Фахрий журналистларга Янги йил совғалари топширилди

2020-01-03T07:08:54+05:003 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими ходимлари Янги йил муносабати билан фахрий журналистлар хонадонида бўлиб, уларни Янги йил билан табриклади. Совға-салом ва озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.
Вилоятда икки юздан ортиқ журналист-ижодкорлар ва соҳанинг меҳнат фахрийлари истиқомат қилмоқда.Сўнгги пайтларда юртимизда нишонланадиган турли шодиёналар арафасида кекса ҳамкасбларидан хол-аҳвол сўраб, ёши улуғ устозларга байрам туҳфаларини топшириш ажойиб аньанага айланди.
Фахрий журналист Жўра Қодиров Янги йилда 73 ёшни қаршилайди. Меҳнат фаолиятини педагогликдан бошлаган Жўра бобо дастлаб Шўрчи, Олтинсой тумани ташкил топгач шу туман газетасида узоқ йиллар фаолият юритди. Очерк, лавҳа ва бошқа публицистик мақолалари, танқидий-таҳлилий материаллари билар элга танилди. Ўн беш йилдан ошдики, кекса журналист қарилик гаштини сурмоқда.Лекин, ҳали ҳам тиниб,тинчимайди.Туман,вилоят ва республика нашрларида ўз мақолалари билан фаол иштирок этиб келмоқда.
Янги йил муносабати билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлими масьуллари фахрий журналист хонадонида бўлиб, ҳол-аҳвол сўради. Кекса журналистга аталган совға-саломларини топшириб, байрам шодиёналарига шерик бўлди.
Ҳаётининг энг кучга тўлган 37 йилини шу соҳага бағишлаган Бозор Муҳаммадиев Шўрчи туманида фаровон турмуш кечирмоқда. Ўтган йили муборак 70 ёшини нишонлаган устоз журналист вилоят телерадиокомпанияси, вилоят ва Шўрчи тумани газеталарида узоқ йиллар меҳнат қилиб, ташаббускорлиги, изланувчан ва фидойилиги, қизиқарли, ўқимишли мақолалари билан ёшларга ибрат бўлди. Кўплаб шогирдлар тарбиялади.
Байрам баҳонасида ҳассос ижодкорни ҳамкасбларининг йўқлаб келгани фахрий журналист оиласига бир олам қувонч улашди.
– Янги йил қувончимизга қувонч бағишлаганларингиздан бошимиз осмонга етгудек бўлди, – дейди Бозор бобо Муҳаммадиев. – Ўн йилдан буён пенсиядаман. Фарзандларим, невараларим, қавму қариндошларим қуршовида бахтиёр турмуш кечираяпман. Сўнгги йилларда журналистларга кўрсатилаётган эьтиборни кузатиб, сизларга ҳавасим келади. Тағин ёшариб қолсам-у, жамиятда бугун юз бераётган ўзгаришларга яна ўз ҳиссамни қўшсам, деган хаёлга ҳам бораман.
Меҳмонлар хонадоннинг файзли байрам дастурхони атрофида дилдан суҳбатлашиб, хотираларни эсга олди. Байрам туҳфаларини топширди. Устоз журналистнинг Янги йилга бағишлаб шеьр, қўшиқ айтган невараларига Қорбобонинг турли ширинликлардан иборат совғаларини бериб, уларга қувонч бағишлади.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ.

Манба: ЎзА