Ахборот хизмати раҳбарининг вазифаси нимадан иборат?

2019-11-21T10:57:15+05:0021 Noyabr, 2019|Самарқанд вил.|

Бугун Самарқанд вилоят Матбуот уйида “Таълим тизими ахборот хизматлари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги ўқув-семинари ташкил этилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда вилоятдаги олий ўқув юртлари ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этди.

Семинарни Уюшманинг вилоят бўлими бошқаруви раиси Ф.Тошев олиб борди ва мазкур ўқув-семинардан кутилаётган амалий натижалар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Яъни, муассасалардаги ахборот хизмати раҳбарининг вазифалари нималардан иборат бўлиши кераклиги, ишончли маълумотларни тарқатишда асосийси тезкорликга эришиш муҳимлиги, талабалар ҳаёти билан боғлиқ жараёнлар ҳақида доимий ахборот бериб бориши лозимлиги хусусида гап борди. Шунингдек, олий ўқув юртида фаолият кўрсатаётган ахборот хизматлари раҳбарларининг муассасада амалга оширилаётган ишлар, янгиликларни ОАВ билан ҳамкорликда аҳолига етказишда фаоллик етишмаётгани танқид остига олинди. Бундан кейин қандай ҳолатда ҳамкорлик қилиш кераклиги тўғрисида таклифва тавсиялар берилди.

Ўқув-семинари давомида Самарқанд вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бош мутахассиси Роҳила Очилова “Ахборот хизмати ходимининг асосий вазифалари” ҳамда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бўлим бошлиғи Гулруҳ Мўминова “Пресс-релиз тайёрлаш амалиёти” мавсусида ҳам чиқиш қилди.

Унда ҳар қандай тадбир жараёнларини ташкил этиш олдидан дастур ва пресс-релиз тайёрлаш кераклиги ва ахборот тарзида ОАВ га етказишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳусусида слайдлар орқали тушунтириб берилди.

– Бугунги ўтказилган ўқув-семинари айни пайтдаги ишимизда ас қотадиган бўлди, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали ахборот хизмати раҳбари Сарвиноз Турсунова. – Вазифамизни бажаришда бир мунча қийинчиликларга ҳам дуч келаётгандик, ташкил этилган тадбирда мутахассислар томонидан йўналиш берилди ва келгусидаги фаолиятимиз бўйича ҳамкасбларимиз билан маслаҳатлашиб олдик. Қолаверса, энг муҳими мен ўтган йили “Зарафшон” газетаси таҳририяти қошида ташкил этилган “Маҳорат маркази” тинговчиси сифатида қатнашганим ҳам фаолиятимда кўп бора қўл келмоқда.

Тадбир якунида барча иштирокчилар бир-бирлари билан тажриба алмашишлари, янгиликларни тезкор етказишлари учун телеграм месенжерида алоҳида гуруҳ очишга келишилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ,

Самарқанд вилояти.