Зарафшон воҳасини инновацион ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

2019-12-05T11:24:17+05:005 Dekabr, 2019|Навоий вил.|

Навоий шаҳрида “Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантириш: ютуқлари, муаммолари ва истиқболлари” II Халқаро илмий-техник анжуман бўлиб ўтди.

Навоий давлат кончилик институтида ўтказилган икки кунлик тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси вакиллари ҳамда Буюк Британия, Россия, Жанубий Корея, Қозоғистон каби дунёнинг 10 га яқин мамлакатидан 50 нафардан ортиқ профессор-олимлар қатнашди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ҳамда ривожланган мамлакатлар олий таълим муассасалари ўртасида тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, кимё, қурилиш ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш ва илмий янгиликларни ҳаётга тадбиқ этиш учун узоқ муддатли, самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат бўлди.

Тадбир доирасида матбуот анжумани ҳам ташкил этилиб, журналистларга халқаро конференциянинг мақсади ва якунда эришилган ютуқлар юзасидан ахборот берилди.

  • Бундай кенг масштабли ҳамкорлик Ўзбекистондек айниқса, тез ривожланаётган мамлакат учун алоҳида аҳамиятга эга, – дейди германиялик олима Ольга Мишина. – Анжуман доирасида 50 га яқин илмий маърузалар тингланиб, улар таҳлил қилинди ва тегишли хулосалар берилди. Бундан ташқари, НДКИ ва бошқа таълим муассасалари ўртасида бир қатор меморандумлар имзоланди.

Қайд этиш лозим, халқаро конференция доирасида Навоий кон-металлургия комбинатини инновацион рағбатлантириш жамғармаси ҳам ташкил этилиб, келгусида илмий ҳамкорликлар доирасида йўлга қўйиладиган ишлаб чиқаришлар айни шу асосда амалга оширилиши маълум қилинди.

Озод МУСТАФОЕВ,

Уюшманинг Навоий вилояти бўлими мутахассиси.