Қарс икки қўлдан

2019-12-16T09:24:04+05:0016 Dekabr, 2019|Ҳафта мақоласи|

Жамоатчилик назорати шундай мезонга таянмоқда

Бош Қонунимиз қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида Президентимизнинг нутқи барчанинг кайфиятига, қарашларига ўктамлик, шахд ва шиддат бахш этди, десам адашмаган бўламан, назаримда. Маърузадаги бугунги жараёнларга муносабат, таҳлил, эртанги ва истиқболдаги режалар, мақсад ва вазифалар барчамизни руҳлантиргани ҳам бор гап.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида жамоатчилик назоратига алоҳида тўхталди. Шу ўринда айтиш ўринлики, бу назорат моҳият эътибори билан эски, тазйиққа асосланган «назорат»дан фарқ қилади. Яъни у либерал – жамоатчилик кучига таянади. Бу нима учун керак? Чорак аср ёпиқ турган жамият сатҳидаги силсила ўз селида кўп лойқаларни оқизиши бор гап эди. Ушбу омилни шу зарурат кун тартибига қўйди. Зотан, зулматдан чиққан одамнинг ёруғликка мослашиши осон эмас…

Гапнинг очиғи, сўнгги уч йилда жамият бутунлай ўзгарди. Давлат бошқаруви ёпиқликдан очиқликка ўтди. Сўз ва фикр эркинлиги кенгайди. Оммавий ахборот воситалари «жонланиб» қолди… Ва бу ҳали нимжон бўлган демократик жамиятни асраб-авайлаш масъулиятини пайдо қилди.

Ҳозир ижтимоий тармоқлар орқали бирон бир ҳоким ёки вазирни танқид қилишдан осони йўқ. Танқидий мақоласиз матбуот саҳифаларини топиш ҳам душвор. Интернет сайтларида, телеканаллар ёки радиоканалларда жамиятдаги барча жараёнлар шаффоф ёритилмоқда. Тақиқланган мавзу, ёқангдан оладиган қўлнинг ўзи йўқ…

Шу билан бирга, асоссиз, маъни ва мантиқдан анча олис бўлган «сўз айтиш»лар ҳам етарли. Буни ўша сел оқизиб келаётган лойқа, дейишимиз ҳам мумкин.

Ижтимоий тармоқлардаги турли, баъзан асосли, баъзан асоссиз фикрларнинг ҳаммаси ҳам ҳаммамизга ёқавермайди… Аммо булар жамиятнинг иштирокчиси бўлган фуқароларнинг бугунги дунёқараши…

Президент айнан очиқлик сиёсатига ўз муносабатини билдирар экан, жамоатчилик назоратига алоҳида тўхталди.

Дарҳақиқат, жамоатчилик назорати бугун давлат идоралари фаолиятига энг ҳаққоний баҳо берадиган мезон эканини ҳаётнинг ўзи исботлаб берди.

Жамоатчилик назорати деган тушунчани халқ билан бамаслаҳат иш юритиш, унинг фикрига қулоқ тутиш синоними ўрнида қўллашимиз ҳам мумкин.

Дарҳақиқат, энди бирорта вилоят ҳокими ўз бошқарувидаги жамоанинг ёки халқнинг олдига чиқиб кўнгли тусаган, ақли етгани каби фикрни ўйламасдан айта олмайди. Энди у жамоатчиликнинг нотўғри фикрни, нотўғри бошқарув ёки адолатсиз қарорни жавобсиз қолдирмаслигидан огоҳ бўлишга мажбур. Буни бир қатор ҳудуд раҳбарларининг ижтимоий тармоқларда ўз «баҳоси»ни олиб улгурганидан кейинги натижа дея оламиз.

Олдимизда турган сиёсий жараён – парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларда илгаригидек аравани қуруқ олиб қочиш билан овоз ололмаслигига ҳар қандайин номзоднинг ақли етяпти. Ёинки, матбуот билан ишламаётган, унинг саҳифаларида билдирилаётган асосли танқидлар ва таҳлиллардан бехабар бўлиб юриш эртанги тақдирига ҳам ­лоқайдлик эканини тушунмаган раҳбарнинг ҳам тобора озаяётгани қувонарли.
Ижтимоий тармоқларда аёвсиз муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолатлар эса айни ижтимоий фикрнинг, жамоатчилик назоратининг кучи ва қудрати нималарга қодир эканини яққол намоён этаётир.

Мен Юртбошимизнинг ёниб, куйиб, дона-дона, такрор ва такрор айтган ­фикрларидан рости, қалбимда ифтихор туйдим. Ахир Президент очиқлик сиёсатини танлаб, бугунги аҳволимизга ойна тутди.

Аҳволимиз эса… Мақтана олмаймиз! Вазирларнинг ҳам, ҳокимларнинг ҳам, эртага сиёсий майдонда жавлон урмоқчи бўлаётган номзодларнинг ҳам салоҳияти бизни тўла қониқтира олмаяпти. Бунинг сабабларини излашнинг ҳожати йўқ. Уларни фаҳми етган одам яхши ­англайди. Бу – бошқа масала. Биз кечаги эмас, бугунги ва эртанги кун дарди билан яшашни ихтиёр этдик.

Президентимиз «жамоатчилик назорати «бир томонлама восита»га айланиб қолмаслиги керак»лигини истаяпти. Бу жуда нозик нуқта! Ҳали оммавий ахборот воситаларида бирёқламалик жуда кучли. Бирон танқидий мақолани таҳлил қилинг, сиз уни топасиз. Биз танганинг иккинчи томонига қарамай ўргандик. Бизда, афсуски, танқид қилиш топширилади, таҳлил қилиш эмас. Бу мезон ҳар бир матбуот нашри, интернет сайти ёки теле ва радио ижодкорнинг адолат тамойилига айланиши лозим. Ахир, ижтимоий тармоқда кўнгли тусаган фикрни фикр, деб айтаётган одамлардан журналистнинг фикри баландроқ бўлиши талаб этилади.

Эътиборингизга бир неча рақамларни келтираман: сўнгги уч йилда Тошкент шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари 1966 йилги зилзиладан кейин собиқ иттифоқнинг барча республикаларидан йиғилиб келиб қилинган қурилиш­лардан бир неча баробар кўпроқ ҳажм ва рақамга тенг бўлди! Буни ҳеч қайсимиз ҳали айтмадик.

Ёки шахсан ўзим бевосита иштирокчи бўлган жараёндаги яна бир рақамни айтай: 2017-2018 йилларда Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан 1000 га яқин ижтимоий ночор оила уй-жой билан беғараз, яъни бепул таъминланди. Ҳар бир вилоятда юзлаб хонадонларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди. Дори-дармон учун юзлаб ночор беморларга ёрдам пули ажратилди. Бу – бир қарор атрофидаги рақамлар! Агар ҳаётга адолат мезони билан қарамоқчи эканмиз, тан олиш керакки, ҳали бунақа амалиёт биронта ривожланган ва тараққий топаётган мамлакатда кузатилмаган, амалга оширилмаган!

Президент қарс икки қўлдан чиқишини, ҳаётга адолат назари билан қарашни таклиф этмоқда! Шубҳа йўқки, бу адолатли таклиф!

Нутқда яна бир эътиборли нуқта бор: Шуни аниқ тушуниб олиш лозимки, жамоатчилик назорати – бу фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир.

Бу ҳам адолат! Жамоатчилик назорати бир томонлама танқид ва тош отишлардангина иборат бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай ­шаклда тазйиқ ўтказишга йўл­қўйилмайди.

Нутқнинг бу жойи менга, менинг касбдошларим, журналистларга алоҳида тегишли нуқтадир.

Президентимиз жамият билан бақамти ишлашни истаяпти, унинг қалбига қулоқ тутишни ихтиёр этмоқда, жамиятни пок ниятлар, ҳамжиҳатлик билан бошқаришни ният қилмоқда.

Келинг, шу эзгу ишларда елкадош бўлайлик. Эркин фикр айтишда, юрт равнақи, одамларнинг ризолиги йўлида жасорат, ватанпарварлик, адолат ва холислик каби муқаддас тушунчаларни байроғимизга айлантирайлик!

Ҳусан ЭРМАТОВ.

Манба: «Ишонч» газетаси