БОҚИМАНДА “ЖАНОБ”ЛАР

2019-08-12T11:48:10+05:0024 Iyul, 2019|Ҳафта мақоласи|

Акс-садо

“Ҳуррият” газетасининг 2019 йил 10 июл сонида журналист Феруза Бердиеванинг “Сепини кўриб, қизини ол!” сарлавҳали мақоласини ўқиб, ўз мулоҳазаларимни ёзишга қарор қилдим. Ҳақиқатан ҳам муаллиф оғриқли ва долзарб мавзуни қаламга олган. Чунки ҳар қанча гапирилмасин, танқид қилинмасин, турли бачкана урф-одатлар ҳали-ҳамон учраб турибди.

Бир пайтлар мана бу қўшиқ роса авж олган эди:

Сочимдан кўп ошиғим,

Сен бўлмасанг бошқаси…

Бугун бу қўшиқни замонавий куёвлар сал ўзгартириб бемалол айтса бўлади:

Сочимдан кўп сарполарим,

Бу бўлмаса, бошқаси…

Аслида биз танқид остига олаётган, маломат қилаётган ҳунук одат, яъни куёвларни талтайтириб, уларни боқимандага айлантириб қўйиш бирданига ёки ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Йиллар оша уни ўзимиз “сайқалладик”, кўпиртириб-тошириб, меъёридан ошириб, алал-оқибат аянчли, ўта ҳунук ҳолатга олиб келдик. Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур деганларидек, бўлар-бўлмас тўқима ва ясама “урф-одатлар”ни йўқ жойдан ясайвериб, энди ўзимиз боши берк кўчага кириб қолдик.

Бундан 25-30 йил илгари бўлган воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Тоҳир тоғам қўшни қишлоқда яшайдиган синфдоши Назокат опани жону дилидан яхши кўрар эди. Назокат опа ҳам бефарқ бўлмагани боис, улар аҳду паймон қилишди. Муаммо йигит томон совчилари қиз томонга бориб келгандан сўнг пайдо бўлди. Яъни қиз оилада яккаю ёлғиз фарзанд бўлгани учун ота-онаси агар йигит ичкуёв бўлишга кўнса, қизини беришга рози бўлишини айтибди. Бу гапларни эшитиб, уйдагилар роса тутақишди. Энг сўнгги гапни тоғам айтди: “Бир камим ичкуёв бўлиб, дўсту душман олдида юзим шувит бўлиши қолувди. Эл-юрт олдида қандай бош кўтариб юраман, ахир? Қаддимни букадиган, ғуруримни синдирадиган бундай муҳаббатдан кечдим!”

Тоғам ориятни ҳамма нарсадан устун қўйди. Бошқа қизга уйланди. Назокат опанинг ота-онаси эса ҳар бир совчига юқоридаги шартни қўйгани туфайли қизнинг ёши қирқдан ошса-да, узата олмади. Орадан йиллар ўтди. Қизнинг ота-онаси кейин қилган ишидан пушайман бўлишди. Аммо…

Талабалигимда содир бўлган яна бир воқеа эса унинг акси. Ўқишни тамомлагач, ёзги амалиётни ўтказиш учун уч курсдош қиз бир ҳовлида ижарада хонадон эгалари билан бирга яшай бошладик. Кўчиб борганимизнинг учинчи ҳафтаси эди. Дам олиш кунидан бир кун олдин Муборак опа: “Эртага қизим Мадина набираларим билан меҳмонга келади. Ул-бул ишларда кўмаклашиб юборинглар”, деб илтимос қилди. Хонадон соҳиби Маҳмуд амаки шу куни 5-6 марта бозорга қатнади. Катта тадорик бошланди. Сомса, лағмон, манти тайёрладик. Келтирилган харажатлару қилинаётган овқатларга қараб 15-20 киши меҳмонга келса керак, деб ўйладик. Эрта тонгдан яна тайёргарлик давом этди. Бир томонда шўрва қайнаяпти. Бошқа қозонда ошнинг зирваги тайёр.

Тушга яқин дарвоза олдида машина тўхтади. Муборак опа ва Маҳмуд амаки югуриб чиқиб, қизлари Мадина опани қизалоғи ва ўғли билан бошлаб киришди. Куёвнинг шошилинч “иши” бор экан. Кўчадан қайтиб кетибди. Ота-она кун бўйи қизи ва невараларига роса парвона бўлди. Кечга томон эр-хотин яна типирчилаб қолишди. Чунки куёв келадиган вақт яқинлашиб қолган экан. Вақти “тиғиз” куёв кундузгидек яна уйга кирмади. Биз эса дарвозага ўнгирилган ҳолда орқа капоти очиб қўйилган машинага бир тоғорада ош, яна бирида сомса, бошқасида товуқ, кабоб тугилган дастурхонларни ташидик. Қутилардаги мева-чева, ширинлигу пишириқлар ҳам жойлаштирилди. Хайр-хўш қилиб куёвтўрани кузатиб, уйга кираётганимизда шаддодгина Лайло: “Хола, қизингизнинг туғилган куними ёки куёвингизникими?” дея сўради. “Йўқ, туғилган кун эмас, таомил шунақа”, деди хола синиқ жилмайиб. Ўша шунчаки одат ҳар бир ярим ёки икки ойда, яъни Мадина опа меҳмонга келадиган кун, албатта, ҳеч бир хатосиз ва камчиликларсиз адо этиларди. Фақат нафақага кун кўрадиган бу икки қариянинг тежаб-тергаб йиққан пуллари эвазига келадиган егуликларни куёв томон қандай ҳазм қилишини сира тасаввур этолмасдик. Гарчи аввалида роса ҳайрон қолган бўлсак-да, бора-бора биз ҳам бу “одат”га кўникдик.

Қизиқ, илгари ўғил уйлантириш қийин бўлган экан, энди эса қиз узатиш — катта муаммо. Ота-она оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган қизининг сеп-сарполарини тўла-тўкис қилиб беради-ю, кейин куёвнинг бошқа кемтикларини тўлдиришга умрини, бисотини совуради. Уларнинг емай-ичмай бор-будини қизининг тинч-хотиржам яшаши учун сарфлаши ақлга сиғмайдиган гап.

Яқинда бир ҳамкасбим қишоққа ота-онасининг ҳолидан хабар олишга бориб жиғибийрон бўлиб келди. Ота-онаси ҳовлилари ёнидан 4 сотих ерни катта ўғил улғайса уй-жой қуриб берамиз, деб яхши ният билан олиб қўйишган экан. Улар бироз муддат Тошкентда яшади. Шу вақт ичида “уддабурон” “куёвпарвар” қўшни ўша бўш ерга уй тиклаб, қизи ва куёвини кўчириб келтирибди. Гулмиранинг отаси Самад тоға аввалига бу ҳолатдан жуда ҳайрон бўлиб, кейин судлашиб юришни ўзига эп кўрмай: “Э, ҳа майли, бир парча ер учун қўшни билан жанжалллашиб юраманми?” дея қўл силтабди.

Бунга Гулмира жуда асабийлашарди. “Отам андиша қилиб ер талашишни истамаяпти. Бўлмаса қонун биз томонда. Қўшни энди куёвига машина олиб бериш ҳаракатида юрган эмиш. Куёв тўра эса бетимнинг қалини, жонимнинг ҳузури, деб ўтирибди. Қайси юз билан қайнона-қайнотанинг пешонасига келиб бақрайиб яшаётганига нима дейсиз? Отамга ҳам ҳайронман. “Индама. Ёш боласи билан қаерга боради?” дейди. Куёв ҳамма нарсага осонлик билан ҳеч қандай меҳнатсиз эришаётганига димоғи чоғ. Қўл-оёғи бус-бутун бу “дев”нинг ҳеч қаерда ишламай уйда ўтиргани-чи? Э, ўргилдим, бундай боқиманда “нусха”дан”!

Ҳа, жаҳл келганда ақл кетади, деган гап бежиз айтилмаган. Лекин жаҳл келганда баъзан аччиқ ҳақиқату очиқ гаплар ҳам тилдан чиқиб кетади. Шундай эмасми, беор куёвлар?

Тўғри, ҳамма куёвлар ҳам шунақа демоқчи эмасман. Аммо яширишга не ҳожат, биз тилга олаётган боқиманда, орсиз куёвхонтўралар ҳам оз эмас-да.

Шу ўринда бу масалада катталарнинг айби кўпроқ деб ўйлайман. Чунки айрим ота-оналар “боламнинг кўнгли ўксимасин”, “қизимиз яхши яшасин” деган баҳоналар билан қурби етса-етмаса қарз-ҳавола қилиб бўлса-да сеп-сарпо, тўй-томоша қилаётгани бор гап. Улар вақтида ўғлига оила бошқариш масъулияти, қизига рўзғор тутиш санъатини ўргатса ана шунинг ўзи энг бебаҳо сеп-сарпо бўлмайдими? Ўткинчи дунё ҳою-ҳаваси ва мол-дунёси билан эмас, масъулият ва ақл фаросат билан бунёд этилган оилалар бахтли ва мустаҳкам бўлиши оддий ҳақиқатдир.

Зебинисо ЖЎРАЕВА

Китоб тумани