Журналистлар АЭС қурилиши учун танланган майдонга ташриф буюрди

2019-09-09T09:50:02+00:009 Sentabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Яқинда Энергетика вазирлиги ва “Ўзатом” агентлиги  томонидан масс-медиа ва блогсфера вакиллари учун  пресс-тур  ташкил этилди.

Хусусан, ўзбекистонлик бир гуруҳ блогерлар, журналистлар, энергетика соҳаси ва турдош соҳалар мутахассислари ва бошқа манфаатдор шахслар Жиззах вилоятининг Фориш тумани Тузкон кўли яқинидаги АЭС қурилиши учун танланган устувор майдонга ташриф буюрди.

Таъкидлаш жоиз, иштирокчилар  таркиби кўнгили равишда тузилди. Яъни у барча хоҳловчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Ўзатом” агентлигининг расмий почта манзилларга йўлланган буюртмалар асосида шакллантирилди.

Сафар давомида иштирокчилар Ўзбекистонда АЭС қурилиши истиқболлари билан танишди, қурилиш жойида олиб борилаётган муҳандислик-қидирув ишларининг иккинчи босқичи ҳақида амалиётчи мутахассислар, олимлар ва экспертлардан бевосита ахборот олишди.

Айни пайтда Россиянинг “Aтомстройэкспорт” корхонаси ва “OzGashkLITI”  DUK мутахассислари ушбу ҳудудда геофизик ва сейсмологик ишларни олиб бормоқда. Тадқиқот натижалари ўрганиб чиқилади ва уларнинг асосида атом электр станциясининг техник ишланмаси давом эттирилади. Техник лойиҳа асосида муҳандислик тадқиқотларини олиб бориш дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, ходимлар ва техникани сафарбар қилиш бошланди.

– Биз ҳар бири 250 бетли бўлган 18 томдан иборат ҳисобот топширдик, – “Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри давлат лойиҳа илмий тадқиқот институти” давлат унитар корхонаси(OzGashkLITI) бош директори Йўлдош Маърупов.  – МАГАТЭнинг ўта қатъий талабларидан ҳар бири бўйича 1000 та далил берилди. МАГАТЭ томонидан улар мавжуд бўлган тақдирда АЭС қурилиши муаммоли бўладиган 15 та “номақбул омил” келтирилган. Бизнинг майдончамиз эса  уларнинг 14 тасидан холи.  Бу дунёда камдан-кам ҳолларда учрайди. 15- омил эса ер ости сувларининг ер сатҳидан 6-12 метр чуқурликда жойлашуви муҳандислик усули билан осон ҳал қилинади.

Экспертларнинг айтишича, ерости платалари бир йилда 10 миллиметргача суриладиган ва 9 баллдан зиёд зилзила юз бериши эҳтимоли бор жойда атом электр станцияси барпо этиш мумкин эмас.  Сейсмология институти вакили В.Исмоиловнинг таъкидлашича, танланган майдонда бундай хавф йўқ.

Умуман олганда, устувор майдондаги муҳандислик тадқиқотларини 2019 йилнинг охиригача якунига етказиш режалаштирилган. Уларнинг натижалари  эса Атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш (АМТБ) асосини ташкил этади.

Бунда ишлар режасига мувофиқ, 2020 йилнинг охиригича АМТБ ишлаб чиқилади ва жамоат эшитувига қўйилади. Юқорида тилга олинган муҳандислик-тадқиқот ишлари натижаларига кўра, мазкур майдонга рухсат олиш учун тегишли материаллар ядровий ва радиацион хавфсизлик органи – Давлат саноат хавфсизлиги қўмитасига юборилади.

“Ўзатом” агентлиги маълумотига кўра, яқин кунларда ОАВ ва жамоатчиликни Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги ислоҳотлари билан таништириш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти ва “Ўзатом” агентлигининг Атом технологиялари бўйича ахборот марказига ҳам  пресс-тур уюштирилади.

Эслатиб ўтамиз, шу йил июль ойида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан  “Ўзбекистон фуқаролари атом электр станциясини қуриш ҳақида” мавзусида тадқиқот ўтказган эди.

Қатор соҳа ва тармоқларда фаолият кўрсатаётган турли ижтимоий гуруҳларнинг вакиллари иштирок этган тадқиқот натижасига кўра, респондентларнинг ярмидан кўпи (69,5%) атом энергияси ҳақида етарлича маълумотга эга. Респондентлар энергетикага бўлган эҳтиёжларни қондириш ва газ каби табиий  ресурсларни тежашда тинч атомни қўллаш муҳимлигини таъкидлаган.

Бинобарин, сўров натижасидан мамлакатимиз фуқаролари биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича қарорни қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. Аҳамиятлиси шундаки, респондентларнинг 83 фоизи “Мен Ўзбекистонда қуриладиган биринчи АЭС билан фахрланаман” ва 85,6 фоизи “Мен АЭС фаолиятини қўллаб-қувватлайман” деган фикрга қўшилган. Ҳар иккинчи респондент (55,7 %) иншоот қурилишида ёки АЭСнинг ўзида ишлашга хоҳиши бор экан. Бу истак, айниқса, ёшлар томонидан кўпроқ (71,6 %) билдирилган.

Саид МАХСУМОВ.