Журналистлар учун муҳим мавзу

2019-08-12T12:03:16+00:0031 Yanvar, 2019|Қорақалпоғистон|

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши мажлислар залида “Бугунги Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш ва Мўйноқ туманини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти” мавзусига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда республикада фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг қорақалпоқ филологияси факультети журналистика мутахассислиги талабалари иштирок этди.
Матбуот анжуманида Мўйноқ туман ҳокими биринчи ўринбосари А.Қурбаниязов, Халқаро Оролни муҳофаза қилиш жамғармаси “GEF” Агентлиги раҳбари В. Соколов, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари Б.Оразбаев, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Б.Ибрагимовлар нутқ сўзлади.
Анжуманда сўнги пайтларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида Мўйноқ туманида, жумладан, Орол денгизи тубидаги экологик фожиа оқибатларини юмшатиш бўйича давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган тадбирлар янада жадаллашгани қайд этилди ва мавжуд муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифи асносида мамлакатнинг энг шимолий ҳудуди Мўйноқ туманида бўлиб, аҳолининг яшаш шароити ва Орал денгизининг қуриб қолган тубидаги вазият билан шахсан танишиб чиқиб, кўрсатмалар берган эди. Шундан сўнг, 2019 йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бугунги кунда Мўйноқ туманини комплекс тарзда қайта қуриш, шу жумладан унинг марказини замонавий типда янгидан барпо этишга қаратилган Бош режаси ишлаб чиқилди ва аксарият ижтимоий объектларнинг қурилиш ишлари бошланди.Туманда 2019-2021 йилда йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий соҳа объектларини қуриш-таъмирлаш ишларига жами 1,5 трлн. сўмлик маблағларни жалб этиш кўзда тутилган ва ҳоказо.
Мазкур режаларни амалга оширишга маҳаллий аҳоли билан бирга Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятларидан қишлоқ хўжалиги техникалари, жумладан АН-2 самолёти ҳамда 600 га яқин ишчи кучлари жалб қилинган.
Матбуот анжуманида мазкур ишлар ижросини оммавий ахборот воситаларида ёритилиш жараёни ҳам муҳокама қилинди. Бу борада “Қарақалпақстан жаслары” газетаси муҳаррири С.Жаниев, Қорақалпоғистон Телерадиокомпанияси бош муҳаррири Л.Сейданова ҳамда “Билим” нашриёти директори, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси М.Низановлар нутқ сўзлаб, телевидение, босма ҳамда интернет нашрларида мавзуга оид материалларнинг ёритилишини мисоллар асосида кўрсатиб берди. Матбуот анжумани давомида ОАВ ходимлари тегишли соҳа вакилларидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олди ва айни пайтда Мўйноқ туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини аҳолига аниқ, ишончли ва тезкорлик билан етказиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.