Журналистлар “Умид”дан умид билан қайтди

2019-08-12T12:03:18+00:0029 Yanvar, 2019|Самарқанд вил.|

Самарқанд шаҳрининг Фарҳод шаҳарчасидаги «Умид» аёллар ижтимоий мослашув марказида маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимова қўмита томонидан ўтган йил мобайнида амалга оширилган ишлар, жойларда ташкил этилган ижтимоий мослашув марказлари фаолияти ҳақида ахборот берди.
ОАВ вакиллари марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Бу ерда тикувчилик, сартарошлик каби ҳунарларни ўрганиш учун кенг имконият яратилганига гувоҳ бўлди.
Тадбир давомида шу пайтга қадар ҳудудларда ташкил этилган Аёллар ижтимоий мослашув марказларига 217 нафар хотин-қиз мурожаат қилгани, ушбу мурожаатларнинг аксарияти ўз ечимини топгани маълум қилинди. Ушбу марказлар фаолияти хотин-қизлар орасидаги турли салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилаётгани айтиб ўтилди. Баъзи туманларда ташкил этилган марказларнинг иш фаолияти қониқарли эмаслиги танқид остига олинди.
Брифингда иштирок этган ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди, бошқача айтганда, “Умид”дан умид билан қайтди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Самарқанд вилояти бўлими мутахассиси