Журналистлар эзгу ғоялар атрофида бирлашса, дунё бирлашади

2019-07-14T04:08:11+00:0010 Aprel, 2019|Умумий янгиликлар|

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла ҲАКИМОВ шу йилнинг 24-30 март кунлари Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳрида “Дунёда тинчлик ва бунда журналистнинг ўрни” мавзуида ўтказилган бутунжаҳон журналистлари конференциясида иштирок этди. Сафар доирасида Жанубий Корея Журналистлари ассоциацияси билан ҳамкорлик келишуви имзоланди. Уюшмамиз раиси билан мазкур нуфузли анжуман ва сафар таассуротлари ҳақида суҳбатлашдик.

—Ана шундай эзгу ҳаракатлар жараёнида журналист сўзи, журналист сўзининг масъулияти, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. Анжуман иштирокчиларининг фикрича, ҳеч шубҳасиз, журналистларнинг ахборот макони ходимлари сифатида бутун дунёда тинчлик барқарор бўлишидаги ўрни беқиёс. Чунки дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида айтилган журналист сўзи мазкур воқеаларнинг омма томонидан қабул қилинишига катта таъсир кўрсатади.

Жанубий Корея Журналистлар ассоциацияси президенти Жунг Кию Сунг ОАВнинг Корея ярим оролидаги тинчликни сақлашдаги ўрни ҳақида шундай фикрларни билдирди: «Биз журналистлар — тарих солномачиларимиз. Лекин ҳар қандай замонда журналист учун эзгу интилишлар ва инсонпарварлик ғояларига дахлдор мавзуларда қалам тебратиш шарафли юмушдир. Бугун бизда ана шундай имконият мавжуд».

Шу маънода, бугунги анжуман нафақат кореялик журналистлар, балки бутун жаµон журналистларининг дунёда тинчлик барқарор бўлишидаги миссияси нақадар улуғ эканини яна бир бор намоён этди.

АҚШ профессионал журналистлари миллий жамияти президенти Жанет Марие Тарқунийо, эркин матбуотни келажак йўлини ёритувчи маёқ, дея таърифлади. Одатда, журналистлар бутун дунё­да жамиятнинг кўзи ва қулоқлари деб юритилади. Журналистлар дипломат эмас. Улар сиёсий партиялар, ижтимоий гуруҳлар қизиқишлари ёки ўз шахсий манфаатлари қобиғида қолиб кетмасликлари лозим. Улар учун асосий мезон — одамларнинг тинч-тотув ҳаёти. Айниқса, воқеалар кўлами салбий томонга бурила бошлаганида, келишувлар ҳеч қандай натижаларга олиб келмаганида ёки вазият ўта чигаллашганида журналист воқеалар ривожини ўз хулосаларига таянган ва пухта текширган ҳолда ёритиши лозим. Журналист фақат биринчи бўлиб хабарни етказишгагина эмас, балки ўзи билдираётган хулосанинг қонунчиликка, халқаро ҳуқуқ нормалари ва, умуман, инсонийликка нечоғлик тўғри келишига ҳам эътибор қаратиши даркор.

Индонезия журналистлар ассоци­а­­циясининг одоб кенгаши аъзоси Тегуҳ Сантос Корея ярим оролидаги тинчликни сақлаш режасини ёритишда айнан оддий одамларнинг, яъни халқ манфаатлари, орзу интилишлари етакчи ғояга айланиши лозим, деб ҳисоблайди. Баъзида биз зиддиятли вазиятларни муайян тарафлар томонидан туриб ёритишга уринамиз. Журналист янги можароларни келтириб чиқарувчилар ва бундан тор мақсадлар доирасида фойдаланувчилар домига тушиб қолмаслиги, аксинча зиддиятли ҳолатларда теран ва холис фикри билан омма онгига ижобий таъсир кўрсатиши лозим.

Хитойнинг SMG ахборот маркази директори ўринбосари Зу Хиаоқианнинг фикрича, биз, журналистлар дунёда содир бўлаётган воқеаларга нисбатан ўзимизнинг холис фикримизни билдиришимиз ва биз билдирган фикрнинг ана шу воқеаларнинг омма томонидан қабул қилинишига катта таъсир ўтказиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Германиянинг Die Welt (“Дунё”) журнали репортёри Тереза Пфуетзнер бу борадаги фикрларни давом эттириб, биз, журналистлар ахборот тайёрлаш ва уни узатишда реал воқеликдан келиб чиқиб иш тутишимиз лозим, дейди. Воқеани айнан содир бўлаётганидек шарҳ­лашимиз зарур. Бу каби нозик масалаларда бизнинг воқеаларни қандай шарҳлашимиз кўп нарсани ўзгартириб юбориши мумкин.

Мулоқотлар давомида, кўп бора таъкидландики, глобаллашув жараёнлари тобора кучайиб бораётган ҳозирги пайт­да оммавий ахборот воситалари, жумладан, журналистларнинг яқин ҳамкорлиги, касбий биродарлиги, холислиги янада муҳим аҳамият касб этмоқда, башарият олдидаги масъулияти тобора юксалмоқда. Журналистлар қўлни қўлга берса, эзгу ғоялар атрофида бирлашса, дунё бирлашади.

— Сиз ҳам конференцияда ўз маърузангиз билан иштирок этдингиз. Маърузада нималарга кўпроқ эътибор қаратдингиз?

— Энг аввало, мазкур конференцияда мамлакатимиз номидан иштирок этишда амалий ёрдам кўрсатгани учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига миннатдорлик билдираман. Мен ўз сўзимда анжуман мавзуси ўта муҳимлигига алоҳида эътибор қаратдим. Бугун бутун жаҳон аҳли дунёда тинчликни асраш борасида бош қотирмоқда. Шундай бир шароитда Корея ярим­оролида тинч­лик насими эсаётгани, икки корейс давлати ўртасида ишонч муҳити вужудга келгани албатта биз, ўзбекларни ҳам қувонтиради. Халқимизда шундай бир ҳикмат бор: “Икки кишининг бўлса-да, орасига совуқчилик солиш — энг катта гуноҳ. Икки кишини бўлса-да, яраштириб қўйиш — энг улуғ савоб”.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг энг яқин стратегик шериги. Юртимизга энг кўп сармоя (инвестиция) киритган мамлакат. Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг етмишдан ортиқ компаниясининг ваколатхоналари бор. Корея инвестицияси иштирокидаги беш юздан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда икки мамлакат раҳбарлари 14 маротаба учрашгани ҳам икки томонлама муносабатларнинг юксак динамикасидан далолат беради. Шу боис биз — ўзбеклар ҳам ушбу минтақада тинчлик ва барқарорлик мустаҳкам қарор топишидан манфаатдормиз.

Мен Корея яримороли биздан узоқда жойлашган бўлса ҳам, корейс халқи биз учун бегона эл эмаслигини айтдим. Ўтган асрнинг 30-йилларида ўн минглаб корейслар Узоқ Шарқдан Ўзбекистонга кўчирилган. Ҳозир Ўзбекистонда уларнинг сони 200 минг нафардан зиёд.

Юртимизда уларнинг тили, маданияти, урф-одатларини асраб-авайлаш, ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Республика корейслари миллий-маданий ассоциацияси ишлаб турибди. Ўз она тилидаги “Корё Синмун” газетасига эга. Улар ягона Ватан — Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида фаолият юритиб, унинг ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиб келаётир.

Ўзбекистонда, айниқса, сўнгги икки йил мобайнида ҳаётнинг барча соҳаларида улуғ ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тинчлик, барқарорликни сақлаш масаласига, миллатлараро муносабатлар, диний бағрикенгликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш йўлида дадил қадамлар ташланди.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида, энг аввало, минтақадаги давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатлари самарали йўлга қўйилди, Афғонистон муаммосини ечиш бўйича Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида муҳим ташаббусларни илгари сурди. Бу ташаббусларнинг барчаси ўзбек журналистлари учун энг қайноқ ва энг долзарб мавзу сифатида қабул қилинган.

Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, штаб квартираси Сеулда жойлашган Осиё журналистлари ассоциацияси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни «2018 йил одами» деб эълон қилди. Бу эътирофга Ўзбекистон Президенти инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қўшни давлатлар билан фаол ҳамкорлик ўрнатиш ва Марказий Осиёда тинчлик ва тотувликни асрашга қўшган катта ҳиссаси учун сазовор бўлди. Бунинг учун Осиё журналистлари ассоциа­циясига журналистлар номидани миннатдорлик билдирганимда, анжуманнинг барча иштирокчилари катта олқишлар билан муносабат билдирди.

Мен ўз сўзимни буюк мутафаккир бобомиз Мир Алишер Навоийнинг қуйи­даги дурдона сўзлари билан якунладим: Яхши инсонларнинг бир-бири билан яқинлашувига уларнинг яхши сўзлари сабаб бўлади. Шу билан бирга, сўз одамни ҳалок қилиш хусусиятига ҳам эга.

Биз — журналистлар дунё тинчлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга интилар эканмиз, ноҳақ сўз жамиятни ҳалокатга элтувчи куч эканини ҳам унутмаслигимиз зарур.

— Анжуман дастурида Жанубий Кореянинг яна бир қанча шаҳарлари билан танишиш кўзда тутилган экан…

— Ҳа, анжуман доирасида меҳмон мамлакатнинг бир қатор шаҳарларига ҳам бордик. Масалан, Сежон шаҳри Кореяда мавқеига кўра, иккинчи ўринда турар экан. Асосий қисми тоғлардан иборат бу шаҳарга кўркам Айиқ водийсидан кириб борилади. Аввалида адирликда ястаниб ётган Ботаника боғини томоша қилдик. Шу ерда Сежон мэри Лее Чон-Хее “Ақлли шаҳар” концепция­си асосида барпо этилаётган янги маъмурий марказ ҳақида гапириб берди. Мақсад — юксак тараққиёт бир жойда тўпланиб қолишига барҳам бериш, айни пайтда ҳудудларни янада ривожлантириш. Сежон тамомила янгидан қурилмокда. Бу ҳақда Жанубий Корея ҳукумати 2005 йилда махсус қарор қабул қилган. Шаҳар мэри берган маълумотларга кўра, ҳозир у ерга мамлакатнинг етмиш фоиз вазирлик ва идоралари кўчиб келган. Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги каби бешта муҳим бошқарув тизими Сеулда қолган. Сежон инновацион технологиялар юксак ривожланган “Smart сitу”  марказига айланади. Шу билан бирга, экологик тоза шаҳар бўлади.

Чуллабукто вилоятидаги Семангем шаҳри мэри Сонг Ха Жунг билан учрашдик. Семангем Сарик денгиз орасида қуруқликдан эллик километр ичкарида жойлашган орол бў­либ, у ерга денгизни ёриб ўтган 34 километрлик йўл орқали борилади. Бу йул замонавий технологиялар воситасида сувни қочириш йўли билан қурилган. Дамба усулида денгизда барпо этилган йирик иншоот сифатида 2010 йилда Гиннес рекордлар китобига киритилган.

Жанубий Кореянинг табиий бойликлари деярли йўқ. Мутахассисларнинг фикрича, Корея инсон интеллектига эътибор, юқори маълумотли ва ўта малакали муҳандис ва хизматчиларни тарбиялашга қаратилган миллий малака ошириш дастури туфайли юксак ютуқларга эришаётган давлат.

Олимлар шаҳри — Тежондаги Корея электроника ва телекоммуникациялар тадқиқотлар инс­титутининг кўргазмалар залига борганимизда замонавий нанотехнология янгиликларидан хабардор бўлдик.

Тежон — илм шаҳри. Халқаро рейтинг ўнталигига кирган, беш юзга яқин илмий тадқиқот институти бор. Бу ерда 8 минг илмий ходим ишлайди.

Инчон ҳудуди мегаполис сифатида муҳташамлиги билан ажралиб туради. Мана шу ҳудудга қарашли Сонгдо шаҳри Орол устида барпо этилган. Бу ерда ҳукумат қарори билан 2013 йилда эркин иқтисодий ҳудуд ташкил этилган. Шу ерда очилган Ўзбекистон — Корея бизнес марказида бўлдик. Ўттиз уч қаватли бинонинг йигирма тўққизинчи қаватида жойлашган бизнес маркази ўтган йилнинг ноябрь ойидан иш бошлабди. Асосий фаолияти — Ўзбекистон экспорт имкониятларини Корея ишбилармон доираларига кенгроқ таништириш. Шу мақсадда мунтазам фаолият юритувчи кўргазма ташкил этилган. Кўргазмага Ўзбекистон ҳунармандчилик маҳсулотларидан то кимё саноати, тўқимачилик маҳсулотларигача жойлаштирилган. Туризм салоҳияти, тарихий маданий ёдгорликлар тарғиботи йўлга қўйилган. Марказ бошқарувчиси Лининг айтишича, бу ерда доимий равишда конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Кўплаб ишбилармонлар марказда бўлгач, Ўзбекис­тонга сафар ҳаракатини кўришмоқда.

Бугун 13 минг 500 талаба билим олаётган Инчон Миллий университети келажакда 80 фоиз хорижлик талаба ўқийдиган масканга айланади. Талабалар сони 20 минг нафарга етказилади. 30 дан ортиқ кўпқаватли ва кўркам биноларга жойлашган мазкур дорилфунунда ҳозир 30 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олаяпти. Талабалар мансуб бўлган мамлакатлар байроғи тикилган университет йўлагидан кета туриб, Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турганини кўриш кўнгилга алоҳида завқ бағишлайди, албатта.

— Мамлакатларимиз журналистлари ташкилотлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишуви ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз…

— Ҳа, сафаримизнинг энг муҳим аҳамиятига эга жиҳати айнан мамлакатларимиз журналистлари ўртасида доимий алоқаларни ўрнатиш билан боғлиқ маросим бўлгани рост. Биз Корея Журналистлар ассоциацияси вакиллари билан бу борада аввал бир марта Москвада кўришганимизда, фикрлашиб олган эдик. Кейинчалик электрон воситалар орқали музокаралар олиб бордик.

Ниҳоят Сеулда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Корея Журналистлар ассоциацияси  ўртасида журналистика соҳасида ҳамкорлик бўйича келишув имзоланди. Келишувдан мақсад — мамлакатларимиз оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, журналистлар учун медиа турлар, ОАВ соҳасидаги муҳим ва долзарб масалалар бўйича ахборий сафарлар ташкил қилиш. Мамлакатларимизнинг йирик ОАВ ўртасида ўзаро борди-келдилар, ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш. Янгиланишлар жараёни ҳақида ўзаро ахборот айирбошлаш, ўзбек журналистларининг Корея Республикасининг йирик ОАВда малака оширишини ташкил этиш, таниқли кореялик журналистларнинг мамлакатимизда маҳорат дарсларини ташкиллаштириш. Шунингдек, ОАВ фаолиятига дахлдор бошқа ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш. Бу чора-тадбирлар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимларининг замонавий билим-кўникмалари, малакалари ошишига хизмат қилади.

Суҳбатимиз якунида сафар давомида ёзилган бир шеъримни газетхонлар ҳукмига ҳавола қилишни истар эдим:

 

     ЎЗБЕКИСТОН – ҚУРИЯ

 

    Кореялик иним Жун Кию Сунга

Дейдиларки, бир инсондай яшай десанг,

Сева билгин бу ҳаётда, сева севил.

Ўавоқушдан тушгандаёқ кўнглим ясан,

Юрагимда пишган сўзга ўхшар Сеул.

 

Мен билмайман, бу ёқларга бир замонлар

Сувон Мели1  боболари келганмикан.

Мева-чева, китоб ташиб зўр карвонлар,

Сувон2  деган ном ўшандан қолганмикан?

 

Бир шаҳарга бордик яна, кўп муҳташам,

Томига ой тегиб ўтар, номи – Сежон.

Яхши кўрса “жоним” дейди ўзбеклар ҳам,

“Жонинг керак” деса, садқа қилгуси жон.

 

“Отинг не?” деб мен бир қиздан сўраган чоқ,

Қийғоч боқиб, майин кулиб дер: “Униби”.

Яхши эмас, дейман, сўзни бузиб айтмоқ,

Асли сенинг отинг бўлар Уллибиби.

 

Гапни гапга улаб турсак кула-кула,

Дугонасин исми унинг Хони экан.

Мен айтдимки, аёлларга меҳр ила

Бизда бир сўз айтмак русм “хоним” деган.

 

Ҳар кунга бир ҳикмат берган Қодир Эгам,

Пайшанбангнинг завқи кетмай келар жуманг.

Бизда ким кўп, Жумабой кўп, корейсларда

Боласини мард бўлсин деб атар Жумонг.

 

Йигитларин отлари ҳам ажаб турар,

Бирови — Хун, ул бири — Тун, бул бири — Тонг.

Бир-бирини кўрса, бошин ерга урар,

Ана — иззат, мана — ҳурмат, қотасан донг.

 

Бошин ҳадеб эгаверса, бир пуштига

Ўзбек бобо деганмикан: “Бор, қури-я”.

…Бу-ку ҳазил. Лекин жаҳон айвонида

Мангу бордир Ўзбекистон, бор Қурия!

 

Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!

Жобир ХЎЖАҚУЛОВ

суҳбатлашди.

1. Адабиётшинос олим.

2.Кореядаги шаҳар номи.

Шарҳ қолдириш