Шовқин қилманг, сиздан бошқалар ҳам бор…

2019-12-19T11:53:36+05:0019 Dekabr, 2019|Ҳафта мақоласи|

Манзилга шошиб борар экансиз, автобус салонида турли воқиаларга дуч келасиз. Кимдир ўзидан катталарга жой берса, яна айримлар кичикларга иззат-икром кўрсатишади. Аммо ҳамма ўсмир-ёшлар ҳам шундайми?

Айрим тенгдошларимиз қаердалигини унитиб қўядими ёки одоби “ғовлаган”иданми шериги билан овозини баралла қўйиб гаплашади. Худди атрофида ҳеч ким йўқдек. Бу миллатимизга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмаслигини ё билмайди, ё билса ҳам ўзлигимизни писанд қилмайди.

Автобусда ишга кетаётсам иккита ўспирин йигит, кўринишидан талаба бўлса керак, ўриндиқни банд қилиб, қўлидаги телефонга термулганча ниманидир титкилади, атрофга қарагиси йўқ. Излаганини топишди шекилли, дарров қулоқчинини тақиб, кўзларини юмиб, бошини орқага ташлаб, телефонидан ниманидир эшита бошлади. Йўлакда туриб қолган онахон: “Қани турларинг-чи! Инсофларинг борми ўзи?! На каттани билади булар, на кичикни”, дея шанғиллаб гапиргач ноиложликдан, норози қиёфада ўриндиқни бўшатишди…

Эрталабки ўсмир-ёшларнинг кексаларга бўлган муомаласидан хижил бўлиб таҳририятга келасам, кичик мақола олиб келган талаба йигит кутиб турган экан, у ҳам кўрган-билганларини сўзлаб берди:

— Уйимизни ёнида мактаб бор, ўқишга боргунча ҳар куни ёнидан ўтаман, бугун эрталаб мактабга келаётган ўқувчиларни кузатдим. Айримлари телевизорда кўрган чет эл фильмини ўзларича муҳокама қилишарди, қулоқ тутдим, бири: “Вой, ана уни, кўрдингми? Ўғлимиди, отасини уриб ўлдирган”, деса, иккинчиси: “Ман-чи, уни кўрмадим, ана уни, севги ҳақидагисини кўрдим, боғда учрашиб туришади-ку! Ўшани…”, деб гап ташлайди. Юз ифодасига назар соламан, юз-кўзида кинодаги қаҳрамонлар хулф-атворининг таъсири борлигини сезиб қолдим. Беихтиёр оиласида муҳит қандай экан, деб ўйлаб қолдим. Баъзиларининг кийнишини кўриб энсам қотди, аслида қишни кунида енгил-елпи, тор кофта-юбкада юришнинг соғликка ҳам зарари бор. Бир қарашда мактаб ўқувчисига ўхшамайди. Қулоғига қулоқчин тақиб олган ўқувчилар, салом бериш уёқда турсин, олдидан ёши катта одам ўтиб кетса ҳам сезишмайди. Ўйлаб қоламан, эртамиз қандай бўларкин? — дейди Элёр Маматов.

Ўзаро фикрлаш жараёнида будай муаммоларнинг олдини олишнинг ечими: “Оила-Маҳалла-Мактаб” ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш кераклигини англадим. Ахир, “бир болага етти маҳалла ота-она”, деб бекорга айтишмаган…

Албатта, бунга ғарбнинг ялонғоч маданиятини тарғиб қилувчи телесериаллар, кинолар ҳам сабаб бўлмоқда. Куни-тун телевизорда чет эл киноларини намойиш қилишади. Баъзи фильмлар миллатимиз, динимизга ёт ғояларни тарғиб қилади. Ахир бузғунчи мафкурага асосланган фильмлар тенгдошларимизнинг тарбиясини бузмаслигига ким кафолат беради?

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ.

Манба: «Ҳуррият» газетаси