Турмуш ажрашиш учун қурилмайди-ку!

2019-08-23T07:07:31+05:0023 Avgust, 2019|Ҳафта мақоласи|

Онаси оддий келишмовчиликдан аразлаб уйига қайтиб келган Кароматга тўғри йўл кўрсатиш ўрнига пашшадан фил ясаб, муаммони бўрттириб юборди. «Бир эмас, бешта қайнсинглинг бор. Уй ишларини ўшалар қилсин. Сен кун бўйи ишда чарчайсан», деб қизининг кетишига йўл бермади. Кўп ўтмай, дунёга келган чақалоқ ҳам бувисининг кўнглини юмшатолмади. Ёшларни яраштириш, келини ва набирасини олиб кетиш илинжида келган қайнотанинг сўзлари ҳам оғзида қолди. Қудасининг ёшларни алоҳида яшаш шартини эшитиб, ҳайрон бўлиб қолди.

Алишер оилада ёлғиз ўғил бўлса, қизлари эртага узатилади-кетади. Ахир, шу уй-жой уники. Қолаверса, гулдек набирасини эркалаб ўстиришни истайди. Шу каби ўй-хаёллардан боши қотган ота нажот истаб маҳалла фуқаролар йиғинига боради. Лекин афсуски, маҳалла кайвонилари-ю оқсоқолнинг тушунтиришлари ҳам қудасини эгардан тушира олмади. Икки ўртада сарсон гўдак уч ёшга тўлгунча уларнинг ҳаёти шу зайлда давом этди.

Аризасини қайтариб олди

— Бу оиланинг тақдири чуқур таҳлил қилиниб, уларга тўғри йўл кўрсатиш, ҳаётини изга тушириш бўйича мутахассислар томонидан таклифлар берилди, — дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Равшанбек Бобожонов. — Аввал улар ўзи яшайдиган тумандаги ФҲДЁ бўлими қошида оила қурувчи ва оиласида маслаҳатга муҳтож ёшлар учун ташкил этилган ўқув-семинарларга жалб этилди. Бошида мажбуран келган ёшлар ярашиб кетган оилаларни кўриб, мутахассисларнинг дўстона маслаҳатларини тинглаб, дарсларга астойдил қатнай бошлашди. Боз устига, бу ўқув машғулотлари анчадан бери айрилиқда яшаётган ёшларнинг ёнма-ён ўтиришига, суҳбатлашишига, муносабатларида илиқлик пайдо бўлишига имкон яратди. Ота-оналарни эса «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, маҳалла фаоллари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилот мутахассислари муросага келтиришга ҳаракат қилишди. Ҳар икки хонадоннинг ҳам эшикларини такрор-такрор тақиллатишдан эринишмади. Бундай айрича яшаш бизнинг менталитетимизга ёт, оиланинг шаънига ярашмаслиги, ажрашишдан бахт ҳам, барака ҳам топиб бўлмаслиги тушунтирилди. Ниҳоят, жорий йилнинг июль ойида Алишер билан Каромат ажрашиш учун берган аризасини қайтариб олишди. Ёшларнинг юзидаги қувонч, қудаларнинг бир-бирига илиқ муомаласи ва кичкинтойнинг отаси бағрида шодон вояга етаётганини кўриб, қилган ҳаракатларимизнинг натижасидан кўнглимиз тўлди.

774 нафар гўдакнинг бахтли ҳаёти сақлаб қолинди

Статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, Хоразм вилоятида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида тузилган никоҳлар сони 7 минг 407 тани ташкил қилган бўлса, ажрашишлар сони 506 тага етди. Жумладан, ажрашиш ёқасида турган оилалар ҳаёти ўрганилганда, улардан 292 тасида ёшларнинг ҳаётга тайёр эмаслиги ва эр-хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари, 128 нафарида учинчи шахс аралашуви, 33 нафарида бефарзандлик, 26 нафарида ичкиликбозликка ружу қўйиш, 17 нафарида ташқи миграция ва 9 нафарида хиёнат каби ҳолатлар аниқланди. Мавжуд муаммоларнинг олдини олиш борасида олиб борилган ишлар натижасида вилоят бўйича ажрим арафасида бўлган жами 713 нафар оиланинг 531 нафари сақлаб қолинди. Бу эса 774 нафар ўғил-қизларимиз ота-онаси бағрида бахтли ҳаёт кечирмоқда дегани.

Бир оиланинг ярашиб кетиши — ундаги ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган, меҳрга муҳтож норасидаларни тирик етимликдан, кўнгли яримликдан асраб қолиш дегани.

Маҳалла биринчи қадамни ташлайди

Ёшларнинг ўз хатосини англаб етаётгани, фарзандларининг бахту иқболи учун оиласини сақлаб қолишга уринаётгани, албатта, қувонарли ҳолат. Лекин орамизда ғурурини ҳар нарсадан устун билиб, эртанги аянчли турмушига боқишга истамаётганларнинг ҳам учраётганидан кўз юма олмаймиз.

Ана шундай низоли оилаларга маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, кайвони онахонлар, намунали оила вакиллари бўлган оталар, имом-хатиблардан иборат жамоа аъзолари ёшларга тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

— Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, эр-хотин ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этишда маҳалла биринчи қадамни ташлайди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бош мутахассиси Зулхумор Жўраева. — Қанчадан-қанча оилалар маҳалла мутасаддилари кўмаги билан бахтли ҳаётини давом эттирмоқда. Айниқса, бу борада Яраштириш комиссияларининг фаолияти алоҳида эътиборга молик. Ҳозирги кунда комиссия таркибига узоқ йиллик турмуш тажрибасига эга бўлган, тақдир синовларини бирга енгиб ўтган отахон ва онахонларни жалб этишга ҳаракат қиляпмиз. Улар ўз ҳаётий тажрибалари мисолида оила қадр-қиммати нақадар юксак эканини ёшларга муносиб тушунтириб беришмоқда. Назаримизда, фақат ёшлар эмас, уларни тарбиялаётган ота-оналар билан ҳам ишлаш тизимини кенгайтиришга эҳтиёж катта. Кўпинча улар ҳам фарзандларининг турмуши бузилишига сабабчи бўлиб қолаётганидан кўз юма олмаймиз. Хуллас, санайдиган бўлсак, сабаблар талайгина. Энг муҳими эса уларни илдиз отиб кетишига йўл бермаслик. Бу мақсадга эришишда таъсирчан видеоролик ва ҳужжатли фильмлар намойиши, айниқса, ўз самарасини кўрсатмоқда.

Хатосини тушунди

Қилинаётган ишларга баҳо беришда кўпинча рақамларга мурожаат қилишга ўрганиб қолганмиз. Тўғри, масалани аниқ фактлар асосида таҳлил қилиш анча самарали усул, лекин гап оилавий ажрим, фарзандларнинг жабр чекиши борасида кетганда, битта ҳолат ҳам кўп. Турмушини тиклаган оилалар сони қанча юқори бўлса ҳам камдек.

— Сирдарё вилоятида 2019 йилнинг 6 ойи давомида 441 та оила яраштирилиб, 743 нафар фарзанд яриметимликдан сақлаб қолинди, — дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Олия Турдиева. — Ажрим ёқасида турган 342 нафар оилалар билан тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш натижасида 29 нафар оила ўз аризасини суддан қайтариб олишди.

2019 йилнинг 6 июнь куни Латофат ва Равшан (исмлар ўзгартирилган) келишмовчилик сабаб Оқолтин тумани фуқаролик судига ажрашиш ва алимент ундириш учун ариза берган. Аслида бир-бирини тушунмаслик, аёлнинг фарзандимни алимент пули билан боқишга қурбим етади, деган хомхаёллари бир оиланинг дарз кетиши учун арзимас баҳона холос. Мутасадди ташкилотлар олиб борган тушунтириш ишлари ва суҳбатлар натижасида эр ва хотин ўз хатоларини тушуниб етишди.

«Ярашиб адашмадим»

— Баъзан инсон қилган хатосидан тўғри хулоса чиқариши учун анча вақт талаб этилади, — дейди Тошкент вилоятида истиқомат қиладиган Саломат Воҳидова (исм-фамилия ўзгартирилган). — Мен ҳам оиламни сақлаб қолиш учун анча курашишимга тўғри келди. Турмуш ўртоғим билан уч йилга яқин алоҳида яшадик. 4 нафар фарзандга таълим-тарбия беришда жуда қийналдим. Гарчи ажрашишимизга орага учинчи шахснинг аралашуви сабаб бўлган бўлса-да, болаларимнинг келажаги ва оилам ҳурмати учун ҳамма нарсага кўз юмишга қарор қилдим. Адашмаган эканман, ҳозир бағри бутунликда бахтли турмуш кечиряпмиз.

Бир неча йиллар давомида ажримда юриб, бирга яшамаган оилаларнинг яраштирилаётгани маҳалла фаоллари ва мутасадди ташкилотларнинг олиб бораётган ишлари самараси дейиш мумкин. Зеро, бир хонадоннинг парокандалиги жамиятда бир нечта кўнгли ярим инсонларнинг кўпайишига олиб келади. Шундай экан, ҳар биримиз муқаддас саналмиш оиланинг бахту саодати учун масъулмиз.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА.

Манба: «Mahalla» газетаси