Оқдарёда нима гаплар?

2019-09-13T10:22:49+05:0013 Sentabr, 2019|Самарқанд вил.|

Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туманларида амалга оширилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситалари орқали аҳолининг кенг қатламига етказиш мақсадида жойларда ташкил этилиб келинаётган пресс-турларнинг навбатдагиси Оқдарё туманида ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Иштирокчилар дастлаб, “Миллат хазинаси” номли давлат хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишди. Улар рус тилига ихтисослашган мазкур боғчада болажонлар қўшимча инглиз, хитой ва корейс тилларидан ҳам илк сабоқларни олиш учун барча қулайликка эга эканлигига гувоҳ бўлишди.

Пресс-тур давомида иштирокчилар ижтимоий соҳа объектлари, Даҳбед кичик саноат зонаси ва бир қатор ишлаб чиқариш корхоналар фаолияти билан танишди. Жумладан, журналистлар манзилдаги “Pichokchi dry fruits” ёнғоқни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонасида бўлди.

Улар бу ерда республикамизнинг барча вилоятларидан ёнғоқ маҳсулоти йиғилиш жараёнлари, мағзи пўстлоғидан ажратилиб қадоқланиши ва тайёр маҳсулотлар яқин хорижий давлатларга экспорт қилиниши ҳақидаги маълумотларга эга бўлди. Ундан ташқари йилига 500 минг тонна маҳсулот экспорт қиладиган корхонада Пичоқчи маҳалласининг 40 нафар ёш йигит-қизи иш билан бандлигини кўриб, улар билан дилдан суҳбатлашди.

Шунингдек, ташриф буюрганларга корхона мутахассислари томонидан келгусида корхона учун беш бўлимдан иборат мажмуа бунёд этилиши ишлари бошлангани, унда логистика маркази, меҳмонхона, савдо ва маҳсулотларни қадоқлаш бўлими, шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси ўрин эгаллаши бўйича маълумотлар берилиб, қурилиш лойиҳаси таништирилди. Шундан сўнг, “Зарафшон текстил” масъулияти чекланган жамияти Лойиш-2 филиали фаолиятини кўздан кечиришди.

Журналистларга туман ҳокими Феруз Абилов томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ҳудудда амалга оширилган ишлар ва келгусига режалар, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги вакиллари, вилоят, шаҳар ва туман газеталари муҳаррирлари, интернат нашрлари мухбирларининг кейинги манзили “Оқдарё овози” газетаси таҳририятида бўлди.

Иштирокчилар таҳририят ижодий жамоаси билан учрашиб, улар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди ва ижодий ҳамкорликни янада кенгайтишга келишиб олинди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Самарқанд вилоят бўлими мутахассиси.