳолининг чўнтаги кўтармайди.
Олтинчидан ва энг асосийси, мазкур қарор ўртаҳол ва камбағал одамларни овутиш учунгина хизмат қилмасин. Унга бой-у камбағал бирдек амал қилсин. Энг аввало, амалдорлар, мазкур қарор устида бош қотирган мутасаддиларнинг ўзлари ҳам ушбу тартиб асосида тўй-томоша ўтказсин. Сўнг бундай тўйлар ОАВларда тарғиб қилинсинки, оддий халқ улардан андаза олсин. Зеро, шу йўл билангина кутилган натижага эришамиз. Акс ҳолда, барча уринишларимиз бекор. Гапнинг лўндасини айтганда, янги тизим амалиётда шундай тоза ва соф ишласинки, дабдабабозлик борасида яна қоғоз қоралашга асло ҳожат қолмасин.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
Зебо НАМОЗОВА.
Манба: «Ishonch» газетаси.