«ЗЎР»ТВ телеканали ижодкорларига текин маслаҳат: Кўпроқ ўқиш керак

2019-09-20T06:21:19+00:0020 Sentabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Мазкур каналда бериладиган «Актёр» кўрсатувини кузатиб билдимки, лойиҳанинг кейинги қаҳрамони ким бўлиши компьютер орқали аниқланар экан. Бунинг натижасида эркак­ларга аёл санъаткорлар, қизларга эркак санъаткорлар образи тушиб қоляпти.

Компьютерда эс борми, эс кўрсатув­ни тайёрлайдиган муҳаррирда бўлиши керак. Бу ҳол иштирокчиларнинг якуний баҳосига таъсир қилмай қолмайди. Бўлажак талантли актёр кераклича балл тўплолмай ўйиндан чиқиб кетяпти. Шунинг учун аёл санъаткорлар алоҳида, эркак санъаткорлар алоҳида тақдим қилиниши лозим. Шунда ўйинда адолат бўлади. Масалан, битта нозиккина қизимизга Шерали Жўраев тушди. Шерали аканинг овози бас овоз, наинки қиз болада, унча-мунча эркакларда йўқ унақа овоз. Оқибатда қиз бола эркакча қилиқлар қилишга, мумкин қадар дўриллаб гапиришга, эркакча хатти-ҳаракатлар қилишга мажбур бўляпти. Йигитларга аёл образи тушса, ундан баттар: хотинчалиш ҳаракатлар ва бемаъни қилиқлар. Ахир, ўзбекмиз, миллат шаънига доғ туширмайлик, ёш актёрларимизни бачкана роллардан ор қилишга ўргатайлик.

Иккинчи масала. Иштирокчилар танлайдиган мавзу «Жаҳон эстрадаси», «Жаҳон театр ва киноси». Нуқул «жаҳон»дан келадиган кимсалар. Баъзиларини ҳеч ким танимайди! Томошабин танимаса, ким билан солиштиради? Нега «ЎЗБЕК эстрадаси» эмас, «ЎЗБЕК киноси», «ЎЗБЕК театри» эмас? Негаки, кўрсатув муаллифлари ўзбек маданияти бўйича саводсиз! Мен баъзи давлат телеканалларига тайёр лойиҳалар билан чиққанимда, муаллиф ва муҳаррирларнинг ўзбек кино ва театри ҳақидаги билимларини кўриб, уларнинг саводсизлигидан лол қолганман. «Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев қайси театрда, қанақа спектаклда бош ролни ижро этган?» деган саволимга бутун бошли таҳририятдан жавоб берадиган биронта мард топилмади! Юлдуз Усмонова, Кумуш Раззоқова, Козим Қаюмовлар ўйнаган фильмлар борасида ҳам шу аҳвол. Ўқиш керак, азизларим, кўриш керак!

Кимдир: «Нуқул ўзбек театри, ўзбек эстрадаси, ўзбек киноси мавзуси бўлса, ўз қобиғимизга ўралашиб, тафаккуримиз торайиб қолмайдими?» дейиши мумкин. Бу гапни ўзининг миллий маданиятидан ор қиладиганлар айтадилар. Билган одам учун ўзбек санъати уммон қадар чуқур, осмон қадар бепоён. Фақат ўқиш, изланиш керак!

Шароф БОШБЕКОВ,

Драматург.

Манба: “Жамият” газетаси