Динимиз бир, тилимиз яқин, ижодимиз ҳам ҳамоҳанг

2019-10-30T09:48:57+05:0030 Oktabr, 2019|Самарқанд вил.|

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикаси Балх вилоятининг ёзувчи ва журналистлари Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Дастлаб меҳмонлар вилоят Матбуот уйида бўлиб, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» ҳамда «Овози Самарқанд» газеталари таҳририятларида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, “Самарқанд матбуоти тарихи” музейини томоша қилдилар.

Шундан сўнг икки балхлик ва самарқандлик қалам аҳли иштирокида “Тарих ва цивилизация заминига сафар” номли мушоира уюштирилди. Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев олиб борди. Мушоирада айтилган шеър ва ғазаллар йиғилганларга ажойиб кайфият бахш этганини айтиб ўтиш керак.

—Динимиз битта, тилимиз яқин, шу боис ижодимиз ҳам ҳамоҳанг, — дейди ўзбек тилида ижод қилувчи афғонистонлик шоир, журналист Қиёмиддин Қотъе. – Ўзбекистондаги бунёдкорлик ишларига ҳавасимиз келди. Самарқанднинг тарихий обидалари ва халқингизнинг ижодга, хусусан, адабиёт ва санъатга ошуфталиги ҳайратимизни оширди. Ташрифимиздан мақсадимиз икки давлат ўртасидаги маданий, адабий, ижодий, илмий-тарихий алоқаларни мутаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, ўзбек халқининг миллий урф-одатлари тўғрисида туркум репортаж ва мақолалар тайёрлаш эди. Юртингизга икки ҳафталик сафаримиз давомида бунга эришамиз.

Шунингдек, тадбирда меҳмонларга самарқандлик шоир ва журналистларнинг китоблари совға қилинди.

Ҳусан Элтоев