Журналистлар сайлов жараёнини ёритишда фаол бўлиши керак

2019-11-05T16:59:19+05:005 Noyabr, 2019|Навоий вил.|

Марказий Сайлов комиссияси Халқаро матбуот маркази Навоий вилояти бўлимида сиёсий жараёнлардан аҳолининг хабардорлигини ошириш ва бунда ОАВ билан ҳамкорликни кучайтириш масаласи юзасидан журналистлар иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Республика матбуот нашрлари ҳамда телевидениеларининг вилоятдаги вакиллари ҳамда ҳудудий таҳририятлар журналистлари қатнашган йиғилишда вилоят сайлов комиссияси раиси Ш.Жўраев ҳамда Халқаро матбуот маркази вилоят бўлими раҳбари Ҳ.Қарчиғаев сўзга чиқиб иштирокчиларни амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.

  • Аҳолининг сайлов жараёнларидан хабардорлигини оширишда журналистларнинг иштироки жуда муҳим, – деди Ш.Жўраев. – Олдинда яна қирқ кун бор. Ана шу даврда ҳар биримиз фаол бўлсак мақсадга мувофиқ бўлади. Босма нашрлар, телевидение билан бирга интернет тармоғида сайлов бўйича материаллар жойлаштириш билан бирга, аҳоли билан мулоқот олиб бориш, уларнинг сиёсий саводхонлигини оширишда журналистларимиз бизга кўмакчи бўлишса – мақсадга мувофиқ бўлади.

Очиқ мулоқот давомида бир қатор танқидий фикрлар ҳам билдирилди. Баъзи нашрларда сайлов жараёнлари кам ёритилаётгани тилга олинди. Шунингдек, журналистлар томонидан Матбуот маркази билан ҳамкорликни кучайтириш, айниқса, бозор жойларида сайлов бурчаклари ташкил этиш, оддий аҳоли қатламига шулар орқали буклетлар тарқатиш, ташаббускорлар ёшларни жараёнга жалб этиш каби таклифлар айтилди.

Якунда намунали сайлов участкаларидан бирида журналистларнинг Пресс-турини ташкил этишга келишиб олинди.

О.МУСТАФОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

навоий вилояти бўлими мутахассиси.