Қиш мавсумига қандай ҳозирлик кўрилмоқда?

2019-11-20T06:54:33+05:0020 Noyabr, 2019|Навоий вил.|

Навоий шаҳридаги “Coworking” марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамда вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди.

Йиғилишда бошқарма бошлиғи Нуриддин Жуманиёзов сўзга чиқиб, ташкилот томонидан Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида берилган топшириқлар ва бошқа муҳим Давлат дастурлари ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.

Хусусан, вилоят ҳудудидаги 2 та шаҳар ва 8 та туманларда жами 1677 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, бугунги кунда 996 тасига НКМК ДК томонидан, 23 та ётоқхонага Навоий шаҳар Уй-жой ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармаси ҳамда 658 та кўп қаватли уйларга вилоятдаги 39 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатилиб келинмоқда.

Вилоятидаги кўп қаватли уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлаш, уларнинг туташ ҳудудларини ободонлаштириш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, йил якунигача мазкур дастур режасига киритилган тадбирларни амалга оширишга жами 33,8 млрд. сўм маблағлар сарфланиши режалаштирилган.

Н.Жуманиёзов вилоят иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини 2019/2020 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталди. Жумладан, бу борада “Вилоят штаби” ҳамда ҳудудий штаблар ташкил этилиб, (79) 223-26-22 рақамли “Ишонч телефони” навбатчилик асосида туну-кун ишлаб келмоқда.

Бошқарма томонидан “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ҳамда Инвестиция дастурлари ижроси юзасидан ҳам бир қатор ишларни олиб бораётган бўлиб, журналистларга мазкур саъй-ҳаракатлар юзасидан ҳам ахборот берилди.

Қизғин савол-жавобларга бой бўлган Матбуот анжуманида журналистлар томонидан ҳудудларда қурилаётган кўпқаватли уйларнинг канализация тизимидаги камчиликлар, Навоий шаҳрида қурилган ноқонуний объектлар, Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонаси тасарруфидаги коммунал соҳа корхоналарининг бошқарма таркибига ўтказилиш жараёнлари юзасидан бир қатор саволлар ўртага ташланди.

— Бизга аҳолидан бўлаётган шикоятларнинг асосий қисми коммунал соҳа билан боғлиқ, – дейди “Замон” информацион дастурининг Навоий вилоятидаги мухбири Ш.Асоева. – Ариза келиб тушгач жойларда ўрганиш олиб борамиз. Афсуски, масаланинг иккинчи томони – мутасаддилардан бу борада изоҳ топишга қийналамиз. Чунки, кўпчилик буни истамайди. Натижада муаммони бирёқлама ўрганиб эфирга беришга мажбур бўламиз. Шу жиҳатдан олиб қараганда матбуот анжумани коммунал бошқарма ва журналистлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎЗЖИУ Навоий вилояти бўлими мутахассиси.