Журналистлар «ЎзМобайл»да меҳмон бўлишди

2019-08-22T12:18:14+00:0022 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар|

  Пойтахт марказидан икки қаватли автобусда йўлга чиққан журналистлар аввалига Юнусобод туманининг Ҳасанбой маҳалласидаги уяли алоқа объектига боришди, кейин «UZMOBILE» кўчма лабораторияси қандай ишлашига гувоҳ бўлишди, саёҳат «Radisson Blu» меҳмонхонасида ўтказилган матбуот анжумани билан якунига етди.

Ҳасанбой МФЙ раиси Ҳамид Рустамовнинг айтишича, бу ерда 30 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Хуллас, аҳоли ўта зич ҳудуд. Тараққиёт изми интернет, замонавий алоқа воситаларига ўтаётган, миллионлаб юртдошларимиз дунё кезиб юрган бир шароитда Ҳасанбойга ўхшаш мамлакатимиздаги катта-кичик маҳаллаларда яшовчилар учун телекоммуникация объектлари қанчалик кераклигини таъкидлаш шарт эмас.

Телекоммуникация объекти 2G, 3G ҳамда 4G (LTE) технологиялари асосида ишловчи операторлик қурилмаси, антенна-мачта иншооти ва база станциясидан иборат.

Булар қандай ишлайди, афзалликлари нимада-ю, одамлар соғлиғига зиёни йўқми — филиал тармоқларни ривожлантириш хизмати раҳбари Эркин Ҳайдаров бирма-бир тушунтириб берди.

Журналистлар ишлаб турган «UZMOBILE» кўчма лабораторияси билан танишишди, мутахассиснинг айтишича, алоқа хизматидаги нуқсонларни мобил лаборатория осонгина топиб беради.

«Ўзбектелеком» АК «Обод қишлоқ» дастурида қатнашаётганидан хабарингиз бор.

Факт: бутун Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб 478 та қишлоқ аҳоли маскани, маҳалла ва қишлоқда телекоммуникация инфратузилмаси яхшиланмоқда.

Матбуот анжуманида «ЎзМобайл» филиали мутахассислари лойиҳаларга алоҳида тўхталишди. Мисол учун, 2019 йилнинг ўзида 3100 та янги база станцияси ишга туширилган, йил охиригача яна 400 та база станцияси бу сафни тўлдиради.

Бу ерда айнан сон сифатни таъминлайди — база станциялари кўпайиши алоқа хизматлари сифатининг бир неча чандон яхшиланишидан ташқари, хилма-хиллигини ҳам оширади. Айниқса, йирик шаҳарлар ва туман марказларини 4G (LTE) технологияси билан қоплашга зўр берилмоқдаки, бу ҳам маҳаллий абонентлар, ҳам юртимизга келаётган сайёҳлар учун қулайлик яратади.

«UZMOBILE» қишлоқ ҳудудларида мобил алоқани ривожлантиришга катта эътибор беряпти. 2019 йилда режадаги 3700 та база станциясидан 2000 таси айнан қишлоқларда ишга туширилади. Филиал томонидан «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида бу йил 140 та қишлоқда мобил алоқа йўлга қўйилади.

Энг муҳим янгиликлардан бири шуки, филиал ўз тармоғини ривожлантиришда давом этиб, амалдаги база станцияларини  4G (LTE) стандартигача замонавийлаштирмоқчи. «Тўртинчи стандарт» бу — юқори тезликдаги кенг полосали мобил интернет дегани, ўз-ўзидан турфа медиахизматлар билан бир қаторда, интерактив электрон давлат хизматларидан фойдаланиш анча қулайлашади.

Хизматлар сифати стандарт база станцияларидан ташқари, одамлар гавжум бўладиган объектлар ички қисмини махсус ечимлар билан қоплашга ҳам боғлиқ. «UZMOBILE» оператори аэропортлар ва йирик савдо марказларида мини база станцияларини ўрнатмоқда.

Матбуот анжуманида янги авлод мобил алоқа технологиялари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар берилди. Журналистларга маълум қилинишича, «ЎзМобайл» филиалида Ўзбекистондаги биринчи 5G стандартидаги мобил тармоқни ишга туширишга ҳозирлик ишлари кетмоқда.