Янги уйғониш фасли

2020-01-03T09:22:10+05:003 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Йилбоши ўйлари

Учинчи минг йилликнинг дастлабки йигирманчи йилига ҳам етиб келдик. Сўнгги уч йил ичида кечган умримиз Ўзбекистоннинг янги тарихи саҳифаларига айланди. Азизиддин Насафий ҳазратлари уқдирганидек, дунё ўзи шундай: тинимсиз ҳаракатда, айланишда, тўлқин янглиғ гоҳ авжланиб, гоҳ сокин тортиб, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтишда, воқеа-ҳодисалар, бурилишу янгиланишлар занжири бир-бирига уланишда, бир бирини тўлдиришда, тун қоронғулиги тонгги шафаққа ўрин беришда, ногаҳоний довулдан сўнг майин шабада эсишда давом этаверади. Бу мангу илоҳий тартиботга ҳеч нарса таъсир ўтказа олмайди.

Инсон ҳар янги йилни, ҳар ёруғ кунни, ҳар янги фаслни умид билан кутиб олади. Дуога қўл очиб, яратган Эгамдан эл-юртга тинчлик, болаларига ризқ-насиба сўрайди

Иккита жаҳон уруши, ядро қуролининг кашф этилиши, қирғин-барот жанглари, аёвсиз босқинчилик, шўроларнинг ялпи даҳрийлик сиёсати, миллий ва диний туйғуларнинг оёқости бўлиши каби иллатлар тарихга кўчган иккинчи минг йилликда қолиб кетади, одамзот янги асрга руҳан покланиб, ақл-идроки, фаҳм-фаросатини чархлаб, маънан комилликка интилган ҳолда ўтади, йўл қўйилган хато ва янлишишлардан хулоса чиқаради, ўзини, она заминни, сув ва ҳавони, бошига соябон бўлиб турган беғубор осмонни пок тутади, қуролланиш пойгаси жиловланади, тўпларнинг оғзига кабутарлар ин қуриб, шу ерда бола очади, бундай қилмаса, ўзи ҳалок бўлади, деб ўйлаган эдик.

Таассуфки, бундай бўлмади. Дунё мураккаблашиб бормоқда, инсон ўзи ўтирган дарахт шохига арра тортиш (Эркин Воҳидов), ўзи ва болаларини тўйдираётган ерни заҳарлаш, океан сувларини чиқиндиларга тўлдириш каби хатти-ҳаракатлари билан тубсиз жарлик сари яқинлашиб келмоқда. Буни ер ўпирилишлари, сув тошқинлари, неча минг йиллик ўрмонларнинг ёниб кулга айланаётгани, абадий музликларнинг эриши, сув сатҳининг кўтарилиши ва бошқа кўплаб фалокатларда яққол кўриш мумкин.

Фақат шу эмас. Бўлинган дунёни қайта бўлаклаш, иқтисод ва сиёсатда якка ҳукмфармолик қилиш ниятлари, ирқий, диний можаролар “совуқ уруш” сиёсати пайтидагидек шитоб билан, янада кучли суръатда давом этмоқда. Қуролларнинг мисли кўрилмаган янги турлари, жумладан, психологик таъсир воситалари, оний сафо, кайфият бахш этувчи, оқибатда эса энди-энди катта ҳаёт остонасига келаётган, қалби орзу-умидларга тўла ёш авлоднинг хону-монини куйдирувчи ҳидлагичлар пайдо бўлди. Бу овозсиз қуроллар асосан ёшларни нишонга олаётгани ғоят ташвишлидир. Бугун бутун инсоният — каттаю кичик, ўғрию тўғри, олиму золим, қаттолу донишманд шундай бир замонда ёнма-ён, бир сайёра, бир қайиқда яшамоқда. Макон, бешик ва осмон битта экан, бошқача яшашни тасаввур этиш мумкин эмас. Шундай шароитда ўзликни сақлаб қолиш, фарзандларни илм-маърифатга йўналтириш, уй қуриш, боғ яратиш, келажак наслларнинг насибасини қирқмаслик олдимизда турган энг муҳим вазифа, виждон ва имон ишидир.

Ўтган аср адоғида Ўзбекистон миллий мустақилликка эришди. Ўта қалтис пайтда тақдиримизни ўз қўлимизга олдик. Кўплар “башорат” қилганидек, Ўзбекистон йўлини йўқотиб қўймади, диний ва миллий қобиққа ўралиб олмади, эшик-деразаларини ёпмади, дарвозаларни тамбаламади, маҳдудликка берилмади, аксинча, маърифий дунёга, илм-тафаккурга, замонавий ривожланишга, очиқлик ва бағрикенгликка, яхши қўшничиликка юз тутди. Миллатнинг асрлар давомида шаклланган тарихий тажрибаси, юксак инсоний фазилатлари қўл келди, шуларга суяниб, режалар тузилди. Тўғри йўл ва ечимларни излаш, ички имкониятларни ишга солиш, бошқарувни янгилаш, собиқ тузум қадриятларидан воз кечиш ҳаракатлари билан ўтди бу йиллар. Кўзлаган мақсадларимизга тўла эришмаган бўлсак-да, ҳарқалай, дунё кенгликларига чиқдик, тинчлик-тотувликни, аҳил-иноқликни сақлаб қолдик, ортга қайтмадик, гоҳ сусайиб, гоҳ тезлашиб, излаб-қидириб яшашда давом этдик. Шу аснода бугунги янги бурилиш нуқтасига етиб келдик.

Йиллар занжири узилмайди. Кимдир уларни бир-бирига ўхшаш вақт ҳалқачалари дейиши ҳам мумкин. Аммо, моҳиятан қараганда, ҳеч бир инсон, ҳеч бир кун, ой ёки йил бир-бирига айнан ўхшамаганидек, вақт халқачалари ҳам бир-биридан фарқ қилади. Ўтган, ўтаётган умримизнинг ҳар куни ўз хирмони ва тарозисига эга. Буни сезмаслик мумкин эмас.

Кейинги уч йил ичида, дунё ҳамжамияти расман эътироф этаётганидек, Ўзбекистон моҳиятига кўра неча ўн йилликларга тенг миллий ривожланиш йўлини босиб ўтди. Бу йўл Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги халқчил сиёсатидан, мамлакатда юзага келган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-психологик ҳолатни реал баҳолашдан, танқидий мушоҳадаларга йўл очишдан бошланди. Янги сиёсатнинг бош мақсади халқ билан мунтазам 4 мулоқотда бўлиш, уни тинглаш, муаммоларини ҳал қилиш, биз билан бир минтақада яшаб келаётган, суви сувимизга, йўли йўлимизга, ери еримизга туташ, миллий ва диний қадриятлари, урф-одатлари бир қўшнилар ўртасидаги йиллар, асрлар синовидан ўтган ҳамкорлик алоқаларини тиклаш, ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш, йўлларни сунъий тўсиқлардан тозалаш, асоссиз таъқиқларни, кўринмас “қора рўйхат”ларни бекор қилиш, қонун бузилишлари, мансаб ваколатларини суистеъмол қилишга йўл қўймаслик каби эзгу мақсадлардан иборат эди.

Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг буюк салоҳиятини, улуғ тарихимизни, дунё тамаддунини ҳамон машъала янглиғ ёритиб келаётган маънавий меросимизни жаҳонга олиб чиқиш, илм-маърифатда миллий курашимиз қоидалари каби ҳалол баҳсга киришиш, тафаккур майдонида ўзликни намоён этиш фурсати аллақачон етиб келган эди.

Бу тарихий жараённи бошлаш учун, биринчи навбатда, жамиятда соғлом маънавий муҳит, ижтимоий адолатнинг қарор топишига ишонч руҳини юзага келтириш, бутун вужуд, онг-тафаккур билан ишга киришиш, тадбиркорлик ва ишбилармонликни мамлакат миқёсида умумхалқ ҳаракатига айлантириш зарур бўлади. Жамиятнинг ҳаракатсиз мурватларига жон ато этиш, фикр, мудроқлигига барҳам бериш учун ўзида бугунги кун руҳиятига мос мақсадларни акс эттирувчи ҳаётбахш шиорлар эҳтиёжи пайдо бўлганди. Янги раҳбарнинг “Одамлар давлат идораларига эмас, давлат идоралари одамларга хизмат қилиши керак”, “Одамлар бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади”, “Юртдошларимиз ўз умридан бугун рози бўлиб яшашлари зарур”, деган даъватлари ана шу маънавий бўшлиқни тўлдирди, янги Ўзбекистоннинг янги қадамлари маъно-моҳиятини белгилаб берди.

Орадан атиги уч йил ўтди. Бугун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, халқаро алоқаларда, маданият ва маънавиятда, мактабгача тарбия, олий ва ўрта махсус таълим тизимида, туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самаралари, Ўзбекистоннинг тинч, бехавотир мамлакат сифатида эътироф этилиши, иқтисодимизнинг ишончли қадамлари, ёшларимиз эришаётган оламшумул ютуқлар, халқаро инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар Ўзбекистон чин маънода янги уйғониш фаслига, ўз тарихининг энг шонли, залворли саҳифаларига яқинлашаётганидан, “Миллий тараққиётдан — миллий юксалишга” ғояси асосида тараққиётнинг янги босқичига ўтаётганидан далолат беради.

Бу — шунчаки фикр эмас. Мамлакатимиз иқтисодиётида, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда, жаҳон ҳамжамияти сафидаги ўрнимизда, одамлар онг-шуури, турмуш тарзида юз бераётган ўзгаришларни дунё ҳайрат ва ҳавас билан кузатиб турибди, нуфузли минбарларда эътироф этмоқда. Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик сиёсати дунёга ёйилмоқда.

Улуғ Конфуций “Умрида йиқилмаган киши буюк эмас, неча бор йиқилган, аммо ўрнидан шахд билан туриб, ўзига ишонч билан олдинга интилган одам буюкдир”, деган экан. Унинг яна бир фикри шуки, йўлга мақсадсиз чиққан инсон, шубҳасиз, фалокатга йўлиқади. Биз бугун ўтган йўлимизни, эришган ютуқларимизни, йўл қўйган хато-камчиликларимизни холис баҳолаб, уларни қайта такрорламаслик тадоригини кўриб, аниқ мақсад билан олдинга интилмоқдамиз. Ўзбекистон раҳбарининг янги сиёсати минтақа ижтимоий-сиёсий ҳаётига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу сиёсат Ўзбекистонни бир вақтлар илм-фан тараққиёти бобида дунёга муаллимлик қилган улуғ аждодлармиз руҳи ва меросига яқинлаштирмоқда.

Давлатимиз раҳбари ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар билан учрашув чоғида бу босқичда маданият, маънавият, хусусан, бадиий адабиёт зиммасига ғоят масъулиятли вазифа юкланишини, шу мақсадда мамлакатимизда Президент мактаблари, атоқли шоир ва адибларимиз номлари билан аталадиган ижод мактаблари ташкил этилганини, бу мактабларда ўқиган болалар эртага Ватанга, оилага хиёнат қилмаслигини таъкидлаб, “Адабиётсиз иқтисодиёт ҳам, маънавият ҳам бўлмайди. Ҳар қанча бойлик китобсиз, билимсиз узоқ яшамайди”, деди.

Худди шундай. Бизга бугун янги дунёвий, иқтисодий, сиёсий-маърифий тафаккур зарур. Буни ҳаммамиз ҳис этиб турибмиз. Аммо, ҳаммамиз бирдек яхши билишимиз зарур бўлган бир ҳақиқат шуки, дунё дунё бўлганидан бери инсоният бу фазилатларни ёзма адабиёт орқали эгаллаб келган. Бугун, эртага ҳам шундай бўлади. Бошқа йўл йўқ. “Ҳамма илм компьютерга жойлашади, китоблар, газета-журналларнинг умри тугайди, қоғозга ҳожат қолмайди” дея, телевидение кашф этиланида, мана энди театрларнинг умри тугайди, деганлар каби янглишадилар. Компьютер асри ҳаётимизга дунёни англаш, хабардорлик даражамизни ошириш, фаолиятимиз самарадорлигини таъминлаш билан боғлиқ яна кўп янгиликлар олиб киради. Бу — исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Аммо инсониятнинг буюк ихтироси бўлмиш китоб ва журналларнинг инсон онг-тафқаккурига таъсири мутлақо ўзгачалигини унутмаслигимиз керак.

Адабиётнинг устоз Абдулла Қаҳҳор аниқ чамалаган қудратли кучи бугун фақат бир мамлакат ёки бир минтақада эмас, ер юзида инсон тақдирини, унинг бу ёруғ оламда яшаб қолиш-қолмаслигини ҳал қила оладиган халоскор омил бўлиб турибди. Унинг олдига қўйилаётган вазифа фақат шу эмас. Улуғ адиб Чингиз Айтматов катта хавотир билан ёзганидек, дунёнинг бугунги маънавий-ахлоқий қиёфаси олдида энг катта ва оғир вазифа — инсонни инсон мақомида сақлаб қолиш бўлиб қолди. Адабиёт шу тўғонни енгиб ўтиши керак. Чинакам адабиёт ўтмишда бу ишни кўп бор уддалаган, бугун ва эртага ҳам уддалай олади.

Ҳар бир мамлакатнинг маънавий-ахлоқий оламини адабиётга муносабат, китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Дунёнинг мана-ман деган давлатлари молиявий инқирозга юз тутиб, иқтисодий муаммолар гирдобида қолаётган бир пайтда Ўзбекистон пойтахтида китобхонларга атаб муҳташам зиё маскани, адиблар хиёбони қурилгани, Ислом цивилизацияси маркази қад ростлаётгани, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўз биноси ва боғига эга бўлгани, ижодкорлар учун уй-жой, дам олиш масканлари қурилаётгани, адабиёт оламига кириб келаётган ёш ижодкорлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки, қадим-қадимдан илм-маърифатга, зиёга интилган ва бу борада дунёни ҳайратга солган халқмиз. Аллома аждодларимиз эришган оламшумул ютуқларнинг бош сабабчиси китоблардир. Улар ёшликдан мутолаага берилишган. Шундай экан, хонадонларимизни, фарзандларимиз онг-шуурини китоблар саҳифаларидаги бебаҳо ҳикматлар билан безашга эътиборли бўлайлик. Ота-онасини китоб ўқиётган ҳолда кўрмаган боланинг китобга меҳр қўйиши анча қийин кечади.

Китоб инсониятнинг буюк ихтироси. Унинг қудратини фақат қуёшнинг қудратигагина қиёслаш мумкин. Шунда ҳам, инсон қалбини ёритиш фақат китобнинг қўлидан келади, холос. Шундай китоблар борки, улар сени оҳанрабодай ўзига тортади, умринг йўлларида беминнат ҳамроҳингга айланади, қайта-қайта ўқийсан, ўқиганинг сари ақл-шууринг тўлишиб боради, ўзинг учун муҳим нарсаларни кашф этаверасан ва бу жараён ҳеч қачон ниҳоясига етмайди. Бинобарин, яхши китобларни бир марта ўқиш билан кифояланиш керак эмас. Унинг мўъжизалиги шундаки, ҳар гал ўқиганингда у сенга маъно хазинасининг янги қатларини очаверади.

Бундан англашиладики, мамлакатда китобхонлик маданиятини янада ривожлантириш, ўзбек адабиётининг энг сара асарларини дунёга олиб чиқиш, жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига ўгириш, дунё мамлакатлари билан адабий алоқаларни кенг йўлга қўйиш, бадиий таржима маҳоратини ошириш, бу эзгу ишга қўл ураётган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бугун ҳар қачонгидан ҳам аҳамиятли вазифадир.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

«Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири.

Манба:«Hurriyat» газетаси