Тўй-ҳашамлар энди тартибга тушади…(ми?)

2019-12-27T07:02:24+00:0027 Dekabr, 2019|Ҳафта мақоласи|

Бундан юз йил илгари маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий «Ойина» журнали орқали тўй ва маъракалардаги дабдабабозликдан қутулмасак, ҳеч қачон ривожланган давлатлар қаторига қўшила олмаслигимизни башорат қилган эди.

 «Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур».

Маҳмудхўжа Беҳбудий 
«Ойина» журнали, 1915 йил.

Ўтган бир аср давомида сонсиз бидъатлар, иллатлар йўқ қилинди. Аммо тўйларимиз, маъракалардаги аҳмоқгарчилик, дабдабабозлик ривожланиб борди. Ҳатто тўй учун олган қарзини тўлай олмай уй-жойини сотган, жонига қасд қилганлар тўғрисида ҳам эшитдик.

Келиннинг сепи оилаларнинг бузилиши, болаларнинг етим қолишига сабаб бўлган ҳолатлар ҳам бор. Натижада бугун тегишли органлар дабдабабозликка чек қўйиш мақсадида қатъий чоралар кўришга мажбур бўлмоқда. 12 сентябрь куни Олий Мажлис палаталари кенгашларининг мавзуга оид қўшма йиғилишида «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишининг тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш  тўғрисида» қарор қабул қилди. Хўш, янги қарор дабдабабозлик, манманликка чек қўя оладими? Шу тўғрисида Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Иқболжон Мирзаалиев билан суҳбатлашдик.

Юз йилда ҳам ўзгармадик

— Дарҳақиқат, қанчалар аччиқ бўлмасин, Беҳбудий бобомиз тўйлар ҳақида куюниб ёзганидан буён, деярли ҳеч нима ўзгаргани йўқ, — дейди И. Мирзаалиев. — Аксинча дабдабабозликнинг миқёси ошиб борди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, маъно-мазмундан мутлақо холи янгидан-янги бачкана одатларни ўйлаб топяпмиз. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тўйлар ва кортежлар, маросим ва маъракалар билан боғлиқ лавҳалар ақли бор одамни ҳушёр торттиради. «Чарлар», «ақиқа», «мучал тўйи», «қиз мажлис», «куёв чақириқ», «келин кўриш» каби маросимлар камдек яқинда «папка тўйи» деган бемаъни одат ҳам пайдо бўлди. Булар минг-минглаб оилаларнинг нафақат ижтимоий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Жамиятда ижтимоий тенгсизлик, табақаланишни бўрттириб кўрсатяпти ва бу аҳоли орасида норозилик кайфиятининг кучайишига сабаб бўлади.

Латтапарастликни йигитларимиз кимдан ўрганяпти?

Яқинда бир йигит келин томон сарпога Туркияда эмас, ўзимизда ишлаб чиқарилган кийим-кечак юборгани учун тўйни бузгани ҳақида хабар тарқалди. Йигитча уялмай шу тўғрида интервью ҳам берди. Бундай шармандаликни қаердан ўрганяпмиз? Хорижданми? Йўқ, албатта. Чунки дунёнинг бирорта минтақасида бунақа урф мавжуд эмас. Турмуш қуришда латтанинг қадри эмас, балки муҳаббат, ҳурмат асосий мезон бўлиб хизмат қилади. Муқаддас динимизда эса тўйдан олдин куёв келинга маҳр бериши керак. Ҳозир эса, аксинча, келинлар латта-путта, эркаклар пардоз воситалари, мебель, машина, уй кўринишида куёвларга «маҳр» бериши кузатиляпти. Бунинг моҳиятини ўйлаб кўраётганимиз йўқ. Сарпога келган костюм-шим оддийроқ бўлгани учун тўйни бузган укамизга эса «эрга текканинг яхши», дея жавоб беришдан ўзга иложимиз йўқ. Ўғлини латтапараст қилиб ўстирган ота-онага ҳам аччиқ гапларимиз бор, албатта. Тўғриси, беюз «куёв»нинг интервьюсини томоша қилиб, тўйи бузилган қиз учун хурсанд бўлдим. Зеро, у бунақанги «йигит» билан бахтли бўлиши даргумон эди.

Янги қарор вазиятни изга сола оладими?

2018 йилда юқоридаги масалаларда тегишли қарор қабул қилинганди. Афсуски, натижа кутганимиздек бўлмади. Ўша пайтда дабдаба бироз пасайса-да, бугун яна авжига чиқди. Натижада, билдирилган таклифларни инобатга олиб Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма йиғилишида тегишли янги қарор қабул қилинди. Унга кўра, 2020 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ўйлаймизки, бу сафар дабдабабозликка чек қўйишга эришилади.

Энди тўй кортежида учтадан ортиқ машина бўлмайди…(ми?)

Низомга кўра, 2020 йилдан тўй ўтказувчи шахслар бу ҳақда камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги маҳалла раисини хабардор қилиши шарт. Дафн маросимидан ташқари барча оилавий тадбирлар фақат бир кун соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Ош бериш маросимининг вақти эса ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан белгиланади. Тўй базмларига 200 нафаргача, ошга эса 250 нафаргача меҳмон таклиф қилиш мумкин. Қўшалоқ тўй базмларида 250 нафаргача, у билан боғлиқ ошда 300 нафаргача меҳмон кутилади. Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахс иштирокида оилавий тадбирлар ўтказиш учун шартнома тузилиши керак бўлади. Санъаткорлар ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатадилар. Оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди. Диний мавзудаги маърузалар фақат диний идораларнинг ваколатли вакили томонидан ўқилади.

Шунингдек, никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат этилмайди.

«Чарлари» ҳам ўтказилмайди

Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни ўтказиш ҳам қатъий тартибга солинади. Жумладан, «келин навкари», «чарлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш» ва ҳоказоларни ўтказишга йўл қўйилмайди.

Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирлар — «етти», «пайшанбалик», «якшанбалик», «йигирма», «қирқ», «ҳайит», «йил оши», «пул тарқатиш», «мато улашиш» ва ҳоказоларга барҳам берилади.

Прокуратура назоратига олади

Маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ФҲДЁ органлари оилавий тадбирларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширади. Ички ишлар органлари оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари талабларига тўйхона, кафе ва ресторанларда риоя этилишини назорат қилади ҳамда ушбу талаблар бузилганлиги аниқланган ҳолатда тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўради.

Бунда тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган оилавий тадбирлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозим. Албатта, низом талабларини ҳаётга татбиқ этиш жараёнида унинг камчиликлари, амалга оширилиши керак бўлган янги долзарб масалалар аниқланиб бораверади. Эҳтимол бу борада кейинроқ мукаммал бир қонун ҳам қабул қилинар. Зеро, жамиятимизни қуртдек кемираётган дабдабабозлик иллатига чек қўйиш бугун давлат даражасидаги мухим вазифалардан бирига айланиб бормоқда.

 Улуғбек ИБОДИНОВ.

Манба: «Mahalla»газетаси.