Керакли нашр обунаси “мажбурий” бўлиши лозим

2019-12-27T06:55:37+00:0027 Dekabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Ҳозир кескин ўзгаришлар, янгиланишлар даврида яшаяпмиз. Журналистларга оммавий ахборот воситаларида камчиликларни ошкора айтиш учун эркинлик яратилди. Давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари ходимлари аҳоли ҳузурига келадиган бўлди.

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун имкониятлар яратилди. Бунинг таркибида янги блогерлар йўналиши пайдо бўлиб, ижтимоий тармоқларда улар ҳам ўз фикрларини эркин айтадиган бўлди. Аммо шу ўринда бир гапни айтиш ўринли, деб ўйлайман. Эркинлик – ўзбошимчалик эмас! Эркинлик – бу  нима хоҳласам қилаверишим мумкин, дегани ҳам эмас. Эркинликнинг замирида тўғри гапни айта олиш тамойи­ли ётади. Тўғри гапни айта олмасдан, кимгадир маъқул бўлиш учун бошқа сох­та гаплар билан бировнинг “обрўсини кўтариш”га ҳаракат қилмаслик ёки қандайдир, жамиятимизга тўғри келмайдиган сиёсатни ёқлаб, чиқиш қилиб «очко» олиш керак эмас.

Энди чекловларга келсак, ҳозир мажбурий меҳнат тақиқланди,  шунингдек, мажбурий обуна ҳам.  Аммо мажбурий меҳнат тақиқлангани, меҳнат қилмасдан яшаш дегани эмас ва мос равишда, мажбурий обуна бекор қилингани обуна бўлмаслик дегани ҳам эмас. Кўпчилик обуна бўлиш масаласи ҳақида гап кетганда, «Ҳамма нарса интернетда бор-ку, газета нимага керак?» дейди. Ҳақиқатан ҳам интернет яхши. Аммо интернет газета ёки журнал ўрнини боса олмайди.

Шунинг учун ҳар бир оилада, албатта, оиланинг эҳтиёжига мос газета ва журналлар бўлиши керак.

Мақола сарлавҳасини бежиз «Керакли нашр обунаси “мажбурий” бўлиши лозим», деб ёзмадим. Ҳозирги замонда ҳар бир киши ёшидан, касбидан, эътиқодидан қатъи назар, ахборотларсиз яшаши қи­йин. Шундай экан бу эҳтиёжни ўзи қондириши керак. Буни қандай қилиб амалга ошириш ҳар бир кишининг ўзига ҳавола. Интернетдан одатда жамиятда содир бўлаётган ҳодиса ва жараёнлар ҳақида ахборотларнигина олиш мумкин. Аммо ахборотларнинг таҳлили журналистлар ва мақола муаллифлари томонидан ёзилган мақолаларда ўз аксини топади. Шу туфайли газета тезкорлиги жиҳатидан интернетдек бўла олмайди ва мос равишда, интернет ҳам жамиятда содир бўлаётган ҳодиса ва жараёнларнинг мазмун-моҳия­тини чуқур таҳлил қилиб, очиб бериши нуқтаи назаридан газетанинг ўрнини боса олмайди. Шу жиҳатдан интернетдан фойдаланиш билан бирга газеталарга обуна бўлишни ҳам инкор қилмаслик керак. Мен айнан қайсидир бир газетага обуна бўлиш ҳақида айтмаяпман, аммо ҳамманинг йўналишига мос газеталар бор, ким қайсини маъқул кўрса, айнан шу газета ёки журналга обуна бўлиши мумкин.

Энди обунанинг “мажбурий”лиги масаласи ҳақида гапирмоқчиман. Бизни фалон газетага, албатта обуна бўлиш керак, деб ҳеч ким айтаётган эмас. Аммо бундан биз газета ўқимасак ҳам бўлаверади, деган хулосага келмаслигимиз лозим. Ҳар бир одам ўзининг эҳтиёжидан келиб чиқиб тегишли газеталарга обуна бўлиши мақсадга мувофиқ.

Жамият ҳам катта организм. Уни ҳам маълум меъёрда, соғлом ҳолда ушлаб туриш лозим бўлади. Унинг ҳам “иситмаси” бор, “касал” бўлиб қолиши ҳам мумкин. Буни даволаш учун муолажа керак бўлади. Агар буни шифокорликка қиёс қиладиган бўлсак, интернет “тез ёрдам”нинг хизматини бажаради, касаллик ҳақида тезкор хулоса чиқариш учун тегишли ахборотларни беради.  Газета эса “кўп тармоқли шифохона”. Унда тизимли муолажалар олиб борилади ва аста-секинлик билан жамиятдаги касалликларни, иллатларни даволаб, организм­ни тозалайди.

Ўзимдан мисол. Мен тўртта газетани мунтазам ўқиб бормасам, ниманидир йўқотгандек бўлавераман. Маънавий эҳтиёжимда камчилик сезавераман.

Умуман, атрофдаги ўзгаришлар ҳақидаги мақолаларни ўқимасак, ундан бехабар бўлсак, қандай қилиб жамият билан ҳамнафас бўлишимиз мумкин?

 Мамаюнус ПАРДАЕВ,

СамИСИ профессори.

 Манба: «Зарафшон» газетаси