Самарқандлик журналистлар касб байрами олдидан тиббий кўрикка таклиф этилди

2019-08-12T11:50:22+05:0020 Iyun, 2019|Самарқанд вил.|

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда 27 июнь – Mатбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан вилоятдаги журналистлар ва уларнинг оила аъзоларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

– Бугунги шиддаткор даврда оммавий ахборот воситаларининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти жуда юқори, – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов. – Биз улар орқали нафақат ахборот оламиз, шу билан бирга жамиятдаги муносабатлар, одамлар ўй-фикрларидан воқиф бўламиз. Бунинг замирида албатта, журналистларимизнинг заҳматли меҳнати, туну кун изланишлари самараси мужассам. Улар ахборот тўплаш ва тарқатиш учун тиним билмай меҳнат қилади, шаҳар ва қишлоқларимизни кезади. Кўп ҳолларда ўз саломатликларини ҳам ўйламай касбий, ижодий иш билан машғул бўлишади. Шу сабабли оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрамлари арафасида оилалари билан чуқурлаштирилган тиббий кўрикка таклиф этяпмиз. 21-22 июнь кунлари барча шаҳар ва туманлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда журналистларимиз оила аъзолари билан бирга бориб, ўндан ортиқ мутахассислар кўригидан ўтишлари мумкин. Кўрик натижалари бўйича уларга тиббий маслаҳат ва тавсиялар берилади, аниқланган касалликларни даволаш чоралари кўрилади.

Жумладан, вилоят марказидаги оммавий ахборот воситалари ходимлари, республика нашрларининг вилоятдаги вакиллари Самарқанд шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиникада чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.