Журналистлар теримчилар ҳузурида

2019-11-11T13:29:02+05:0011 Noyabr, 2019|Навоий вил.|

Бугун миллий бойлигимиз “оқ олтин”ни йиғиб-териб олиш қизғин паллага кирган. Айни пайтда қалбида ватанпарварлик туйғуси жўш урган юртдошларимиз ўз ўрнини пахтазорда билиб, мамлакатимиз хирмони юксалишига муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Бу меҳнатлар эса бесамар кетаётгани йўқ, албатта. Илғор теримчилар ҳамиша эътибор ва рағбатда.

Куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан вилоятдаги фахрий журналист ва шоирлар иштирокида Кармана туманининг “Дўрман” маҳалласидаги пахта майдонларида пахта йиғим-теримида фаол иштирок этаётган теримчилар ҳузурига ташриф буюрилди.

Пахта майдонида илғор теримчилар билан дилдан суҳбат уюштирилиб, уларга шоир ва журналистлар томонидан янги шеърлар ўқиб берилди.

— Мамлакатимиз хирмонини юксалтиришда жонбозлик кўрсатаётган “Дўрман” маҳалласи фуқаролари билан суҳбатимиз бугунги кун нафаси, юртимизда амалга оширилаётган янгиликлар хусусида бўлди, — дейди фахрий журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Одил Ҳотамов. —Айни пайтда теримнинг иккинчи босқичи бўлсада, майдонларда ҳосил ҳали мўл. Қўли-қўлига тегмай “оқ олтин” тераётган теримчилар кунига ўртача 50-60 килограммдан хирмон кўтармоқда. Биз ҳашарчиларга ижод намуналаримиздан ўқиб бериб, улар кўнглига хушнудлик улашдик

Шунингдек, бир гуруҳ фаол теримчиларга Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан бадиий адабиётлар тақдим этилди.

О.МУСТАФОЕВ.