Сирдарёни кўрмабсиз…

2019-08-19T05:12:06+05:0019 Avgust, 2019|Сирдарё вил.|

Лоф эмас, қирқ йил бўлди: ана шу катта трасса – Катта ўзбек тракти дейилармиди бир замонлар, йўлдан гоҳи жанубга, гоҳи Орол бўйлари, баъзан буюк жаҳонгир бобом мангу қўним топ­ган Самарқанд ё Бухорои шариф томонларга бориб келаман. Ким айтади, қай биримиз шундоққина йўл устидаги Сирдарё аталмиш улкан ҳудуднинг бирор туман ё қишлоғини бир кунгина айланганмизми? Аксаримиз ёз чилласида Зомин ё Бахмалга салқинлаб келмоқ учун югурганмиз, Айдаркўл тарафларга отланганмиз. Сирдарё десалар… саратонда нафас олиб бўлмас, қаҳратон қишда эса совуқ уриб кетса ажабмас, деган беъмани тасаввурлар ҳамон айримларни чўчитиши мумкин. Фақат баҳорда лолақизғалдоқ, кеч кузакда эса тилими тил ёргувчи қовун-тарвуз сайлига чопганимиз ёлғонми, айтинг?!

Агар ҳалиям сиз ана шундай ўй-хаёлларда юрган бўлсангиз, маслаҳатим шу: машҳур бахши-шоир Тўра Сулаймону афсонавий шоира Ҳалима Худойбердиева ёхуд ўткир қалам соҳиби, Мирзачўлнинг боғу бўстонга айланишида баҳоли қудрат хизмати сингган журналист Алиқул Хонимқулнинг ёзган ўлмас битикларини бир варақланг! Агар шуларга-да шубҳангиз бўлса, эртага ҳеч иккиланмай Сирдарё бўйларида тўрт фаслда ҳам ўз она юрти, оиласи, рўзғори, дас­турхонини обод ва тўкин қилмоққа интилиб яшаётганлар ҳузурига боринг. Дардлашинг кўнгил ёзилади, бунёд бўлаётган улкан иншоотлар, боғ-роғлар, намунали уй-жойлар, борингки, бутун воқеликни ўз кўзингиз билан кўриб келинг. Боиси, юртнинг ҳар бир гўшасида биз билган ва билмаган Сирдарё вилоятидаги каби тарихий юксалишлар содир бўлаётгани чин.

Ғофуржон МИРЗАЕВ,

Сирдарё вилояти ҳокими:

– Йўл-йўлакай кўриб келяпсизлар, тўғрими, очиғини айтаман, ҳали қилингандан кўра қилинмаган ишларимиз кўпроқ. Ёшлар тарбияси, бандлик, маиший муаммолар, умуман, тартибга соладиган жойларимиз бисёр. Оддий мисол, мен келганимда вилоятдаги 8 та туман, кечирасизлар-ку, дотацияда ўтирганди. 400 миллиардга яқин қарзи бор эди. Аввало, Президентимиз, қолаверса, ҳукуматимиз кўмаги билан, вилоятимиз аҳлининг фидойилиги туфайли икки-уч йил ичида жуда катта ишлар амалга оширилди. Тасаввур қилинг, бундан беш йил аввал Сирдарёга, Гулистон шаҳрига келган одам бугун ҳайратга тушади. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурлари ижроси, шунингдек, экспорт салоҳиятининг ошиши, инвестиция муҳитининг такомиллашуви натижасида кейинги йигирма йилликларда бажарилмаган ишлар қилинди. Лекин бу жараёнлар осон кечаётгани йўқ.

Эътиборли жиҳати, саноат, қишлоқ хўжалиги, фермерлик, кластер тизимларида янгича иш услублари ўзини оқлаяпти. Мен сизларга рақамларни қалаштириб, мақтанмоқчи эмасман. Бир оддий мисолни айта қолай: давлатимиз раҳбари тавсияси билан Сирдарё шароитида пахтачиликда томчилатиб суғоришнинг бошлаб берилиши йил сайин самара беряпти. Ўтган йили 300 гектар майдонда ана шу усул қўлланилган бўлса, бу йил бу рақам 1000 гектарга етди.

“Сирдарё” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Ўзбекистон – Хитой” дўстлик боғига борган бўлсангиз, муболағасиз айтиш мумкин, бу хушманзара гўша Мирзачўлнинг ҳақиқий мўъжизасига айланди. Икки давлат ҳамкорлигида очилган ва 9 та корхона-заводни бирлаштирган “Пенг-Шенг” мажмуаси фаолиятини ёритиш учун сизларга икки кун ҳам етмайди, аслида. Бу борада яна катта ишлар режалаштириляпти. Йил охирида, сарҳисоб маҳали кўришсак, кўп нарсалар ойдинлашади. Лекин, бу дегани, кузгача хайрлашяпти деб ўйламанг. Бизнинг эшигимиз кўнглимиздай очиқ, исталган савол-масала бўлса, марҳамат, учрашувга тайёрман!

Аввал Сирдарё тумани, кейин Сайхунобод тумани марказида кўрганларимиз бир мақола ё асарга сиғмаслиги табиий. 660 гектар майдонни эгаллаган “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасининг учдан икки қисмида янги лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган бўлса, учдан бир қисмида доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилиши кўзда тутилган. Рақамларга эътибор беринг: яқин йилларда 97 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади, 7 500 га яқин иш ўрни очилади! Айтишга осон, лекин лафзи ҳалол сирдарёликлар учун бу марралар ҳали чегара эмас, олдинда янада улканроқ ишлар турибди. “Сирдарё универсал ойна” масъулияти чекланган жамияти, “Сирдарё мега люкс” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси (650 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилади), “Пенг-Шенг” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси (1600 дан кўпроқ маҳаллий ишчи, 400 нафар хитойлик ишлайди) фаолияти таърифларга сиғмайди.

Ботир МИРЗАҚУЛОВ,

Сайхунобод тумани ҳокими:

– Тошкентдан шундай довруғли журналистлар ўз оёғи билан келиб турган бўлса, бундан қувонмасликнинг иложи йўқ. Туманимизда кўрган-кузатган манзараларни борича ёзсангизлар, янаям хурсанд бўламиз-да. Ўзим ҳам ёшлигимда район газетасига хабарчалар юбориб, қалам ҳақига китоб-дафтар сотиб олардим. Айтмоқчиманки, бу соҳа менга бегона эмас. Насиб этса, “Сайхун планет”га яна олти ойдан кейин келсангизлар, танимай қоласиз. Икки қаватли бу муҳташам мажмуани “Ташаббус-2019” танлови ғолиби Хуршид Шарипов банкдан ажратилган 21,3 миллиард сўм кредит ва 14,5 миллиард сўм шахсий маб­лағи ҳисобидан қуриб ишга туширди.

Президентимизнинг беш муҳим ташаб­буси ижросини таъминлаш мақсадида “Йил аёли-2018” республика танлови ғолиби Гавҳар деган ишбилармон қизимиз давлатдан бир миллиард сўм кредит олиб, чекка бир қишлоқда маданият маркази барпо этди. Бу ерда 10 минг китоб фондига эга “Мумтоз” китоб дўкони, компьютер синфлари очиляпти. Булар энди, очиғи, мақтанадиган ишларимиз, мақтанмайдиганлариям бор, лекин уларни аста-секин тузатяпмиз. Асосий мақсад битта – одамларни рози қилиш!

Сайхун шаҳарчасидаги катта савдо мажмуасини айланиб юргандик. Ичкарида ҳали асосий ишлар тугалланмаган экан. Кўп жойлар ҳозирча эгасини топмаган. Бир маҳал “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Сафар Остоновни бир гуруҳ сотувчилар ўраб олишди. “Журналистмисизлар, ҳозир эшитдик, агар имкони бўлса, ҳоким бувага етказиб қўйсангизлар. Биз энди иш бошлаяпмиз. Бошланғич маблағимиз йўқ ҳисоби. Дўконларни кредит олмасдан, шахсий пулимизга тўлдиряпмиз. Лекин бу мажмуада ижара пули қимматроқ белгиланган, ўзимизни сал тиклаб, оёққа туриб олгунча қўллаб туришса, арзонлаштирса деймиз-да”.

Ҳилола ЖЎРАЕВА,

Сайхунободлик ёш тадбиркор:

– Мен “Сайхун планет”дан ойига 1 миллион 200 минг сўм эвазига ижарага жой олиб фаолият бошлаяпман. Ҳозирча шахсий маб­лағим ҳисобидан дўконни тўлдирдим. Биз асосан аёллар кийим-кечаклари савдоси билан шуғулланамиз. Одамлар ҳали ўрганмагани учунми, савдо сустроқ. Лекин Тошкентнинг “Отчопар” бозорига бориб келаман деб бир кун сарсон бўлиб юргандан кўра шу ердаям бемалол керакли буюмларни топса бўлади. Кўпчиликдан эшитдим, давлат ёш тадбиркорларни оёққа тургунча қўллаб-қувватлаётган экан, мен ҳам иккиланмасдан озроқ кредит олсам бўлармикан? Ишқилиб, куйиб қолмайманми?..

Пешиндан сўнг Ховос туманига йўл олдик. “Ховос сити”да 42 гектар майдонда катта қурилиш ишлари қизғин давом этаётган экан. Янги шаҳарчада 30 та замонавий бино қуриляпти. Ташқарида жазирама хуруж қилаётган бўлса-да, бизни манзилга элтган замонавий автобус ичкариси салқинлиги боис гурунг қизийди. Ховос тумани ҳокими Райимқул Бобоевнинг ўзи раҳбарлик қилаётган ҳудуд тарихини ўрганишга иштиёқи баландлиги бизни қизиқтириб қўйди. “Кўҳна Ховос харобасида ўтказилаётган археологик тадқиқотлар давомида бу жойнинг камида икки ярим минг йиллик ўтмишга эгалиги ва бутун Сирдарё вилояти ҳудудидаги энг қадимги шаҳар қолдиғи эканлиги исботланди. Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти ходимлари изланишлари давомида мингдан зиёд осори атиқалар топилди. Уларнинг фикрига суянадиган бўлсак, бу ердан топилган қадимий ашёлар 2 500 йил аввал Ховосда одамлар яшаганидан хабар беради. Ҳозир ўша тепаликка борсак, ўз кўзларингиз билан кўрасизлар. Яна бир мисол, Ховостепадан VIII асрга оид ҳаммом қолдиқлари қазиб ўрганилмоқда”, деяётганди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Камол Матёқубов унинг гапини бўлиб: “Йўқ, дўстим, кечирасиз, VIII асрга тегишли ҳаммом фақат Бухорода топилган, менимча, бу маълумотни айтган мутахассис янглишган, X аср десангиз тўғрироқ бўларди”, деб кулиб қўйди…

Сафар таассуротлари бир дунё. Журналист халқининг бўлса саволлари тугамайди. Ҳокимми, фермер ё уламоми, барибир саволини бераверади. Охири орамизда журналист аёллардан бири ҳазил аралаш “Сирдарёни бир ҳафтадаям айланиб бўлмас экан-ку. Қуёш ботяпти, биз ҳали Ховосда юрибмиз. Тунги Гулистон манзараларини томоша қиласизлар, дейишганди чоғи”, деганидан сўнггина ташкилотчилар шошиб қолишди.

Саъдулла ҲАКИМ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси раиси:

– Ватан мустақиллигининг катта тўйи арафасида Сирдарё вилоятига медиа-тур уюштирилишида ўзига хос рамзий маъно бор. Тўғри, бугун мамлакатимизнинг ҳар бир шаҳар ва тумани, қишлоқ-маҳалласида рўй бераётган янгилик, ўзгаришлар ҳақида туркум-туркум мақолалар, мақола-эсселар ёзил­япти, махсус кўрсатувлар тайёрланяпти. Буларнинг бари аслида денгиздан бир томчи.

Сирдарёга сафар қилганимизнинг сири бошқа. Президентимиз бу ҳудудга яқиндагина ташриф буюрганларида ҳам жуда кўп маслаҳат, йўл-йўриқлар, таклиф-тавсиялар айтди, амалга оширилаётган ишларга танқидий-таҳлилий назар билан холисона баҳо берган эди. Шу маънода биз қаламкашлар ҳам ана шундай улкан ислоҳотлардан четда туролмаймиз, табиийки, халқимизни бундай янгилик-ўзгаришлар ҳақида хабардор этмоғимиз зарур. Бир кунда кўрганларимизнинг ўзи бир китобга сиғмайди. Демак, биз шу пайтгача кичикроқ вилоят-да, салоҳияти ҳам шунга яраша бўлса керак, деган ёлғон тасаввурларимиз бугун бутунлай ўзгариб кетди. Сирдарёда жуда катта сир-синоатлар яширин экан…

Вилоят марказини бемалол айланишга, тўғриси, улгуролмадик. Нега десангиз, шаҳар ўртасида барпо этилаётган Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби қурилишини йўл-йўлакай бир қур кўздан кечирдик, сўнгра “Буюк келажак” деб номланган тураржой даҳасини ва, ниҳоят, “Ўқитувчи” китоб дўконини томоша қилдик…

Бир кунлик сафар шамолдек ўтди-кетди. Лекин кўрган, кузатган, гувоҳи бўлган унутилмас суҳбат-гурунглар, гўзал манзаралар, кўнгилни гоҳи чоғ, гоҳи маҳзун қилгувчи кечинмалар Сирдарёда қолиб кетмади. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси шафелигида ташкил этилган медиа-тур баҳонасида пойтахтда ёнма-ён яшаб, ижод қилиб юрган бўлса-да, бир-бирини таниб-танимай юрган қаламкашлар ўзларини қийнаётган айрим муаммоларни ҳам муҳокама қилдилар, келгусидаги режаларини ўртоқлашдилар.

Куни кеча ҳамкасблардан бири қўнғироқ қилиб сўраб қолди: “Билмайсизми, яқин орада уюшма қайси вилоятга сафар уюштирмоқчи экан? Газеталарни ўқидим, телевизорда кўрдим, роса ҳавасим келди. Нега десангиз, шахсан ўзим Тўйтепадан нарига чиқмаганман…”.

Норқобил ЖАЛИЛ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист