Ўйин ичидаги «ўйин»лар

2019-11-21T05:59:44+05:0021 Noyabr, 2019|Ҳафта мақоласи|

ёхуд саломатлигини «Spark»ка алмаштираётган авлод ким?

Бугунги дунёнинг чоп-чопи, югур-югури кўп. Ҳамма қаёққадир шошган, телефонда ким биландир тортишган, интернетдаги ахборот дарёсига шўнғиган. Хуллас, бундай бир дам олиб, ҳордиқ чиқараётган одамни жуда кам учратасиз. Шунга яраша ҳамма толиққан, чарчоқ аломатлари юзларида сезилиб туради. Албатта бундай пайтда кимдир мусиқа тинглаб, яна кимдир жисмоний машқлар билан шуғулланиб ёки кўнгилочар фильмлар томоша қилиб дам олади. Бироқ, буни қарангки, чарчоқни чиқаришнинг ҳам замонавий усули урфга кирмоқда экан ҳозир. Чарчаганда энергетик ичимлик истеъмол қилиш. Барчани шу пайтгача қизиқтириб келаётган савол: энергетик ичимликлар инсонни тетик қилиши ростми? Унинг фойдаси кўпми ёки зарари?
Энергетик ичимликларга энергия ва ақлий фаолиятни оширувчи ингре­диентларни ўз ичига олган ичимликлар, дея таъриф берилади. Хўш, аслида ҳам, шундайми?
Деярли барча энергетик ичимликлар таркибида мия ­фаолиятини рағбатлантирувчи, ҳушёрлик ва концентрацияни оширадиган кофеин мавжуд. Энергетик ичимликлар, шунингдек, одатда бир нечта бошқа ингредиентларни ҳам ўз ичига олади. Масалан, шакар – одатда энергия ичимликларидаги калорияларнинг асосий манбаи, гарчи уларнинг баъзиларида шакар йўқ ва углеводлар миқдори пастлиги қайд этилган бўлса ҳам.
Одамлар энергетик ичимликларни истеъмол қилишининг асосий сабабларидан бири уйқусиз ёки чарчаган ҳолларида ишлашига ёрдам бериш экан. Узоқ йўл босадиган, кечқурун йўлда кетадиган ҳайдовчилар кўпинча ҳушёр бўлишлари учун энергетик ичимлик истеъмол қилишади. Бироқ уйқусиз ишлайман, меҳнат қиламан дея, энергетик ичимликларни истеъмол қилиб, уларга ўрганиб қолиш кўплаб ножўя таъсирларга олиб келиши исботланган.
Энергетик ичимлик маълум бир муддат ҳушёр бўлишга ёрдам бериши мумкин бўлса ҳам, ишдан кейинги уйқу ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши аниқланган. Энергетик ичимликлар одамларга чарчаган вақтларида ишлашига ёрдам беради, аммо кейинчалик уйқу сифатининг пасайишига олиб келади. Ҳаттоки, энергетик ичимлик­ларни ҳаддан зиёд истеъмол қилган инсонларда юрак муаммолари ҳам безовта қила бошлаган ва бу кейинчалик асоратли касалликларга олиб келган.
Энергетик ичимликларни меъёрдан ортиқ ичиш қон босими ёки қондаги қанд миқдорининг ошишига ҳам сабаб бўлади, ҳаттоки асабийлик, тушкунлик каби акс таъсирларни пайдо қилади.
Шунинг учун энергетик ичимлик­ларни ҳомиладор аёллар, болалар, ўспиринлар, қариялар, гипертония, юрак-қон томир касалликлари, уйқу бузилиши, асабийлашиш ва кофеинга сезгирлик билан оғриган одамларнинг истеъмол қилиши тақиқланади.
Бундай ичимликлар истеъмоли кўп мамлакатларда авж олаётгани анчайин хавфлидир. Бунинг аянч­ли оқибатлари ҳам кўринмоқда. Масалан, англиялик энергетик ичимликлар шайдоси Винни Пайнер исмли талаба ҳафтасига тўрт-беш банка ичимликни кўрдим демай, ичишда давом этган. Аммо меъёрни унутган йигит бунинг ножўя таъсирини кутилмаганда англаб етди. Бир куни у олма емоқчи бўлганида, бир йўла унинг тўртта тиши тўкилиб тушган. Оёғини қўлига олиб тиш дўхтирига югурган ўспиринга мутахассис «энергетик қувват» кучи билан тўкилган тишлардан ташқари, қолганларига ҳам жиддий зарар етганини айтган. Шифокорнинг фикрича, ҳамма бало энергетик ичимликлар таркибида жуда мўл бўлган шакарда экан.
Баъзида жисмоний машқ билан шуғулланаётганларнинг қўлида шундай ичимликка кўзимиз тушади.
Шифокорларнинг қайд этишича, энергетик ичимликлар спорт ичимликлари билан бир хил эмас. Жисмоний машқлар пайтида бундай ичимликларни ичиш сувсизланишга, бу эса ошқозон-ичак фаолияти бузилишига олиб келади. Бундай пайтда сув энг яхши танловдир.
Бекатлар, дўконлар дераза-ойна­ларини тўлдириб турган энер­гетик ичимликлар сурати, «мазасига гап йўқ», «қувватга кир» дея муҳрланган сўзлар каттаю кичикнинг эътиборини жалб этиши табиий. Бундай рекламани кўрган ҳар қандай инсонда қизиқиш уйғониши ҳеч гап эмас. Албатта, унинг таъмини татиш истаги пайдо бўлади. Бироқ бир ичишда оғизга ёқувчи ичимлик таъми кўпчиликка манзур келиб, унга ўрганиб қолиши ва бу кейинчалик чўнтакка ҳам, соғлиққа ҳам зарар келтириши турган гап.
Сўнгги вақтларда айрим «учар» тадбиркорларимиз мазаси энергетик ичимликларга ўхшаш «WF», «Sitro», «Tizer», «ОК» каби ичимликларни ишлаб чиқаришди. Бугунги кунда кўпчиликнинг қўлида ушбу ичимликларни учратамиз. Ҳатто, мактаб ўқувчилари ҳам ота-онаси тушликка деб берган пулларига ушбу ичимлик­ларни сотиб олишётганига гувоҳ бўламиз. Энг қизиғи, улар ичимликни очгандан қопқоқ остидаги ёзувга эътиборини қаратишади. Тўғри топдингиз, улар қопқоқ остидан автомобиль қидиришади. «WF» ёки «Sitro» ичиб автомобилга эга бўлган «шоввозлар» уларни буткул қизиқтириб қўйган. Телевизор орқали эфирга узатилаётган энергетик таъмли ичимликларнинг «мега акция»лари деярли ҳамманинг орзу-умидига айланган. Кимнингдир омади келиши ёки осонгина мол-давлатга эга бўлишга интилиш – бу бошқа масала. Бироқ ўзимизни, айниқса болаларни кунига литрлаб газли ичимлик истеъмол қилишга ундашимиз эртага қандай оқибатларга олиб келади? Наҳотки фарзандимиз ёки ўзимизнинг соғлиғимиздан ҳам қиммат турса шу автомобиль?
Аслида ичимлик қопқоғини йиғиб автомобилга эга бўлиш имконияти қанчалик ҳақиқатга яқин?
Келинг, таҳлил қиламиз: 0,5 литр «WF» ичимлигининг дўконлардаги ўртача нархи 3 000 сўм, «Spark» автомобилининг қиймати тахминан 65 млн. дейлик. Математикага мурожаат қиламиз: битта автомобиль пулига тахминан 21 667 дона «WF» ичимлиги берар экан. Ҳайратланарли «мега акция»да салқинлаштирувчи ичимликни хуш кўрадиган истеъмолчилар тўрт донадан «Malibu», «Tracker», «Cоbalt», «Nexia 3», ўн дона «Spark» ва бошқа қимматбаҳо совринлар ютиб олиш имконига эга бўлишлари ҳақида «оғиз кўпиртирилган». Қолган математик ҳисоблашларни сизга қолдираман. Мени эса бир савол қийнаяпти: шунча ютуқни истеъмолчилар­га беришга ошиққан ишлаб чиқа­рувчилар наҳотки фақат зарарни ўйлаб, бизнес бошлашган бўлса? Аслида, бу ўйин ичидаги «ўйин»лардан кимга зарару кимга фойда? Хулоса ўзингиздан…

Маҳфуза ПЎЛАТОВА.
Манба:«Оила даврасида»