«Ижтимой-сиёсий газеталарни сотмаймиз…»

2020-01-03T12:59:03+05:003 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Газета чоп этиш ва сотишдан мақсад фақат фойда олиш эмас, жаноб мутасаддилар!

Бугун жамиятда оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти ҳақида гапириш баайни кислороднинг инсон онг-шуурига, қон томирларига фойдаси хусусида сўз юритиш билан баробар. Инсоният ўз тамаддуни мобайнида яратган энг катта кашфиёт алифбо бўлса, тараққиётни таъминлашнинг, бутун жамият ва алоҳида олинган ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларини, манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул ва узоқ синовдан ўтган воситаси ОАВ бўлиб қолаверади. Ахир бежиз бутун дунёда айнан матбуот “тўртинчи ҳокимият” сифатида эътироф этилмаган!

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекис­тон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу борада лўнда фикрларни ўртага ташлади:

“Оммавий ахборот воситалари қонунийликни қарор топтиришда чинакам “жамият кўзгуси”га айланиши керак. Сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўтган уч йилда жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади.

Бугунги кунда халқимиз орасида юриб, уни қийнаётган ижтимоий муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч — бу, мустақил ва холис оммавий ахборот воситаларидир.

…Аслида, демократик жамиятда барча давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилишга ўрганиши керак”.

ОАВнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти хусусидаги бу гаплардан орттириб бирон нима де­йиш қийин, албатта.

Шубҳасиз, ҳар бир ахборот воситаси ўқувчиси билан тирик. Табиийки, нашрлар ўқувчилари ва мухлисларининг кўплиги уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлайди. Айни пайтда бугунги ахборот асрида маълумотларнинг ўқувчиларга тез етиб бориши катта аҳамиятга эга. Аслини олганда ҳам дунёнинг у чеккасида рўй берган воқеа-ҳодисалар оний лаҳзалар ичида сайёрамизнинг бу чеккасида акс-садо бермоқда.

Юртимизда оммавий ахборот воситаларининг ўқувчилар қўлига вақтида етиб бориши юзасидан анча ишлар амалга оширилди, бу тизим фаолияти давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда, уларга турли имтиёз ва енгилликлар берилмоқда.

Аммо яратилган шарт-шароитлардан самарали фойдаланиш ўрнига тизимда бутун саъй-ҳаракатни нима қилиб бўлса ҳам ўзини ортиқча уринтирмасдан пул топиш ниятида бўлган мутасаддилар ҳамон учраб туриши кишини таажжубга солади. Бундай “така бўлсин, сут берсин” қабилида ишлаётган раҳбарларнинг айрим хурмача қилиқларидан ёқангизни ушлайсиз.

Гап шундаки, 2020 йил учун сотувга чиқариладиган газеталарга шартнома тузилаётган пайт­да бир эмас, бир йўла олти вилоят матбуот тарқатувчи ташкилот раҳбарлари 2020 йилда ижтимоий-сиё­сий газеталарни сотувга чиқармасликларини маълум қилишди! Қайси вилоятлар дейсизми, марҳамат, танишинг, булар: Самарқанд, Навоий, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари. Баҳона ҳам тап-тайёр: бундай газеталар уларга фойда келтирмас эмиш.

“Ё, пирай!” демай иложингиз йўқ. Булар қачон биргаликда бундай қарорга келиб улгуришди экан-а?!

Уларнинг фикрича, бугун мазкур муассасалар кўп миқдорда олаётган “сариқ матбуот” нашр­ларигина жарақ-жарақ фойда келтирар экан! Демак, мазкур муассасалар учун пул бўлса бас экан-да?! Нашр нимага хизмат қилади, кимга хизмат қилади — бунинг пул бандалари учун бир чақалик аҳамияти йўқ!

Ахир қайси бир тепасига “Матбуот” деб ёзиб қўйилган дўконга борманг, пештахтада ярим ялан­ғоч қизларнинг сурати босилган, қандайдир мафиоз-пафиозларнинг ахлоқсиз саргузаштлари битилган, “юлдуз” санъаткорларнинг қўйди-чиқдиси эзибички қилинган нашрлар пештахтада қаторлашиб туради! Уларнинг ортида сақич! Яна… Майли, бу ёғини айтмай қўя қолайлик…

Бирон марказий газетани сўрасангиз (ваҳоланки, кўп ҳолларда марказий газеталар матбуот дўконларига атиги бир-икки донадан берилади!), сотувчи излашга ҳам эриниб, “йўқ” деб қўяверади. Дарвоқе, кўп ҳолларда марказий нашрлар бундай ташкилотлар омборхонасида тахи бузилмай ётиши, сўнг, маълум муддат ўтгач, шундай тахи бузилмасдан, “сотилмади” деган баҳона билан ортга қайтарилиши ҳам бор гап.

Мана, сизларга бор ҳақиқат, муҳтарам мутасаддилар? Шу юрт­да яшаб, шу элнинг нон-тузини еб, яна ўқувчиларни маънавиятимизга, мафкурамизга хизмат қиладиган нашрлардан ҳам маҳрум этасизми? Газета ўқимаган одам, журнал ўқимаган одам эртага қандай қилиб китоб ўқийди? Сизлар халқ манфаати учун хизмат қиласизларми ёки “оммавий маданият”га? Ахир бу “оммавий маданият” деганлари фақатгина хориждан кириб келмайди, кўп ҳолларда шундайгина ёнимизда яратилади, сўнг бўяб-бежаб оммага етказилади. Аксарият ҳолларда сизларнинг воситачилигингизда. Сизлар орқали. Зеро, арзон ва ёлғон нарсанинг харидори кўп бўлади…

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча улуғвор ишларнинг асл моҳияти Ватанимизни янада юксалтиришга, хал­қимизни яратувчиликларга, бун­ёдкорликларга ундовчи миллий ғоя яратишга қаратилган. Миллий ғоя эса сиёсий қарашлар, сиёсий кучлар, сиёсий фикрларнинг турли муносабатлари орқали юзага келади. Бас, шундай экан, хал­қимизни сиёсий муносабатларнинг шакл­ланишидан, миллий ғоямизнинг юзага келиш жараёнидан ажратишга бўлган бу уринишни юқоридаги олтита вилоят оммавий ахборот воситалари тарқатувчи ташкилот мутасаддилари қандай тушунишар экан?!

Вақт ўтади. Бугун сиз марказий нашрлардан воз кечиб, оломонбоп нашрларни сотишдан топган миллион-миллион сўмингиз эртага бизга нима келтиради, қай шаклда, қай моҳиятда қайтади? Шу тариқа Сизлар ҳам “омма­вий маданият”нинг ижрочиларига айланиб қолмаяпсизларми, жаноб мутасаддилар?

Юқорида Президентимизнинг оммавий ахборот воситалари ҳақидаги фикрини бежизга келтирмадик. Мамлакатимиз раҳбарининг шу фикрларидан бирини яна бир бор эслатсак: “Демократик жамиятда барча давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилишга ўрганиши керак”.

Демак, юқоридаги олтита вилоят матбуот тарқатувчи, сотувчи ташкилотлари раҳбарларининг маслакларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, улар ё республикамиз Президентининг бу борадаги фикрларини эътироф этишмайди, ё мамлакатимизнинг демократик тараққиёт йўлини тан олишмайди, ёки “сиёсий саводхонликлари” ниҳоятда ошиб кетган. Зеро, бундай мутасаддиларни оммавий ахборот воситаларининг жонкуярлари эмас, “замонавий кушандалари”, дейиш мумкин.

Ҳа, сизларнинг баҳоналарингиз ҳамиша тайёр, чиндан ҳам пул керак. Аммо пулдан улуғ нарсалар ҳам бор. Бу Ватанга муҳаббат, унинг ҳам бугуни, ҳам эртанги куни ҳақида қайғуриш, чин эътиқод, она халқни севиш… Бас, шундай экан, ўз вазифамизга, бурчимизга, келажак олдидаги масъулиятимизга жиддийлик билан қарайлик. Ёки сизлар бошқача фикрдамисизлар?..

Таҳририят.

Манба: «Адолат» газетаси.