Эъзоз

2019-11-25T07:37:51+05:0025 Noyabr, 2019|Қашқадарё вил.|

Инсон ҳаёт йўлини ўзи белгилайди. Жамиятга, кишиларга фойдаси тегаётганлар албатта эл олдида эъзозланади, обрў-эътиборга сазовар бўлади. Неъмат Нормуродов ва Гулнора Узоқовалар ҳам умр йўлларини тўғри танлаган ижодкорлардан.

Яқинда Шаҳрисабз шаҳарида икки ижодкорнинг 60 ёшлик юбилейи муносиб нишонланди. Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими раиси Галовиддин Йўлдошев ва бошқалар сўзга чиқиб, ижодкорларнинг босиб ўтган ҳаёт йўли барчага ибрат эканини таъкидладилар.

Шаҳрисабз телевидениесига тамал тошини қўйган бу икки ижодкорни ҳаётда ва оилада ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. Неъмат ака Олий ўқув юртини тугаллаб Самарқанд вилояти Нуробод туман газетаси, Пастдарғом туман радиосида, кейинчалик Ўзбекистон телерадиокомпаниясида, Самарқанд вилоят телевидениесида фаолият кўрсатди. 2007-2013 йилларда Шаҳрисабз телевидениесида фаолиятини давом эттирган ижодкор 2006 йилдан «Воқиф» газетасида фаолият юритиб, матбуот саҳифаларида жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни, янгиликларни тезкор ёритиб борди. Бу ишда унга турмуш ўртоғи Гулнора Узоқова ҳамкор бўлиб матбуот ривожига муносиб улуш қўшди.

—Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори журналистик фаолиятимизни янада кенгайтириш имконини берди,-дейди Гулнора Узоқова.—Қарорга кўра соҳа ходимларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий рағбатлантириш, турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганлиги, кўрсатилаётган иззат-эътибор биз журналистларни қувонтиряпти.

Нормуродовлар оиласини чин маънода ижодкорлар оиласи сирасига киритиш мумкин. Ўғли Умиджон, қизи Нилуфар ҳам ота-онаси изидан бориб, журналист касбини танлашган.

Шавкат СУЛТОНОВ.