Очиқлик ва ошкоралик раҳбарга фақат обрў келтиради

2019-12-09T13:04:19+05:009 Dekabr, 2019|Самарқанд вил.|

 

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бугун, 9 декабрь куни аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги аҳвол таҳлилига бағишланган йиғилишда ижро ҳокимиятининг жамоатчилик билан муносабатига алоҳида тўхталди:

“Очиқлик ва ошкоралик раҳбарга фақат обрў келтиради. Бу фазилат мутасадди шахснинг ўзини ортиқча, зарарли одатлар, ғайриқонуний ҳаракатлар, умуман, ёмон ишлардан тийилишига ёрдам беради, хушёрлигини оширади, аҳолини ўз фаолиятидан хабардор этиб туради.

Давлатимиз раҳбарининг Конституция байрамидаги маърузасидан чиқарган хулосаси шу: энди раҳбарлар ўзбошимчаликдан, “ҳеч ким кўрмаяпти, билмаяпти” ёки “ваколатим бор”, деган фикрдан воз кечиши лозим! Аксинча, ҳар бир ишни ўринбосарлари, фаоллар, жамоатчилик билан маслаҳатлашган ҳолда бошлаши ва амалга ошириши керак.

Фаолиятимда шу нарсага амин бўлдимки, жамоатчилик, айниқса, ОАВ вакиллари раҳбарнинг энг яқин ҳамкори, ёрдамчиси бўлиши мумкин экан. Бунинг учун уларнинг кучи ва имкониятидан самимий, оқилона фойдаланиш даркор. Президент Ш.Мирзиёев ўз маърузасида “Айни вақтда жамоатчилик назорати бир томонлама воситага айланиб қолмаслиги керак”, деганда раҳбарларда ана шу кўникмани юзага келтиришни назарда тутган.

Яъни, раҳбар одамлар муносабатини кутиб ўтирмасдан, уларнинг фикри, таклифини мунтазам билиб бориш чораларини кўрсин. Бунинг учун ўз веб-сайти ва ижтимоий тармоқдаги бошқа каналлардан, телевидение, радио, босма нашрлардан фойдаланиши мумкин.

Халқни давлат сиёсатига ишонтириш, фаоллигини ошириш, пировардида, давлатнинг янада қудратли бўлишига хизмат қилади”.

Манба: Zarnews.uz