Витторио Джоржи: “Гулистонда Италияда юргандек бўлдим”

2019-12-24T10:14:55+05:0024 Dekabr, 2019|Сирдарё вил.|

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ҳамда туманлар Кенгашларига сайловлар муносабати билан юртимизга юзлаб халқаро кузатувчилар ташриф буюришди. Шу жумладан, сайловлар куни вилоятимизга ҳам бир неча чет эллик меҳмонлар келиб, ҳамюртларимизнинг фаол иштирокида ўтаётган сайлов жараёнига гувоҳ бўлишди. Италия давлатидан ташриф буюрган хорижий кузатувчи, Ўзбекистоннинг фахрий консули Витторио Жоржи Гулистон шаҳридаги сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнлари билан яқиндан танишди ҳамда МСКнинг Халқаро матбуот маркази вилоят бўлимига ташриф буюриб, ОАВ вакиллари билан самимий мулоқотда бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли меҳмонга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

– Витторио Джоржи жаноблари, аввало шаҳримизга хуш келибсиз. Юртимизда, бўлаётган ўзгаришлар, ўтаётган сайлов ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Мен Ўзбекистонга бир неча марта келганман, ҳар гал янгиликларни кўриб, ҳавасим ортади. Сирдарёда, айнан Гулистон шаҳрида биринчи бор бўлишим. Сайловларга жуда катта тайёргарлик кўрилганига, одамларнинг бу сиёсий жараёнга қизиқиш билан қараб, унда фаол қатнашганларига гувоҳ бўлдим. Бу албатта, кейинги йилларда юртингиздаги улкан ўзгаришлар, янгиликлар бўлаётгани, Ўзбекистон аҳлининг ўз Ватани келажаги учун бефарқ эмасликлари ва ўзлари танлаб овоз берган, сайланадиган муносиб депутатларга катта ишонч билдираётганидан, энг муҳими, халқингизнинг сиёсий билими етарли ҳамда сайловларга муносабати ижобий эканлигидан дарак беради.

-Айтинг-чи, шаҳримиз сизга ёқдими, таассуротларингиз қандай?

– Тўғрисини айтсам, шаҳрингиз менга жуда ёқди, чиройли ва шинам экан. Номини таржима қилиб беришди ва мен у номига муносиблигига гувоҳ бўлдим. Айниқса, оқшом чоғи сайр қилиб, завқим келди. Байрамга безатилганми десам, ҳар доим мана шунақа гўзал кўринишда бўларкан. Атрофда минглаб ранго ранг чироқлар ёниб турибди. Одамлар билан суҳбатлашганимда уларнинг қалблари ҳам шу чироқлар нури каби ёруғ ва гўзал эканлигини англадим. Шаҳрингиз билан фахрлансангиз арзийди. Мен бу ерда худди ўз Ватаним – Италияда юргандек ҳис этаяпман. Сайлов ўтаётган пайтда шаҳардаги майдон ва хиёбонлардаги байрамона ҳолатни, яъни одамларнинг, айниқса, ёшларнинг қувноқ давраларини, янграётган шўх куй-қўшиқларни тинглаб, юртимдаги маданият марказлари, санъат саройларида янграб турадиган мусиқаларни тинглагандек бўлдим. Биласиз, менинг ҳамюртларим ҳам санъатни жуда севишади ва қадрлашади. Худди шу жиҳатлари билан халқларимиз ўхшаш экан. Шаҳрингиздан, мамлакатингиздан жуда бой ва яхши таассуротлар билан қайтаман.

-Мазмунли суҳбат учун катта раҳмат.

Суҳбатдош: Холида ПАРДАБОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.