Журналистлар банк соҳасидаги ислоҳотлар билан танишди

2019-10-29T11:21:08+05:0029 Oktabr, 2019|Навоий вил.|

Навоий шаҳридаги “Coworking” марказида Навоий вилояти Марказий банк бош бошқармасининг 9 ойлик фаолияти якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда бошқарма бошлиғи ўринбосари Д. Жалилов сўзга чиқиб, ташкилот томонидан Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида берилган топшириқлар ва бошқа муҳим давлат дастурлари ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Хусусан, барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан аҳоли, хусусан тадбиркорлик субектларига вилоятдаги банклар томонидан қарийб уч триллион сўмлик кредитлар ажратилган. Ваҳоланки, ўтган йили мазкур рақам 1,5 триллион сўмни ташкил этган. Жорий йилда ажратилган кредитларнинг ярми тадбикорлик субъектлари улушига тўғри келиб, улар томонидан натижада бугунгача 23 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.

Вилоятимизда 41 та валюта айирбошлаш шахобчалари ҳамда 30 та конверсион операциялар бўлимлари иш олиб бормоқда. Вилоятдаги тадбиркорлик субъетларига тижорат банклари томонидан жами 11 307 та терминал ўрнатиб берилган. Жорий йил жойларда 4 та мини банк фаолияти йўлга қўйилган бўлса, 3 та банк филиаллари тўлиқ тарзда намунавий филиал тарзида хизмат кўрсатувчи бўлимларга айлантирилди. Тижорат банкларининг филиаллари фронт офис, бек-офис зоналарига ажратилган ҳолда замонавий хизмат кўрсатиши йўлга қўйилди.

– Бир нарсани тўғри англаш керакки банклар аввало тижорат ташкилоти, – деди Д.Жалилов. – Фуқароларимизда ҳужжат топширдими банк, албатта кредит ажратишга мажбур, деган тушунча бор. Аслида кредит ажратиш жараёнининг ўз талаблари бор. Жорий йил мақсадсиз кредитлар ажратиш бўйича банкларимизга рухсат берилди. Тўғри, ушбу турдаги кредитларнинг фоизи анчагина юқори. Бироқ, бу тегишли муасасаларимиз учун ҳам, қолаверса аҳоли учун ҳам қулай тизим бўлди. Бундан ташқари, мобил илова орқали кредит олиш тизими яратилди. Буларнинг барчаси соҳанинг илдам ривожланиб бораётганидан дарак беради.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган анжуманда журналистлар ўзларининг кўпгина саволларига жавоб топишди. Тадбир якунида шу каби анжуманларни келгусида ҳар бир банк тизимида ўтказишга келишиб олинди.

О.МУСТАФОЕВ