Тойлоқ: бунёдкорлик манзили

2019-10-30T09:55:03+05:0030 Oktabr, 2019|Самарқанд вил.|

Самарқнд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида тузилган медиа-режага мувофиқ ташкил этилган пресс-турнинг навбатдагиси Тойлоқ туманида бўлди.

Пресс-тур туманнинг “Қўшчинор” газетаси таҳририятининг барча қулайликларга эга, яқиндагина таъмирдан чиқарилган замонавий биносини кўздан кечиришдан бошланди. Айниқса, таҳририятнинг мўъжазгина кутубхонаси, унча катта бўлмаган, аммо ижодкор учун илҳом бағишлайдиган ҳовлиси ҳамкасбларда катта таассурот қолдирди.

Бир пайтлар асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланган тойлоқликлар бугунги кунга келиб саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида ҳам тажриба орттиришди. Туманнинг экспорт салоҳияти ҳам йилдан-йилга ошиб боряпти. Мисол учун, биргина шу йилнинг 9 ойида туманда жами 15 миллион 602 минг долларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 120,2 фоизни ташкил этди. Ҳудудда 2019 йилгача жами 19 та экспортёр корхоналар фаолият кўрсатиб келган бўлса, шу йилнинг ўзида улар сафига яна 6 та корхона қўшилди.

Биз тумандаги етакчи корхоналардан бири “Пет Агро Оил” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишдик. Ўсимлик ёғлари ишлаб чиқариш ва қадоқлаш, озуқа-ем тайёрлаш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилган корхонада 252 киши иш билан банд.

—Корхонамиз 2017 йилда ташкил этилган, — дейди корхона мутахассиси Умида Қурбонова. — Йилига ўртача 20 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш, 2 минг тонна олма шинниси, 1,5 минг тонна томат паста, 3 минг тонна қуритилган мева-сабзавотлар тайёрлаш қувватига эга. Экспорт кўрсаткичларимиз ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Жумладан, 2018 йилда 3,9 миллион долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилинган бўлса, 2019 йилнинг ўтган даврида цехларимизда тайёрланган 4,2 миллион долларлик маҳсулот Россия, Туркия, Сингапур, Беларусь, Саудия Арабистони, Эрон каби давлатларга сотилди.

Пресс-тур иштирокчилари тумандаги “Тойлоқ бахмали” корхонаси, “Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалигининг мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва қадоқлаш цехлари, “Боғизоғон” масъулияти чекланган жамиятининг узумни қайта ишлаш заводи фаолияти билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг, янгиланаётган туман марказидаги қурилиш бунёдкорлик ишларини кўздан кечирдик. Бу ерда туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров журналистлар ва блогерлар билан учрашиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

— Бугунги кунда туманимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш энг муҳим масалалардан ҳисобланади, — дейди Б.Бобоназаров. — Ушбу масалани ижобий ҳал этиш мақсадида туманимиз марказида улкан қурилиш ишларини амалга оширяпмиз. Бу ерда янги шаҳарча бунёд этилмоқда. Бундан ташқари, 2019 йил манзилли дастур асосида жами 126 та, жумладан, 4 та тўрт қаватли, 24 квартирали, 30 та бир қаватли, 3 хонали уйлар қурилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги кунда бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ