Журналистлар ҳарбийлар ҳузуруда

2020-01-14T07:37:52+00:0014 Yanvar, 2020|Умумий янгиликлар|

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни катта тантана қилинмоқда. Ҳарбий қисмларда, турли идора ва ташкилотлар ташкил этилаётган тадбирларда кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар иштирок этмоқда. Шундай тадбирлар бири Уюшманинг Жиззах вилояти бўлими томонидан Фориш тоғ полигонида жойлашган ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган аскарлар билан журналистларнинг учрашуви ташкил этилди.

Учрашувда узоқ йиллардан буён журналистика соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган устоз журналислар – “Жиззах ҳақиқати” газетасининг адабий котиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби Абдулла Ахмедов, кўп йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ахборот” информацион дастури Жиззах вилояти бўйича мухбири вазифасида ишлаган, бугунги кунда эса Жиззах вилоят телерадиокомпанияси мухбири Илҳом Холматов, шунингдек вилоят радиоси муҳаррири, шоира Латофат Жўрабоева ва бошқалар Ватан ҳимоячиларини байрам билан табриклаб, ўзларининг ижодий фаолиятлари билан боғлиқ қизиқарли воқеалар билан ўртоқлашдилар.

Айтиш жоиз, бугун ҳар бир соҳага янги авлод вакиллари кириб келмоқда. Мазкур учрашувга аллақачон ўз ижодий ишлари билан вақтли матбуот ва оммавий ахборот воситаларида қатнашиб келаётган, шунинг билан бирга келгусида Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилишни ўз олдига мақсад қилган ёшларимиздан, Жиззах шаҳрида жойлашган ички ишлар вазирлигига қарашли академик лицейнинг  3-босқич ўқувчилари  Хусния Умурзоқова ва Феруза Абророва Ватанни улуғловчи шеърларини ўқиб бердилар.

Жиззах вилоят мусиқали драма театри артисти, хонанда Вазира Мирзаева томонидан ижро этилган қўшиқлар эса барчага байрамона кайфият бағишлади.

Нодира АЛИМОВА,

 Уюшманинг вилоят бўлими мутахассиси.