Журналистлар билан кўпроқ учрашамиз

2019-09-10T11:44:56+00:0010 Sentabr, 2019|Навоий вил.|

Ўзекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида масъул идора ва ташкилотларнинг олиб бораётган фаолиятлари, соҳалар кесимида келиб чиқаётган муаммолар юзасидан матбуот анжуманлари ташкил этилиб келинмоқда.

Навоий шаҳридаги “Coworking” марказида ана шундай тадбир вилоят Қурилиш бош бошқармаси ва Транспорт бошқармаси вакиллари иштирокида ўтказилди. Дастлабки анжуман Қурилиш бош бошқармаси мутасаддилари билан ўтказилиб, улар ўз фаолиятлари юзасидан йиғилганларга ахборот берди.

Мазкур тизим ва унинг шаҳар-туман бўлимларида бугунги кунда 50 нафар мутахассис иш олиб бормоқда. Улар томонидан 2018 йил давомида объектлар қурилиши ва реконструкцияси учун 1224 та архитектура-режалаштириш топшириқлари бажарилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу борадаги ишлар қарийб мингдан ошди.

Йиғилишда ҳудудлар қурилиши бўйича Бош режа лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда Президентимизнинг 2019 йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифлари давомида берилган топшириқлар ижроси бўйича маълумотлар берилди.

Очиқ мулоқот давомида журналистлар мутасаддилардан жойларда “снос”лар,  баъзи янги уйларнинг сифатсиз қурилгани каби масалаларда аҳоли мурожаатлари ўрганилганида, афсуски бошқарманинг тегишли вакилларини топишда қийинчиликлар туғилаётгани, соҳа эгалари ахборот беришдан ўзини олиб қочиш каби ҳолатлар кўзатилаётни бўйича изоҳ сўрашди.

—Навоий шаҳрида жорий йилда “Ёшлар хиёбони” қурилиб, яқинда фойдаланишга топширилди, — дейди “Севимли” телеканалининг вилоятдаги мухбири Ширингул Асоева. —Бугунги кунда минглаб шаҳарликларнинг севимли маскани саналади бу жой. Бироқ, у қурилгунга қадар, унинг ўрнида бўлган дарахтларнинг кесилиши ва бошқа ҳолатлар аҳоли томонидан ижтимоий тармоқларда ҳам, матбуотда ҳам танқид қилиб келинди. Нега бу ерда келгусида бўладиган иш ҳақида аввалдан ОАВ вакилларини ва аҳолини йиғиб ахборот – тушунтириш берилмади, Нима учун кўплаб шу каби лойиҳалар тўсатдан бошланиб кетади-ю,  бундан одамлар аввал бошдан огоҳлантирилмайди?

—Илгари журналистлар билан ҳамкорликка эътибор бермаганимиз ҳақиқат,— дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари, вилоят бош архитектори Озод Шодиев. –  Эндиликда бу борада алоҳида иш олиб боряпмиз. Махсус дастур тузиб, ҳар бир мутахассис – туманлардаги вакилларимиз ҳам соҳадаги ҳар бир янгилик юзасидан ОАВда чиқиш қилиши лозимлиги белгиланади. Шунингдек, журналистлар учун ўтказиладиган тадбирларни кўпайтирамиз.

 

Транспорт бошқармаси масъуллари билан ўтказилган  навбатдаги  матбуот анжумани ҳам анча қизиқарли ва савол-жавобларга бой ўтди. Бошқарма вакиллари ўз фаолиятлари ҳақида тўхталар экан, вилоятда йўловчи ва юк ташиш хизмати сифатини ошириш борасида қилинаётган ишларга эътибор қаратишди.

Воҳада ҳозирги кунда 193 та юк ва йўловчи ташиш корхоналари, жами 7278 та лицензияланган автотранспорт воситаси бор. Уларнинг 5 минг таси сариқ “такси”лардир. Жорий йилда вилоятда 14 та янги автобус йўналишларини ташкил этиш, Навоий шаҳрида янги автостанция қуриш режалаштирилган. Ҳозиргача “Шарқ” автостанциясида қурилиш ишлари якунига етказилди ва 9 та йўналишда автобус қатнови йўлга қўйилди.

Журналистлар “Такси ҳайдовчиларига “Маънавият соатлари” ўтиладими?”, “Тумандан шаҳарга қатнайдиган автобус бузилса ёки “тўйга айтилса” белгиланган графикда қатнов амалга ошмайди, одамлар кўчада қолади. Бу ҳолат кимнинг назоратида?”, “Туманларда ҳам намунали автостанциялар қуриладими” каби саволлар билан масъулларга мурожаат қилишди.

—Автобус ҳам енгил автомобиль ҳам жисмоний шахсга тегишли, – дея изоҳ берди бошқарма бўлим бошлиғи Шерзод  Хўжамов мазкур ҳолатларга. – Масаланинг чигал томони ҳам шунда. Шунга қарамай бошқармамиз тегишли ҳамкор органлар ва уюшма вакиллари билан ҳамкорлик олиб бормоқда. Вилоятимизда йўловчи ташиш хизмати кўрсатувчи давлат унитар корхонаси тузилди.  Яқинда Навоий шаҳрига мазкур корхонанинг 50 та автобуси олиб келинади. Мазкур автобусларда ҳайдовчиларнинг кийинишидан тортиб муомаласига қадар – ҳаммаси ҳисобга олинади.

Йиғилишда бошқарма томонидан қилинаётган ишларнинг салмоғи кўплиги, бироқ бу саъй-ҳаракатлар матбуотда кўринмаётгани тилга олинди. Журналистлар билан ҳамкорликни кучайтириш келгусида аҳолидаги транспорт тизими билан боғлиқ бир қатор саволларга ўз-ўзидан ечим бўлиши таъкидланди.

Озод МУСТАФОЕВ.