Ҳудудлардаги ўзгаришларга ижтимоий тармоқлардаги нохолис ахборотларга қараб баҳо бераяпмиз

2019-08-27T10:37:32+05:0027 Avgust, 2019|Навоий вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан Хатирчи туманида пресс-тур ташкил этилиб, маҳаллий ва республика ОАВнинг бир гуруҳ журналистлари мазкур ҳуддаги 10 га яқин йирик лойиҳалар билан танишишди.

Пресс-тур аввалида туман ҳокими Ғофур Алиев иштирокида учрашув ўтказилди. Унда журналистларга ҳудудда амалга оширилаётган ишлар юзасидан умумий маълумотлар тақдим этилди.

Шундан сўнг, тадбир қатнашчилари томчилаб суғориш соҳасида фаол иш олиб бораётган “Орзу” фермер хўжалиги ва “Романд яшил” Ўзбекистон-Эрон қўшма корхонасидаги иш жараёнлари , танишишди.

— Биз Эронда томчилаб суғориш технологиялари ишлаб чиқарамамиз, — дейди инвестор Али Шоҳмуродий. – Маҳсулотларимиз жаҳоннинг 20 га яқин мамлакатига сотилади. Ўзбекистонда мазкур соҳада катта имкониятлар мавжуд. Бу ерда илмий ёндашувлар асосидаги қишлоқ хўжалигини ривожлантириш керак. Юртингизда инвесторларга катта имкониятлар берилаётгани ҳақида эшитганимдан сўнг Тошкент, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида бўлдим. Хатирчи туманининг ҳудудларини айланиб чиқдим. Айнан мазкур ҳудуд томчилаб суғоришга жуда қулай экан.

Прес-тур доирасида шунингдек, “Осиё сера Навоий” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси томонидан яқиндагина қурилиб, фойдаланишга топширилган 10 гектарлик иссиқхона фаолияти ҳам журналистларда катта таассурот қолдирди. Энг замонавий технологиялар асосида бу ерда кокос қипиқларида помидор ва бошқа цитрус мевалар етиштирилиб, маҳсулот 100 фоиз экспортга йўналтирилади. Бу ерда бугунги кунда маҳаллий 100 нафар хотин-қизлар иш олиб бормоқда.

—Лойиҳанинг умумий қиймати 7 миллион АҚШ долларини ташкил этади, ­- дейди инвестор Меҳмет Болже ўғлу. ­ — Биз бугунгача 5 миллион доллар сармоя киритдик. Ўзбекистон банклари эса 2 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратди. Юртингиз банклари ва ҳукумат томонидан, хусусан маҳаллий ҳокимлик бизга яқиндан кўмак бермоқда.

Шу куни журналистлар “Хатирчи пилла хазинаси” хусусий корхонаси, “Кўксарой” сув омбори, “Истқлолнинг 10 йиллиги” фермер хўжалигининг чорвачилик мажмуаси, “Баркамол диёр”, “Тиниқ фаввора” номли ҳамда 2-сонли давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларида ҳам бўлдилар.

—Биз ҳудудлардаги ўзгаришларга баҳо беришда афсуски ижтимоий тармоқлардаги ноаниқ хабарлар, нохолис ахборотларга таяниб қолаяпмиз, — дейди “Нуроний” газетаси вилоят мухбири Олим Хўжаев. ­­­– Очиғи, Хатирчи туманида бундай кенг кўламли ишлар олиб борилаётганидан ўзим ҳам хабардор эмас эдим. Оддий аҳоли, инвесторлар, фермерлар билан мулоқот жараёнида улардаги иштиёқ ­бизга куч, илҳом бағишлади. Айрим ишларни ёритишда мақола билангина чекланмаслигимиз кераклиги, “замонамиз қаҳрамонлари” – халқнинг ташвиши билан яшаётган оддий кишилар ҳақида бадий асарлар яратиш лозимлигини ҳам агладик. Бир сўз билан айтганда, журналистлар уюшмасининг бу ташаббуси барчамизга маъқул бўлди.

Озод МУСТАФОЕВ,

Уюушмаси Навоий вилояти бўлими мутахассиси.