Самарқандлик журналистлар тиббий кўрикдан ўтказилди

2019-11-11T13:21:15+05:0011 Noyabr, 2019|Самарқанд вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ҳамда вилоят эндокринология диспансери ҳамкорлигида вилоят Матбуот уйида вилоят эндокринология диспансери бош врачи Г.Негматова иштирокида ноябрь – “Қандли диабет” ойлиги муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир аввалида 100 га яқин журналист ва блогерлар ўз саломатликларига бефарқ эмасликлари учун диспансер мутахассислари томонидан қонда қанд миқдорини аниқлаш, ЭКГ, УЗИ, кардиолог, эндокринолог кўригидан ўтказилди. Соғлом юришлари учун нималарга амал қилиш лозимлиги бўйича маслаҳатлар берилди.

Анжуманда Президентимизнинг 2019 йил 19 апрелдаги “2019-2021 йилларда Республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида» қарори ҳамда ушбу дастур бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ижроси юзасидан маълумот берилди.

Таъкидландики, бугунги кунда дунёда қандли диабет билан оғриган беморлар сони 400 миллиондан ошиб кетган. Аҳолининг 25-65 ёшдагиларининг 7-8 фоизини ташкил этади. Вилоятимизда ҳозирда мазкур касаллик билан рўйхатга олинганлар сони 26,5 минг нафарни ташкил этади. Шундан 1436 нафар қандли диабетнинг биринчи тури билан оғриган бўлиб, уларнинг 334 нафарини ёш болалар 104 нафарни эса ўсмирлар ташкил этади.

Вилоятда эндокринолог мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда 30 нафар ёш шифокор Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида малака оширгани ва икки нафар шифокор Россиянинг етакчи клиникаларида тажриба алмашиб қайтгани айтиб ўтилди.

Анжуманда журналистлар саволларига мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.

Эслатиб ўтамиз бу ҳамкорлик тадбири уч йилдан буён ташкил этилмоқда.

Ҳусан Элтоев.