Бухорода “Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиблари тақдирланди

2019-08-22T06:36:58+05:0021 Avgust, 2019|Бухоро вил.|

Бухорода мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ташкил этилган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, ижодий ташкилотлар вакиллари, шоир-ёзувчилар, тасвирий санъат усталари, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш ва меҳнат шароити яратиш, истеъдодини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.

Танловда 30 нафардан зиёд шоир ва ёзувчилар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари, фотограф ва дизайнерларнинг 100 дан зиёд ижодий иши кўриб чиқилиб, холис баҳоланди. Якуний натижаларга кўра, “Шоир ва ёзувчиларнинг энг яхши бадиий асарлари” номинацияси бўйича ғолибликни “Диёр ва ёр” достонлар китоблари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Ғулом Шомуродов қўлга киритди. “Шофиркон овози” газетаси муҳаррири Алишер Обидов эса “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг энг яхши мақолалари” номинацияси бўйича эътироф этилди. “Телевидение ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари” йўналиши бўйича вилоят телерадиокомпанияси катта муҳаррири Матлуба Одинаева тожик тилида эфирга узатиладиган “Паёми рўз” кўрсатуви учун тақдирланди. “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими ходими Мустақилбек Жалолов тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн йўналишида тенгсиз деб баҳоланган бўлса, кино санъати асарлари йўналиши бўйича ғолиблик “Истиқлол” телерадиокомпанияси оператори Абдулла Ражабовга насиб этди.

Тадбир республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, шунингдек, халқимизнинг ардоқли шоир-ёзувчилари иштирокидаги ижодий мулоқотга уланди.

Саид ШАМСИЕВ.