Кўнгил ҳамиша ёруғлик истайди

2020-01-03T09:13:29+05:003 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Муҳаррир минбари

Шу Ватанда туғилган инсон борки, Янги йилдан ўзи яшаётган жамияти, оиласи, ўниб-ўсаётган фарзандлари учун бир ёруғлик истайди. Барчасининг равон ва нурафшон йўли янада нурга тўлишини, юрт, эл оғири енгил бўлишини ният қилади. Ортда қолган 2019 йил мамлакат миқёсида улкан ислоҳотлар йили сифатида ёдда қолади, албатта. Барча соҳаларда бўлгани каби, оммавий ахборот воситаларига муносабат янгича кўриниш олди.

Ўтган йилдаги ҳокимлик ва халқ вакиллари ўртасидаги тортишувлар натижасида халқ ҳокимиятни, ҳокимият халқни бир қур англаб етди, десак хато бўлмас. Гарчи “қовун” тутгувчилар, уни қўлтиғига омонатгина қистириб олиб, тўғри ва текис йўлда ерга тушуриб қўйганлар кўп бўлган бўлса-да, барибир улар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, яқинлик пайдо бўлди. Бир-бирини тушуниш, англаш ҳиссиёти уйғонди.

Айниқса, давлат миқёсида журналист аҳлига қаратилган алоҳида эътибор, журналистнинг обрўсини, мавқейини бир қадар баландлатди. Халқимиз айтганидек: “Ҳаракат қилган одам хато қилади. Хато қилмайдиган одам ҳаракатсиздир”. Жамият хато қилгандан эмас, хато қилмайдигандан қўрқиши керак. У улкан чинорнинг танасига ёпишган қурт кабидир. На бор, на йўқ. Шахс сифатида борлиги ҳам, йўқлиги ҳам билинмайди.

Президентимиз 2019 йилда ҳам журналистика соҳасига алоҳида эътибор қаратди, ҳар жабҳада қўллаб-қувватлади. Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригида ҳам: “Ўз навбатида, биз оммавий ахборот воситаларининг фаолият эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, жамиятда демократик принциплар, фикрлар ва қарашлар ранг-баранглигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишларимизни албатта изчил давом эттирамиз”, дедилар.

Шунингдек, Президентимиз 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборт воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида келтирилган: “Оммавий ахборот воситаларининг фаолияти учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини ошириш, шунингдек, уларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ва ахборот хизматлари фаолиятини самарадорлигини тубдан яхшилаш” жумлалар келажаги буюк давлатимизнинг равнақи йўлида барча бир куч бўлиб ҳаракатланиши лозим эканлигини кўрсатди.

Президентимизнинг шахсан эътибори туфайли давлат ташкилоти ва идоралари, ҳуқуқ-тартибот органларидан журналистнинг ахборот олиш имконятлари ошди ҳамда мазкур идоралар раҳбарларининг журналист сўраганда ахборот бериши шартлиги амалдаги қонун тартибида белгилаб қўйилди.

Эндиликда, ижтимоий тармоқлар: фейсбук, телеграм, инстаграм, веб-сайт сингари хусусий каналларда фаолият юритаётган журналистлар, блогерлар мамлакат ичкарисида ва ташқарисида кечаётган сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий ҳодисаларга ҳаққоний баҳо беришида, аҳоли орасида ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олишда, одамлар яхшилик ва ёмонликни ажратиб олишларида, юқорида таъкидланганидек, Қарор муҳим ҳужжат вазифасини ўтайди.

Барчага маълумки, ўтган даврда бирор вилоят ҳокими ёки вазирликнинг масъул вакили аҳоли билан мулоқоти чоғида айтган гапларининг айрим жумласини қирқиб олиб, ахборот сифатида тарқатилиши, биринчи навбатда, одамлар орасида ҳукуматга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотди. Қолаверса, ёлғон маълумотга эргашганларнинг буртириб ҳақорат қилиши, маълумот доирасида мулоҳаза юритиши, натижада ҳақиқат ошкор бўлгач баъзи ўзини матбуот вакилиман дейдиганларнинг ўз қилмишидан уялиб қолганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Албатта, Президентимиз айтганларидек, давлат миқёсида сиёсат юритишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар ҳам муҳим восита бўлиб, Юртбошимизнинг ўзлари матбуотни кузатиб боришлари соҳага янада масъулият билан ёндашишни талаб этади.

Ўзбекистон — бизнинг ягона ватанимиз! Ватандан ташқарида ватансиз яшаётганлар буни эҳтимол тийранроқ ҳис қилишади. Бугун оммавий ахборот воситаларида ҳам ҳукумат доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабат билдиришда гуруҳлар, тарафкашлар пайдо бўлаётганидан хабаримиз бор. Биз якдил, бир мақсад йўлида, яъни Ватан шаъни барча нарсадан устун ғояси атрофида бирлашсак, Ўзбекистон тараққиётига ҳеч бир куч тўсиқ бўлолмайди!

Шундай экан, Ўзбекистоннинг ҳар бир қарич ери аждодларимиздан, ота-боболаримиздан бизга қолган мерос эканлигини азиз билиб, Ўзбекистоннинг ҳар бир сиқим тупроғи мен учун муқаддасдир, деб яшаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир!

Президентимиз Бош қомусимиз қабул қилинганига 27 йил тўлиши муносабати билан қилган маърузаларида: “Ишончим комил, биз мана шундай тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаб, ўзаро ҳурмат ва аҳиллигимизни асраб-авайлаб, шукрона қилиб яшасак, Яратганимиз ўз неъматларини халқимизга зиёда қилиб беради”, дедилар.

Бугунги шиддатли ахборот алмашинув даври журналистдан тезкор ва холис фаолият юритишни талаб қилади. Ҳозирда интернет ҳар бир хонадонга кириб борди. Дунёда кечаётган сиёсий-ижтимоий жараёнларга қизиқувчилар, уни мамлакат ривожига таққословчилар ҳам ўз фаолиятини ошириб бораяпти. Журналистнинг хушёрлиги шундаки, ҳар бир воқеа ва ҳодисага ўз вақтида муносабат билдириш, сабаб атрофида фикр юритганда холис ёндашиши ўта муҳим аҳамият касб этади.

Энди ёлғон, қочирим маълумотлар билан халқни алдаб бўлмайди. Фуқароларнинг маънавий-ҳуқуқий онгини янада ўстириш, ҳаётга муносабатини ўзгартириш хусусида давлат томонидан амалий ишлар қилинмоқда. Одамлар ўз ҳуқуқини қонун доирасида талаб қилиши — бир инсондек яшаш моҳияти эканлигини кун сайин ўзлаштириб бормоқда.

Президентимиз 2019 йил 07 декабрь куни Конституция кунига бағишланган ўз маърузасида оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўхталар экан: “Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди”, дея журналистика соҳасининг амалдаги қонунчилик асосида ҳимояда эканлигини таъкидладилар.

Бу шак-шубҳасиз, мамлакат раҳбарининг юртимизда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида ҳам олиб бораётган ислоҳот, эртанги очиқ ва демократик жамият қуришнинг энг муҳим пойдевори вазифасини ўтайди.

 

Абдурасул ЖУМАҚУЛОВ,

«Hurriyat» газетаси бош муҳаррири.

Манба: «Hurriyat» газетаси.