Журналистикани аудиторияда ўрганиб бўлмайди

2019-04-24T09:39:58+00:0024 Aprel, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўтган йили давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида “Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу — замон талаби, ислоҳотларимиз талаби”, деб алоҳида таъкидлаган эди.

Орадан қарийб бир йил ўтди. Таҳририятимиз шу муносабат билан таниқли журналист Фармон Тошевга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди.

  1. “Тўртинчи ҳокимият” ўз мақомига тўла эриша олмаётганига сизнингча сабаб нимада?
  2. Даврий нашрлар, айниқса, газеталарни солиштириб кўрилса, бир-бирини такрорлайдиган жиҳатлар, ёндашувлар кўп. Ўар бир нашрнинг ўз йўналиши, услуби-ю қиёфаси бўлиши керак эмасми? Бунга тўлиқ эришиш қийинми?
  3. Соҳа кадрларининг (нафақат ёшлар, катталарнинг ҳам) малакасини ошириш, тажриба алмашиш масаласида тизимли ишларни йўлга қўйиш бўйича қандай ишларни рўёбга чиқариш лозим деб ҳисоблайсиз?
  4. Журналистика факультетини битириб келаётган ёшлар давр талабига жавоб бера оладиган дунёқараш, билимга эга дея оласизми? ўқитиш тизимида қандай янгилик, ўзгаришларни амалга ошириш зарур деб ҳисоблайсиз?
  5. Давлат органларининг оммавий ахборот воситаларига муносабатини қандай баҳолайсиз?

“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари

бош муҳаррири Фармон ТОШЕВ:  

  1. “Тўртинчи ҳокимият”нинг асосий вазифаси одамларда жамият ва ўз тақдирига нисбатан ижтимоий фикр уйғотиш. Бизда буни кўпинча фақат танқид қилиш керак, деб тушунилади. Фуқарога ўз ҳақ-ҳуқуқини, бурчини тушунтириш ҳам, қандай яшашни ўргатиш ҳам бизнинг зиммамизда. Фақат ОАВ бу ишни воқеалар жараёнини ёзиш орқали амалга оширади.

ОАВ обрўсининг асосий мезони унга мурожаат қилувчилар сони билан бевосита боғлиқ. Бу борада бизда сезиларли ўзгаришлар бўлаётир. Деярли барча ОАВ халқ фикрини бера бошлади. Қўшиб ёзиш, тўрачилик фош қилиняпти. Реал ҳаётимиз ҳақида маълумотлар чоп этиляпти. Тан олиш керакки, ижтимоий тармоқлар бу борада анча фаол.

“Тўртинчи ҳокимият” ўз мақомига тўла эриша олмаяпти, деган фикр ҳам  менимча, нисбий. Чунки ОАВ ҳар бир тизим, давлат ва минтақада ўзига хос ўрнига эга. Айрим мамлакатларда ОАВ фақат ахборот тарқатиш билан шуғулланса, баъзиларида журналистиканинг бош­қа жанрлари устун. Бир давлатдаги нашрлар фақат танқид берса, иккинчисида танқидий материаллар умуман босилмайди. Бу  борадаги қарашларда шошма-шошарлик билан хулоса чиқариб бўлмайди.

Лекин фаолиятимизни тўла намойиш этиш учун тўсиқлар ҳам йўқ эмас. Айтиш мумкинки, бу тўсиқлар таш­қи томондан бўлмаяпти. Ўзимизни қанчалик оқламайлик, ички цензурадан ҳали қутула олганимизча йўқ. Маҳорат масаласи чатоқ. Муштарийларни муносабат билдиришга ундайдиган, муҳокамага чорлайдиган, уларни қийнаб турган мавзудаги мақолалар жуда кам.

Мисол учун, икки йил давомида катта маблағ эвазига экилган пиёз, саримсоқпиёз ва қалампир тақдири хусусида босма нашрлар деярли ҳеч нарса демади. Баъзи туманларда турар-жойларнинг катта қисми кадастр қилинмаганлиги муаммо эмасми? Унда нега ҳамон жиммиз?

Судлардаги сансалорлик, бир ишни йиллар давомида “кўриш” ҳам эътиборимиздан четда қоляпти.

Бу масалаларга оид муаммоларни дадил кўтариб чиқишга, уларни бартараф этиш бўйича мутахассис маслаҳатини беришга бизга ким халақит қилади?

Демоқчиманки, “тўртинчи ҳокимият”миз — биз, журналистларнинг ҳокимияти. Унинг обрўси ҳам, инқирози ҳам ўзимизнинг қўлимизда. Токи соҳамизда корпоратив ҳамкорлик, ўзаро мулоқот тизимли йўлга қўйилмас экан, кўнгилдаги натижага эришишимиз қийин.

  1. Бундай саволларни беравериб, уларга баҳона кўрсатавериб, чарчадик. Ваҳоланки, тегишли қонунларда расмий ҳужжат ва қонунлар чоп этиладиган нашрлар аниқ белгиланган. Ҳатто маданият ва спорт хабарларини биринчи саҳифага беришни маъқул кўрмайдиган нашрлар бор. Баъзи ҳамкасбларим қизиқарли эмас, балки “гап-сўзсиз”, “Ғурбатсиз” газета чиқаришни маъқул кўришади. Илгари чет эллик “Ғанимлар” билиб қолмасин, деб камчиликларни ёзмасдик. Энди эса давлат раҳбари ҳамма муаммони очиқ айтиб, ўртага ташлагандан кейин, қолаверса виртуал замонда бизнинг ҳаётимизни кечаю кундуз кўриб, кузатиб туришган бўлса, нимадан чўчиймиз?

Бир хил материал билан саҳифаларни тўлдиргани учун “эгизак” нашрлар раҳбарларини ҳеч ким урушмайди, фақат газетхон ўқимай қўяди, холос. Ўқилмаган нашр эса омма эътиборидан маҳкум. Аслида мажбурий обунага қарши кураш шунақа нашр­лар учун бошланган эди.

Соҳадаги камчиликлар аввало соҳа мутасаддилари, ходимлари ўртасида муҳокама қилиниши яхши самара беради. Бош муҳаррирларнинг доимий семинарларини йўлга қўйиш керак.

 

  1. Вилоят газеталари-ку бир амаллаб “кун кўряпти”, аммо аксарият туман нашрларида аҳвол яхши эмас. Уларнинг анчагина қисмини журналистикага алоқаси йўқ кадрлар бошқаряпти. Энг ёмони, уларда услубу ифода ўзгармаяпти, сарлавҳалар ўша-ўша: “Пленум бўлиб ўтди”, “Бахтимиз қомуси”, “Келажакка ишонч”, “Мактабда конференция”, “Қутуриш — хавфли касаллик” ва ҳоказо.

Яқинда яна бир муаммо пайдо бўлди. Бундан ўн йилча илгари барча босма нашрлар давлат унитар корхонаси сифатида қайта рўйхатдан ўтказилди. Аммо улар бюджетдан маблағ олмайди. Бугун эса шу аҳволда ҳам ойликка пул тополмаётган таҳририятлар амалдаги 12 фоиз ўрнига 24 фоизлик даромад солиғи тўлашга мажбур бўлаётир.

Нима қилиш керак?

Биринчидан, республика ва вилоятдаги етакчи журналистлар тумандаги ҳамкасбларига ёрдам бериши керак. Биз бу тажрибани синаб кўряпмиз. Иккинчидан, туман газетасини хонадонларга бепул тарқатиш чорасини кўрмоқ лозим. Китоб ва газета-журнал маърифатнинг муштарак асоси эканини унутмайлик. Учинчидан, Тошкентда ва камида бешта вилоятда журналистик маҳорат мактаблари очиш зарур. Уларда шаҳар ва туман газеталари ходимлари (бош муҳаррир, масъул котиб, мухбир, дизайнер ва ҳисобчи) доимий семинари ишлаб турсин.

  1. Журналистика факультетларида иқтидорли ёшлар кўп. Лекин улар ўзлари танлаган соҳада ишлашни истамайди, чунки маоши жуда кам.

Яқинда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети талабалари билан учрашувда бир йигит америкалик Майкл Жексонда олий маълумот ҳам, нота ҳақида билим ҳам бўлмаган, аммо етук қўшиқчи сифатида танилган, деди. Тўғри, лекин Майклда иштиёқ, шавқ кучли бўлган. Кечаю кундуз қўшиқ айтиш билан шуғулланган, санъат сирларини ўрганган. Меҳнатдан қочмаган. Хўш, бизнинг талабаларнинг қанчаси дарсдан кейин таҳририятларга қатнаяпти? Қанчасининг ҳеч қурса, тўрт қаторлик хабар ёзиш қўлидан келади?

Журналистика аудиторияда ўқитиладиган фан, ўрганиладиган касб эмас.

  1. Вазият олдингидан анча ўзгарди. Лекин муносабат эмас. Аксарият раҳбарлар пиар учун ишлаяпти. Ўзини оқлаш мақсадида ОАВга мурожаат қилади. Танқидни ёқтиришмайди. Кўрсатилган камчиликни тузатишса, ўзларига яхши бўлишини тушунишмайди.

Бизда вилоят ҳокими қаердаки хўжасизлик, тўрачилик, боқибеғамликка дуч келса, энг аввало бу ҳолатга ОАВ ходимлари эътиборини жалб этади. “Ёзинглар, халқ билсин, айбдорлар уялсин”, дейди. Яхши таҳлилий мақолалар муаллифларини рағбатлантириб боради. Бундай хайрли тажриба кенг оммалаштиришга арзийди.

 

Феруза БЕРДИЕВА

ёзиб олди.

Манба: «Hurriyat» газетаси

Шарҳ қолдириш