Кийим кийганни ҳам, кўрганни ҳам гуноҳга қолдирмасин

2019-10-28T12:35:57+05:0028 Oktabr, 2019|Ҳафта мақоласи|

Либосни инсон шунчаки эҳтиёж ёки иссиқ-совуқдан ҳимоя учун киймайди. Айниқса, миллатимиз учун кийим кишининг маънавий дунёсини акс эттирувчи восита ҳамдир.

Шариатимизда кийиниш одоблари ва либосларга тегишли ҳукмлар жорий қилинган. Ҳадис, тасаввуф ва фиқҳий китобларда бу мавзу алоҳида эътиборда. Кийим маълум маънода кишининг кимлигини англатиб туради: имон-эътиқодли, ор-номусли инсоннинг кийимлари сипо, саришта, аксинча бўлса, ҳаддан ортиқ тор, калта кийимлар эгаси ҳақида салбий фикрлар уйғотади.

Шариатимизга кўра, либосни ўнг томондан кийиш суннатдир. Ойша онамиз (р.а.) айтадилар: «Набий алайҳиссаломга покланишда (яъни таҳорат ва ювинишларда), соч тарашда ва оёқ кийим кийишда ўнг томондан бошлаш ёқар эди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бу билан фақат пойабзал кийиш зикр қилинган бўлса-да, ҳадисда тилга олинган суннат бўлмиш ўнг томондан бошлаш бошқа турдаги либосларни кийишга ҳам тааллуқли ҳисобланишини уламолар эътироф этишади.

Гуноҳкор ва гуноҳга сабабчи бўлмайлик

Шарқ аёлларининг одоби, ибоси ҳар нарсадан устун. Орасталик, бичимнинг узун ва кенг олиниши, елкалар доимо ёпиқ ҳолда туриши, каштали нақшлар, бошдаги рўмол — булар бизнинг оналаримизнинг мунис қиёфаси. Аммо бугун кийиниш билан боғлиқ айрим ҳолатлар кишининг дилини хира қилади. Жумладан, тўй оқшомида келинларимиз эгнидаги оқ либосларнинг ҳаддан ортиқ очиқ-сочиқлигидан ҳижолатга тушасиз. Айрим қизлар белигача очилган ёки номига ҳарир мато қопланган оқ кўйлакда одамлар кўз олдига чиқишади. Бу билан баданни кўз-кўзлашмоқчими, ўта замонавийликларини намойиш этишмоқчими — ҳар ҳолда икки тушунча ҳам қиз болага ярашмайди.

Энг ёмони, бундай кийимни икки-уч соатга кийиб ўтириш учун фалон сўм пул тўланади. Ўзига тўқ оилалар учун бу маблағ унча билинмас, аммо камхарж кишиларга «отнинг калласидек» ижара ҳақи оғирлик қилади. Шу боис келинчакларимиз оврупоча қимматбаҳо либослар ўрнига кейинчалик ҳам фойдаланиш мумкин бўлган миллий кийим-бошлар кийишса мақсадга мувофиқ бўларди. Яна бир гап: очиқ-сочиқ кийиниб юрган қизларга имонли эркаклар қарамайди, балки нияти ёмон киши беҳаё кўз билан қарайди. Натижада ҳар икки инсондан ҳам Аллоҳ рози бўлмайди. Шундай экан, қизларимизни гуноҳдан ва гуноҳга сабаб бўлишдан асрашимиз, уларга буни ётиғи билан тушунтиришимиз керак.

Динимизда кийиниш борасида қандай тавсиялар берилган?

Кийинишда ўртачалик ва мўътадиллик мақбулдир. Бу борада ҳаддан ошиб кетмаслик ёки ўта хароб кийиниш ҳам тўғри эмас.

Ривоят:

Бир куни саҳобийлар жангдан сўнг дам олиш учун бир дарахт остига тўпланиб, тамадди қилишга киришдилар. Уларнинг орасида Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам бор эдилар. Шу пайт туясини боқиб юрган бир саҳобий уларнинг олдига келиб қолди. Туябоқар эскириб, тўзиб кетган либосда эди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) унинг аҳволини кўриб, Жобир ибн Абдуллоҳдан: «Унинг бошқа кийими йўқми?» деб сўрадилар. У киши: «Тўрвасида яна иккита кийими бор», дедилар. Сарвари коинот: «Уларни кийса бўлмайдими?» дедилар. Жобир бояги кишини чақириб, Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг гапларини етказдилар. Туябоқар дарров кийимларини алмаштириб олди ва нари кетди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Мана шуниси яхши эмасми?» дедилар.

Шайх Шаъбий айтади: «Ахмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий». Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарида: «Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир», дея қайд этганлар.

«Бугун якшанба, шортикда борсам ҳам бўлади!»

Дам олиш куни эди. Катта ташкилот идораси олдидан ўтаётсам, ёш йигит бино ташқарисида қўриқчилар билан тортишаётган экан. «Сизни ичкарига қўёлмаймиз. Ички тартибга кўра, шортик ва шиппак кийган одамларни бинога киритиш тақиқланади», деди қўриқчилардан бири. Йигит эса шу ерда ишлашини рўкач қилар: «Ахир, бугун иш куни эмас-ку, шортикда келсам ҳам бўлаверади!», дея ичкарига киришга уринарди.

Тўғриси, ачиниб кетдим. Шундай катта даргоҳда ишлайдиган (демак, ўқимишли) йигитнинг ярим-ёрти кийиниб марказга келиши, бунинг устига, одамларнинг эътиборини ўзига қаратиб тортишаётгани, ўзини ҳақ деб билиши ярашмайдиган ҳолатдир.

Яна бир жиҳат — тор, калта кийимлар кийиш ҳам ёшларимизнинг одатларидан. Аммо бундай либослар нафақат дин нуқтаи назаридан, балки тиббий тарафдан ҳам саломатликка зарар келтириши исботланган. Бу ҳолатдаги кийимда риё, мақтанчоқлик бор, ўзини, баданини кўз-кўзлаш бор. Шундай экан, ота-оналар, маҳалла-кўй фарзандларнинг кийинишига доим эътиборли бўлишимиз жоиз.

Кийимларни доимо пок тутиш керак

Ислом — поклик динидир. Бу поклик маънавий ва моддий покизаликни тақозо этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Муддассир сурасида Набий алайҳиссаломга қарата ва у киши орқали бутун инсониятга хитоб килар экан: «Кийимларингни пок тут!», деган. Демак, либос покизалиги мусулмон кишининг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис намознинг шартларидан бири — либоснинг поклигидир. Ундан ташкари, поклик ва орасталик ­иймондан эканига далолат қилувчи бир канча ривоятлар хам келган.

Аллоҳ севгувчи сифат

Кийим олишда ҳаддан ошмаслик, одамлардан ажралиб туриш учун қимматбаҳо либосларни харид килмаслик жоиз. Имом Аҳмад ўз «Муснад»ларида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Кимки дунёда шуҳрат либосини кийса, Қиёмат кунида Аллоҳ унга хорлик либосини кийгазади». Демак, мусулмон киши кибру ҳаво, шуҳрат қозониш учун кийинмаслиги лозим. Чунки бу ҳаракат маънавий иллат саналади.

Ҳаддан ортиқ ғариб кийиниш ҳам жоиз эмас. Аллоҳ таоло бирон кимсага неъмат ато этган бўлса, мазкур неъматнинг асари ва аломати ўша инсонда кўриниб туришини яхши кўради.

Ривоят:

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бир куни ҳамсуҳбатларидан бирининг устида эскириб, увадаси чиққан кийимларга кўзи тушди. Одамлар тарқалиб, мажлисда фақат Абу Ҳанифаю афтода кийинган киши ёлғиз қолгач, Имом унга юзланиб деди: «Анави жойнамозни кўтаргин-да, тагидагини ол!». Киши жойнамозни кўтарди, қараса, минг дирҳам пул бор экан. «Уни олиб, уст-бошингни тартибга келтир», деди Абу Ҳанифа. Шунда: »Мен ўзимга тўқман, — деди ўша киши. — Аллоҳ менга бойлик, мўлчилик ато қилган. Бу пулларингизга эҳтиёжим йўқ». Унинг сўзларини эшитгач, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: «Аллоҳ сенга бойлик ва фаровонлик ато қилган экан, қани У берган неъматларнинг асари?! Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг: албатта, Аллоҳ ўз бандасининг устида унга берган неъматининг асарини кўришни севади, деган сўзлари сенга етиб келмаганми? Ҳамонки, бой экансан, ўзингни тартибга келтириб, уст-бошингга қараб юришинг даркор. Токи ўз яқинларингни ғамга ботирмагайсан», дея насиҳат қилди.

* * *

Бир сўз билан айтганда, либос нафақат инсон, балки миллат маънавиятининг белгиси эканини унутмайлик. Маҳаллаларда, тўй-маърака ва бошқа йиғинларда бу ҳақда таъсирчан тарғиботни жонлантиришимиз керак. Ана шундагина қизларимиз европа маликаси бўлишни эмас, Кумушбиби каби ҳаё, ибо фариштаси бўлишни истаб кийим танлашади.

Раъно ҚОДИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.

Манба: «Маҳалла»