Ичимлик сувининг таркиби бўйича аҳолида эътирозлар бор

2019-11-26T10:24:50+05:0026 Noyabr, 2019|Навоий вил.|

Бу муаммо Навоий шаҳридаги “Coworking” марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамда вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар томонидан кўтарилди.

Йиғилишда “Сувоқова” ДУК директори Шахобиддин Шайматов иштирок этиб, ташкилот томонидан вилоятда Давлат дастурлари ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборот берди.

­ —Ўзбекистонда дунёнинг бошқа мамлакатларидан фарқли равишда ичимлик суви текин, ­— деди Ш.Шайматов. ­ — Бизда фақат уни етказиб беришгагина нарх белгиланган. Бугунги кунда жами 968,7 минг киши истиқомат қилаётган вилоят аҳолисининг 61,6 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, қолган 7 фоиз аҳоли алтернатив ичимлик сув манбааларидан ва марказлардан узоқ ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктларида яшовчи 31 фоиз аҳолига ичимлик суви махсус транспортлар орқали етказиб берилади. ДУК тасарруфида 93 та ер ости қудуқлари, 318 та нассослар, 170 та сув йиғиш ва тарқатиш иншоотлари мавжуд. Вилоятда 2 569 километр ичимлик сув тармоғи мавжуд бўлиб, шундан 785,5 километр магистрал ва 1783,5 километр ички сув қувурларини ташкил этади.

2019 йилда вилоятда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш сифатини ошириш учун жами 78,5 миллиард сўм маблағ хисобига 268,6 километр ичимлик сув ва оқава сув тармоғлари ва 9 та сув иншооти курилиши кўзда тутилган. Бугунги кунда белгиланган режалар деярли якунига етказилган.

Шунингдек, анжуманда, журналистлар Навоий шаҳри аҳолиси учун етказилиб берилаётган ичимлик сувининг таркиби фуқароларни қониқтирмаётгани, ер ости сувларининг пасайиб кетиш сабаблари, ўзбошимчалик билан қудуқлар кавлаш жараёнлари кимнинг назоратида эканлиги ва бошқа шу каби ҳолатлар хусусида изоҳ сўрадилар.

Тадбир якунида таҳририятларга келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар эканлиги, ҳолатлар жойида бориб ўрганилганида тегишли мутахассислар билан боғланиш эса қийинчилик туғдираётгани ҳам танқид остига олинди. Корхона раҳбарияти келгусида мазкур ҳолатларни бартараф этилиши ҳамда журналистлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилишини таъкидладилар.

Озод МУСТАФОЕВ.